Наманган давлат университетида ташкил этиладиган «Экобоғ» – вилоятнинг мўъжаз «Швейцария»сига айланиши мумкин!

post-title

Экологик муаммоларга самарали ечим топиш – бугуннинг энг муҳим талаби. Ифлосланиб бораётган ҳаво, камайиб бораётган сув ҳавзалари, йўқолиб бораётган дарахт ва ўсимликлар тури, натижада инсонлар ўртасида кўпайиб бораётган аллергик касалликлар – буларнинг барчаси экологик вазиятни зудлик билан ижобий томонга ўзгартириш заруратини кўрсатмоқда. 

Айнан шунинг учун ҳам Президентимиз ташаббуси билан «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси илгари сурилди. Республикамиз ҳудудларида босқичма-босқич амалга оширилаётган лойиҳа доирасида шу кунгача миллионлаб ниҳоллар экилди. 

Мазкур лойиҳа астойдил қўллаб-қувватланаётган Наманган давлат университетида мақсадга ҳамоҳанг равишда хайрли бир ташаббус ишлаб чиқилди. Яъни, университетда «Экобоғ» ташкил этилмоқда!

Бунда Наманган вилоятининг экология ва биохилма-хилликни муҳофаза қилишга оид муаммоларини бартараф этишга оид илмий-тадқиқотларни олиб бориш, «ex situ» шароитида келиб чиқиш маркази Наманган бўлган эндемик ва ноёб ўсимликларнинг тирик коллекцияларини яратиш мақсад қилинган. 

Қолаверса, «Экобоғ»нинг ташкил этилишидан очиқ амалий дарсларни ташкил этиш орқали таълим сифатини янада ошириш ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, таълим ташкилотлари - университет инновацион корпоратив ҳамкорлиги асосида мақсадли кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш ва университет жозибадорлигини ошириш, ўқувчи, талаба ва фуқароларда табиатни асраб-авайлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид билим ва кўникмаларни янада ривожлантириш каби мақсадлар ҳам назарда тутилган.

Дарҳақиқат, 135х75 метр майдонда ташкил этиладиган «Экобоғ»  ҳудудига 24 турдаги 410 дона дарахт ва бута кўчатлари ўтқазилади. 

Эътиборли жиҳати, экиладиган япроқбаргли ўсимликлар – заранг, шумтол, эман, «Қоғоз дарахти», каштан, шунингдек, «Қрим қарағайи», «Мовий ель», «Сабина арчаси», «Шарқ биотаси», «Устунсимон туя»  каби нинабаргли ўсимликлар ниҳоли. Розмарин, лаванда, Япон беҳиси, Пираканта, Ҳинд настарини каби буталарнинг ўтқазилиши эса боғ ҳудудида ўзига хос атмосфера пайдо бўлишига замин яратади. «Экобоғ»да лола ва ширач бурчаги ҳам ташкил қилинади. Бу ўзига хос манзара касб этиши, шубҳасиз.

- «Экобоғ»нинг ўзига хос вазифалари бор, - дейди университетнинг Биотехнология факультети декани Даврон Деҳқанов. – Боғ ташкил этилиши натижасида ўн еттита фан бўйича очиқ амалий ва лаборатория машғулотларини олиб бориш, Наманган вилоятида тарқалган 75  турдаги эндемик, ноёб ва йўқолиб бораётган ўсимликларни муҳофаза қилиш, дунёнинг бешта қитъасига оид экпозициялар ташкил этиш, ўсимликларни муҳофаза стратегияси, янги навларни яратиш, иқлим ўзгариши ва сув танқислиги оқибатларини юмшатиш бўйича илмий-тадқиқотлар ўтказиш вазифалари белгиланган. Шу билан бирга умумтаълим мактаблари ва академик лицей ўқувчилари учун манзарали ўсимликларни кўпайтириш бўйича «Интеграция маркази»ни барпо этиш ва ўқувчилар ва талабалар билан «Наманган - гуллар ватани»,  «Яшил университетим» каби фестивалларни ташкил этишни ҳам ўз олдимизга қўйганмиз.

Шу ўринда айтиб ўтиш ўринлики, етакчи ва дунёдаги энг тоза мамлакат бу – Швейцария. Бу мамлакатга ҳар йили атмосфераси ва экологияси тозалигидан баҳраманд бўлиш учун жуда кўп сайёҳлар ташриф буюришади. Шу маънода «Экобоғ» – ажойиб ва чин маънода хайрли ташаббус. Яқин орада мазкур боғ Наманган вилоятининг энг мафтункор, энг баҳаво ва энг гўзал маскани, ҳатто, кичик  «Швейцария»сига айланса, ажаб эмас!

Наманган давлат университети «Пресс клуб» 

icon Обуна бўлинг

Бизнинг янгилик ва хабарларга