Таълим ва тарбия - миллат тақдиридир

post-title

Сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижаларига барчамиз гувоҳмиз. 

Жумладан, Наманган давлат университети ҳам дунёнинг ривожланган мамлакатларидаги етакчи олий таълим муассасалари билан халқаро ҳамкорликни йўлга қўйди. Жаҳоннинг олий таълим ташкилотлари фаолиятига оид турли рейтингларда фаол иштирок этиб, тобора юқори ўринларни банд этмоқда. Университетда талаба-ёшлар ва илмий тадқиқотчиларга яратилган шарт-шароит ва имкониятлар, илмий-тадқиқот натижаларини ривожлантириш учун ташкил этилаётган ва режалаштирилаётган илмий ва ишлаб чиқариш лабораториялари ва бошқаларни соҳадаги ислоҳотлар самараси десак, хато бўлмайди. 

Бугун олдимизга университетни янада ривожлантириш мақсадида улкан режаларни қўйганмиз. 

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2023 йил 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Президентимиз томонидан бугун жаҳон миқёсида тараққиёт суръатлари шиддатли тус олгани, ўта зиддиятли жараёнларнинг таъсири мамлакатимизда ҳам сезилаётгани алоҳида таъкидланди. 

Дарҳақиқат, Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари - уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намоёндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққанлар. Биз ҳам жорий йилда зиёлилар маскани бўлган университетимизда амалга ошириладиган энг муҳим вазифаларимиздан бири сифатида профессор-ўқитувчилар, ходимлар ва талабаларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш, Ватанга садоқат, жадид боболаримиз меросини чуқур ўрганиш, ёшлар қалбида давлат рамзларига муҳаббат ва ғурур туйғусини янада кучайтириш борасида аниқ чора-тадбирларни амалга оширамиз. 

Хусусан, “Жадидлар ғоялари янги Ўзбекистон стратегияси билан ҳамоҳангдир!” шиори остида жадид боболаримизнинг шарафли ҳаёт йўлини ифодаловчи “Маънавият ва маданият маркази”ни барпо этиш, театрлар, жадидшунослик кечаларини ташкил этиш билан бир қаторда университет ахборот-ресурс марказларида алоҳида жадид боболаримиз ижодини намоён қилувчи бурчакларни ташкил этишни ўз олдимизга вазифа қилиб қўйдик.     

Куни кеча давлатимиз раҳбари раислигида 2024 йилда таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт соҳаларида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. 

Йиғилишда таъкидландики, профессионал ва олий таълимда касбий кўникмаларни белгилаш ва уларни баҳолаш бўйича янги тизим жорий қилинади.  Яъни талаб юқори бўлган 100 та касб танланиб, Германия, Швейцария ва Буюк Британия тажрибаси асосида касб  стандартлари ишлаб чиқилади. Шунингдек, олийгоҳ, техникум ва коллежларда технопарк, лаборатория ва амалий мономарказлар ташкил этилади.

Янги ўқув йилидан бошлаб техникумларда ўқитиш “Академик” ва “Ишчи касб” таълим конпонентларининг узвийлигини таъминлайдиган янги тизим асосида йўлга қўйилади. Бунда коллеж-техникумнинг 1-2 курсидаги таълим дастурлари, дарсликлари, билимни баҳолаш мезонлари ва муаллимларга  талаблар олийгоҳлар билан бир хил бўлади. Техникумларда ҳам “кредит тизими” жорий қилиниб, фанни ўзлаштириш бўйича  тўпланган “кредитлар” олийгоҳларда тан  олинадиган тизим бўлади. Коллеж-техникумда икки йил давомида етарли “кредит” тўплаган ўқувчилар “2+2” дастурлари асосида  олийгоҳларнинг иккинчи ёки учинчи курсларида таълимни давом эттириш имконига эга бўлади.

Кўриниб турибдики, Президентимиз томонидан белгилаб берилган бу вазифалар ижроси соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқади. Бошқача айтганда, мамлакатимиз профессионал таълим тизими яқин вақт ичида жаҳон стандартлари даражасига кўтарилади. Бу эса ҳар биримизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди.

Табиийки, бугун халқаро алоқаларни янада ривожлантириш, халқаро рейтингларда муносиб иштирок этиш ва таълим дастурларимизни халқаро аккредитациядан ўтказиш орқали талабаларимизга сифатли таълим бериш, илмга асосланган билимни ривожлантириш, кадрларга бўлган бугунги талабларга мос рақобатбардош кадрлар тайёрлаш олдимизда турган энг  муҳим вазифаларимиздир. 

