Наманган давлат университетида «Маърифат улашиб» лойиҳаси юксак савияда ўтказилди

post-title

Наманган давлат университетида талаба ва ўқувчиларни китоб мутолаасига жалб қилиш, уларнинг бадиий саводхонлиги даражасини ошириш ва бу орқали қалбларида ватанпарварлик, юртимиз келажагига дахлдорлик туйғуларини қарор топшириш ҳамда кучайтириш мақсадида юртимиз бўйлаб ўтказилаётган «Маърифат улашиб» лойиҳаси бўлиб ўтди.

Эрта тонгда университетга ташриф буюрган таниқли адиблар, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари - Нурбой Жабборов, Наби Жалолиддин ҳамда Ахтамқул Каримовларни биринчи проректор Наримон Деҳқанов бошчилигидаги раҳбарият вакиллари тантанали кутиб олдилар.

Меҳмонлар аввало, университет ва унда талабаларга яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар. Шу жараёнда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида барпо этилган “Экобоғ” ҳудудида бўлиб, унинг ўзига хос хусусиятлари ва имкониятлари ҳақида маълумотга эга бўлдилар. Зиё аҳли вакиллари рамзий равишда «Экобоғ» ҳудудига кўчатлар ўтқазишди.

photo_2024-04-23_11-52-31
 

Шундан сўнг адибларга университетда ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб этиш, мутолаа маданиятини шакллантириш, фаол талабаларни рағбатлантириш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва уларнинг натижалари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Маълумки, университетда 2023 йил январь ойидан буён ҳар ҳафта “Бир ҳафтада бир китоб” лойиҳаси амалга ошириб келинмоқда. Шу кунга қадар лойиҳанинг 49 та сони ўтказилди ва унда 15 мингдан зиёд талаба иштирок этди. 343 нафар талаба эса ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олиб, университетнинг «Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси» томонидан умумий миқдорда 30 300 000  сўм миқдоридаги пул маблағлари билан тақдирланди. 

Таниқли ёзувчи ва адиблар бу каби хайрли ташаббуслар ҳақида илиқ фикрларни баён этдилар. Уларга «Ташаккурнома» ва эсдалик совғалари топширилди.

photo_2024-04-23_11-52-33
 

Шундан кейин университетнинг фаоллар залида адиблар Нурбой Жабборов, Наби Жалолиддин ҳамда Ахтамқул Каримовлар билан талабаларнинг учрашуви бошланди. 

Учрашувда адиблар мамлакатимизда адабиётга, маънавиятга берилаётган эътибор ҳақида сўзлаб, адабиёт ва маърифат миллатни юксакларга кўтаришини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Жадид боболаримиз мақсади, ҳаракати, шижоати, юрт учун қилган фидокорлиги ҳақида таъсирчан фикрларни баён этдилар. 

photo_2024-04-23_16-50-48
 

Адиблар ўз ижодларидан намуналар ўқиб бердилар. Очиқ, самимий ва мулоҳазаларга бой ўтган суҳбатлар жараёнида талабаларнинг шеърий машқлари ҳам тингланди. Адиблар иқтидорли, фаол ва ижодкор талабаларга китоблар туҳфа қилдилар. Ниҳоятда кўтаринки руҳ, жўшқин баҳс ва қимматли мулоҳазаларга бой ўтган учрашув сўнггида талабалар адиблардан дастхатлар олиб, улар билан эсдалик учун суратларга тушдилар.

photo_2024-04-23_16-51-05
 

Куннинг иккинчи ярмида «Маърифат улашиб» лойиҳаси Наманган шаҳридаги 1-сонли давлат ихтисослашган мактаб-интернатида давом этди. Шунингдек, Учқўрғон туманидаги 12-умумтаълим мактаби ҳамда Уйчи туманидаги 12-ихтисослашган давлат умумтаълим мактабларида ҳам адиблар билан бўлиб ўтган учрашувлар мазмунга бойлиги билан ўқувчиларда катта таассурот қолдирди.

photo_2024-04-23_16-53-24
 

icon Обуна бўлинг

Бизнинг янгилик ва хабарларга