НамДУ ва Туркиянинг Ўрта Шарқ техника университети ҳамкорлигида қўшма таълим дастури йўлга қўйилади

post-title

Наманган давлат университети делегацияси ўзаро тажриба алмашиниш ва ҳамкорликда таълим, илм-фан соҳасида ўзаро манфаатли шерикчилик асосида стратегик лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Туркия Республикасидаги бир қатор нуфузли олий таълим муассасаларида хизмат сафарида бўлди.

Жумладан, делегациянинг Туркиянинг биринчи рақамли университети ҳисобланган Ўрта Шарқ техника университетида бўлиб, ўзаро стратегик шерикчилик асосидаги аниқ режа ҳамда механизмлар акс этган ҳамкорлик келишувини имзолаганликлари ташрифнинг алоҳида эътиборга молик жиҳати бўлди. 

Ўрта Шарқ техника университети нафақат Туркияда, балки бутун жаҳонда ҳам ўз ўрнига эга. Мазкур ОТМ QS халқаро рейтингида 336-ўринда, THE халқаро рейтингида эса 351-400 ўринда эътироф этилган. 

Делегация аъзолари ташриф доирасида ана шундай юқори илмий салоҳият ва тажрибага эга университетнинг ташкилий тузилмаси ва функционал вазифалари, рақамлаштириш соҳасида амалга оширилган ишлар, профессор-ўқитувчилар, маҳаллий ва хорижий талабаларга яратилган шароитлар, ахборот-ресурс маркази, факультетлар ва уларда ўқув жараёнларининг ташкил этилиши, талабалар турар жойлари, илмий-тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш маркази фаолияти билан яқиндан танишдилар. Мулоқотлар жараёнида ҳар икки университет томонидан таълим-тарбия жараёнларини рақамлаштириш, таълим сифатини янада ошириш, илмий-тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш, ташкилий тузилмаларни оптималлаштириш, моддий-техник базани янада кучайтириш, халқаро алоқалар ва бошқа йўналишларда амалга оширилган ишлар бўйича ўзаро тажриба алмашилди. 

Сўнгра Наманган давлат университети ректори Собитхон Тошпўлатович Турғунов бошчилигидаги делегация ҳамда Ўрта Шарқ техника университети президенти Мустафо Вершан Кўк, президент ўринбосарлари ва ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳаларга масъул соҳа вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. 

Учрашув давомида ҳар икки томон учун манфаатли бўлган ҳамда бугунги кунда кадрларга бўлган ўткир эҳтиёж, меҳнат бозори ва истеъмолчи соҳалар талабларидан келиб чиқиб, аниқ ва қатъий келишувларга эришилди.

Хусусан, эндиликда ҳар икки университетда «2+2» дастури бўйича иккита - кимёвий технология, молекуляр биология ва генетика бакалавриат таълим йўналишлари ва «1+1» дастури бўйича тўртта - кимё технологияси, микро ва нанотехнологиялар, киберхавфсизлик ва бизнес бошқаруви магистратура мутахассисликлари бўйича қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрланади. Ушбу йўналиш ва мутахассисликлар доирасида икки олий таълим ташкилоти ҳамкорлигида қўшма факультет ташкил этилади.

photo_2024-04-28_11-45-47

Шунингдек, ўзаро шерикчилик асосида университетлар илмий-тадқиқот ютуқларини янада ривожлантириш ва Ўзбекистонда уларнинг коммерсиализациясини йўлга қўйиш ҳамда ёш иқтидорлар селекциясини амалга ошириш мақсадида Наманган давлат университетида “Қўшма инновациялар технопарки” ва университетлар раҳбарияти, етакчи профессор-ўқитувчилар иштирокида фан-таълим ва инновациялар соҳасида стратегик ривожланиш бўйича “Экспертлар Кенгаши” тузилади. Халқаро ва миллий рейтингларда муносиб иштирок этиш учун талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг академик мобиллиги ҳамда хорижий стажировкалари йўлга қўйилади. Мавжуд ихтисослашган илмий Кенгашлар таркибига томонларнинг юқори салоҳиятли профессор-ўқитувчилари киритилади ва келгусида қўшма ихтисослашган илмий Кенгашлар фаолияти йўлга қўйилади. 

Ўз навбатида, турли миллий ва хорижий донор ташкилотлар томонидан молиялаштириладиган илмий ва амалий лойиҳаларда ҳар икки университет ҳамкорликда иштирок этади.

Университетларнинг стратегик мақсадлари уйғунлиги ва ҳамкорлик истиқболларининг натижавийлиги ҳар икки делегация томонидан юқори баҳоланди ва стратегик ҳамкорликка асосланган меморандум имзоланди.

icon Обуна бўлинг

Бизнинг янгилик ва хабарларга