Мамнуният билан таъкидлашни истардимки, шу кунга қадар Наманган давлат университети 70 га яқин хорижий олий таълим муассасалари билан англашув меморандумларини имзолаган. Университетни халқаро даражага олиб чиқиш мақсадида дунёнинг топ-500 талигига кирувчи Туркиянинг Ўрта Шарқ техника университети, Истанбул Техника университети, Италиянинг Саннио университети, Германиянинг Майнц университети билан хамкорлик алоқалари ўрнатилди. Келгусида профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг халқаро алмашинув дастурларидаги иштироки сони 5 баробарга оширилади. 

Айни пайтда Наманган давлат университети GRRENMETRICS (гринметрикс) халқаро рейтингида 790 ўринни эгаллаб турибди. THE ва QS халқаро рейтингларида ҳам ижобий натижаларни кутиб туриб турибмиз. Яқин вақт ичида эса халқаро алоқаларни янада ривожлантириш ва илғор халқаро тажрибаларни амалиётга кенг жорий этиш мақсадида университетда ёшларнинг тил ўрганишлари учун замонавий “Тил ўрганиш маркази” барпо этилади.

Президентимиз таъбири билан айтганда: “Янги Ўзбекистон - мактаб остонасидан бошланади”. Шу сабабли университетга ёш иқтидорларни саралаб олиш, замонавий билим ва тажрибалар ҳамда миллий қадриятлар асосида мустақил ва мантиқий фикрлайдиган, эзгу фазилатлар эгаси бўлган ёшларни тарбиялашда мактаб, техникум ва академик лицейлар билан яқин ҳамкорлик қилиш фаолиятимизда устувор аҳамият касб этади ва бу йўналишдаги хайрли ишларимизни изчил давом эттирамиз. Ёш иқтидор ва истеъдод эгаларини астойдил қўллаб-қувватлаймиз. Университетда ёшларни муносиб рағбатлантириш мақсадида академик лицей ва вилоятимиз мактаблари учун “Ректор кубоги”, “Ректор олимпиадаси” каби тадбирлар ўтказилади ҳамда “Ректор стипендияси” таъсис этилади. 

Маълумки, шиддат билан ривожланаётган жаҳон таълими саҳнасида қулай таълимий муҳитни яратиш, шаффофлик ва адолатни таъминлаш мақсадида инсон омилини камайтиришнинг самарали йўли - бу рақамлаштириш ҳисобланади. Бу борада университетда яқин вақт мобайнида “Очиқ илм-фан платформаси” ишга туширилади. Мазкур платформа 24 та контентни ўз ичига олиб, университетда ўқув-меъёрий, услубий ва илмий-тадқиқот ҳамда ижро ҳужжатларини рақамли мониторинг қилиш имконини беради.

Университет ташкилий тузилмасини замон талабалари асосида қайта шакллантириб бориш, амалдаги тузилмаларнинг иш фаолиятини шаклан ва мазмунан такомиллаштириш ҳамда шунга мос тарзда моддий-техник базани бойитиш ҳам олдимизда турган муҳим аҳамиятга эга вазифалардан биридир. Шу мақсадда 7 қаватли “Инновацион факультет” ўқув биноси, илмий-амалий ўқув полигони мақсадида яратилаётган “Эко-боғ” майдони, 2 та талабалар турар жойлари биносининг қурилиши бошланган бўлса, “Офис регистратор” рақамли хизматлар маркази, 5 та ўқув-илмий лабораториялар, 2 та 200 ўринли замонавий маърузалар хоналари ва мавжуд бўлимлар учун шинам хоналар қурилиши режалаштирилмоқда. 

Бир сўз билан айтганда, Наманган давлат университетини республика ва жаҳондаги ўрни ва нуфузини янада ошириш мақсадида барча имкониятлардан фойдаланамиз. Зеро, таълим ва тарбия уйғунлиги миллатимиз тақдирини, юртимиз ривожини таъминловчи энг муҳим омилдир!

Собитхон ТУРҒУНОВ,

Наманган давлат университети ректори,
 педагогика фанлари доктори, профессор.

 

 

 

icon Обуна бўлинг

Бизнинг янгилик ва хабарларга