Мақсад бир йўналишга – халқни рози қилиш

post-title

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, мурожаатларини тинглаш, жойларда сайёр қабуллар ўтказиш ва бошқа масалалар бўйича секторлар фаолияти йўлга қўйилган. 

Наманган шаҳар прокурори, 2-сектор раҳбари Хуршидбек Адилов томонидан 2023 йил мобайнида ҳудудларда манзилли бир қатор ишлар амалга оширилди. 

Жумладан, сектордаги 16 та маҳалла фуқаролар йиғинларда 70 та сайёр қабуллар ўтказилиб, аҳоли вакилларидан билдирилган мурожаатлар тингланди. Унда қатнашган 576 нафар фуқаролардан келиб тушган 414 та мурожаатнинг 341 таси ижобий ҳал этилган. Шунингдек, сектор ҳудудида истиқомат қилувчи 312 нафар ёшлар билан юзма-юз учрашувларда билдирилган 286 та мурожаатнинг 214 таси ҳал қилиниб, олий таълим муассасаларига контракт тўлови имкони бўлмаган 5 нафар талабага 24 млн. сўм миқдоридаги шартнома пуллари тўлаб берилди. 

- Биз каби ёшларга қаратилаётган эътибор туфайли олий таълимда ўқишимни давом эттиришга умид уйғонди, - дейди “Шодлик” маҳалласидан Туран халқаро университети талабаси Нозима Бозорова. – Менинг мурожаатимни тинглаб, моддий-маънавий ёрдам берган сектор раҳбарига раҳмат айтаман. Оиламда бироз етишмовчиликлар сабаб қийналиб қолган эдим. Боқувчисини йўқотган икки нафар фарзандим бор. Бизга кўрсатилаётган эътибордан келиб чиқиб оилада, жамиятда, ўқишда яхши натижаларга эришишда барча имкониятларимни ишга соламан.

 “Учқун” маҳалласидан “Ёшлар дафтари”даги Билолхон Маҳмуджонов ҳам шу университетда ўқийди. “Озод” маҳалласи фуқароси Мухтасар Дадабоева НамДУнинг иккинчи курс талабаси. Юқорида номлари келтирилганларнинг сектор раҳбарига мурожаатлари бўйича контракт тўловлари тўлаб берилди. 

  Яшаш шароити оғир бўлган, таъмирталаб ҳолатдаги 11 та хонадонни соз ҳолга келтириш юзасидан “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан ҳамда ҳомийлик йўли билан 72 млн. сўм миқдоридаги пул маблағларидан ёрдам кўрсатилди. 

- Ҳақиқатан мен каби қалби ўксик, кам таъминланган оилаларга  кўрсатилган эзгу ишлардан кўнглим  кўтарилди, мақсадимга эришгандай бўлдим, - деб ўзини таништирди “Оби ҳаёт” маҳалласи фуқароси, “Аёллар дафтари” рўйхатида турувчи Тилобат Ҳамробоева. – Мен 2-сектор раҳбари Хуршидбек Адиловга юзма-юз мулоқот давомидаги мурожаатим эътиборсиз қолмади. Абгор ҳолга келиб қолган уй-жойим хавфсизлик талабларига жавоб бермай қолган эди. Хонадонимда мукаммал қурилиш ишлари бажарилиб, тўла таъмирдан чиқарилди. Оиламизга кўрсатилган меҳр-мурувватдан сектор раҳбарига ҳамда ҳомийларга ўзимнинг чексиз миннатдорчилигимни билдираман. 

Яна шу маҳалла фуқароси Гулчеҳра Ҳалимованинг яшаш ҳовлисига уй қуриб берилди. “Озод” маҳалласидан Мунира Лутфуллаеванинг боқувчиси йўқ, икки нафар фарзанди бор. Бу фуқаронинг уйи тўла қуриб, битказилди. Бундан ташқари кўмакка муҳтож бўлган 342 нафар фуқарога 612 млн. сўм миқдорида моддий кўмак пуллари ажратилди.

Коммунал қарздорлиги мавжуд бўлган, оилавий шароити оғир аҳволдаги 192 та хонадоннинг газ, сув, электр ва бошқа турдаги тўловларга жами 792 млн. сўм миқдоридаги харажатлари тўлаб берилди.

Шунингдек, маҳалла фуқаролари билан ўтказилган қабулда субсидия асосида тикув машинаси ҳамда имтиёзли кредит олишда ёрдам сўраган ишсиз, оилавий шароити танг аҳволдаги 458 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. 21 нафар ишсиз аёлларга тикувчилик дастгоҳлари топширилди. Масалан, Даштбоғлик Моҳира Нурматова ҳам шундай имтиёзлардан баҳраманд бўлган аёллардан бири. Унинг икки нафар фарзанди бор. Унга тикув машинасини берилгани фарзанд тарбияси билан машғул бўлиши ва оила даромади учун айни муддао бўлди. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт кечириши учун қулай муҳит яратиш сингари масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Шу мазмунда сектор раҳбарининг жойларда ўтказган сайёр қабулларидаги мурожаатлардан 15 нафар фуқарога эса махсус аравачалар ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан ёрдам кўрсатилган бўлса, таҳсил олаётган, оилавий шароити оғир 56 нафар ёш мактаб ўқув қуроллари билан таъминланди.

  Электр таъминоти оғир бўлган бешта – “Сардоба”, “Ибрат”, “Гулбоғ”, “Заркент”, “Шодлик” маҳаллаларининг ҳар бирига янги трансформатор ҳамда 250 та таянч устунлари ўрнатилди. Ичимлик сувидан муаммо бўлган учта, яъни “Заркент”, “Учқун”, “Ибрат” маҳалла ҳудудларида 670 млн. сўм қийматидаги 4,5 км. масофага янги ичимлик суви тармоқлари тортилди. Газлаштирилмаган ҳудудда яшовчи 56 та кўмакка муҳтож бўлган хонадонларга янги газ балонлари топширилди.

  Экологияни яхшилаш ва шаҳарсозлик андозалари доирасида “Яшил макон” дастури бўйича 52 минг туп манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди.

  2,9 млрд. сўм эвазига таъмирталаб бўлиб қолган 8,8 км. масофадаги ички йўллар асфалтланиб, 15 км.лик ички йўлларга шағал бостирилди.

Сектор раҳбари жойлардаги учрашувларда аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ёшларни тадбиркорликка жалб этиш, бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ва давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида тушунчалар бериб келмоқда.

Насимжон ЮНУСОВ,

Наманган шаҳар

icon Обуна бўлинг

Бизнинг янгилик ва хабарларга