Глобал экологик муаммолар тобора чуқурлашаётган бир вақтда, биз ушбу долзарб мавзуни юртимизда экологик тафаккур тарғиботчиси сифатида танилган профессор Наргис Қосимова билан атрофлича муҳокама қилдик. У Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети профессори, «Эколог» жамоат бирлашмаси раҳбари сифатида ўнлаб экологик лойиҳаларга бош-қош бўлган.
Суҳбат давомида Наргис Қосимова иқлим ўзгаришлари, ҳавонинг ифлосланиши, сув танқислиги, саноат ва экологик хавфсизлик мувозанати, экологик миграция каби масалаларга чуқур илмий таҳлил асосида ёндашди. Шунингдек, экологик саводхонлик, яшилликни сақлаш ва барқарорлик тамойилларини шакллантириш борасидаги ёндашув ва ташаббусларини ўртоқлашди. Бу суҳбат нафақат муаммоларни очиб беради, балки уларнинг ечими сари йўл кўрсатувчи фикрлар, таклифлар ва шахсий ҳаётий фалсафалар билан бойиди.

– Наргис опа, бугунги кунда глобал экологик мувозанатнинг издан чиқишига энг асосий сабаблар сифатида нималарни кўрсатган бўлардингиз? Бу жараёнда инсониятнинг энг катта хатоси айнан нималарда намоён бўлмоқда?
– Бугунги кунда глобал экологик мувозанат издан чиқишининг сабаблари кўп. Аммо энг асосий сабаблар сифатида кенг кўламли саноат фаолияти, айниқса, нефть, газ ва кўмирни ёқиш атмосферага катта миқдорда иссиқхона газларининг чиқарилиши, табиий ресурсларни чексиз ва беқарор равишда истеъмол қилиш, дефорестация, яъни ўрмонларни кесиш каби ҳолатларни санаб ўтган бўлар эдим. Нафақат Ўзбекистон, балки хорижий давлатлар, айниқса, Россия, Амазонка, Осиё ва Африкадаги ўрмонларда катта миқдорда дарахтлар кесиляпти. Бу нафақат биохилмахилликнинг йўқолишига, балки атмосферадаги CO₂ миқдорининг кўпайишига ҳам олиб келмоқда.
Бундан ташқари, табиий ландшафтларни йўқ қилиш орқали инсон яшаш жойларини кенгайтирмоқда. Бу ер ости сувларининг камайиши, қишлоқ хўжалиги ерларининг эрозияга учраши ва иқлимга салбий таъсир кўрсатяпти. Океан ва қуруқликдаги ифлосланиш биологик тизимларга қайтарилмас зарар етказмоқда.
Пластик чиқиндилар табиатда юзлаб йиллар давомида парчаланмайди. Қайта тикланмайдиган энергия манбалари (нефть, кўмир) асосида қурилган иқтисодий тизим атмосферани оғир даражада ифлослантираётир…
Нима учун бундай ҳолатлар юз бераяпти? Инсониятнинг энг катта хатоси нима? Аввало, табиатга «ресурс» деб қараш – бизнинг энг катта хатоимиз. Шу пайтгача инсон табиатни бойлик манбаи сифатидагина қабул қилиб, унинг ўз қонуниятлари ва мувозанатини инобатга олмасдан фойдаланди. Табиат, инсон соғлиғига эмас, балки пулга қадрият сифатида қараш, қисқа муддатли манфаатни устувор қўйиш ҳам хатодир.
Энг асосийси, аҳолининг кўп қисми экологик хавф ҳақида етарли маълумотга эга эмас ёки ўз ҳиссасини қандай қўшишни билмайди. Экологик онгни шакллантириш, экологик маданиятни ошириш учун ҳаракатлар кам, мактаб дастурига «Экология» фани киритилмаган, расмий ОАВ орқали экологик мавзудаги роликлар намойиш этилмайди. Аксарият давлатлар экологияни сиёсий воситага айлантириб, аниқ режа ва мажбуриятлардан қочмоқда.
Хўп, нима қилиш керак? Аввало, қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш, истеъмолни онгли ва барқарор қилиш, экологик таълимни кучайтириш, табиатни муҳофаза қилишни ҳар бир инсоннинг шахсий вазифасига айлантириш шарт.
– Иқлим ўзгариши ҳақида кўп гапирилади, аммо сиз реал фактларга асосланган ҳолда айтинг-чи, Ўзбекистон ҳудудида иқлим қандай ўзгариб бормоқда ва бу жараённинг яқин 10 йилдаги прогнозлари қандай?
– Иқлим ўзгариши – глобал муаммо. Бироқ у ҳар бир ҳудудда турлича намоён бўлади. Ўзбекистон ҳам бу жараёндан мустасно эмас. Ҳароратнинг кескин ортиши, сув ресурсларининг танқислиги, табиий мувозанатнинг бузилиши мамлакат табиий муҳити, иқтисодиёти ва аҳолиси учун жиддий хатар солмоқда.
Сўнгги 100 йилда Ўзбекистонда ўртача йиллик ҳарорат +1.6 °C га кўтарилган. Айниқса, 2010–2019 йилларда бу ўсиш янада тезлашди. 2019 йилда мамлакат ҳудудининг кўп қисмида ҳарорат нормадан +2.3 °C гача юқори бўлди. Оролбўйи минтақасида эса +3.1 °C даража қайд этилди. Иқлимшунос олимлар қайд этишича, бу ўсиш суръати жаҳон бўйича ўртача кўрсаткичдан ҳам юқори.
Янги кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистонда +40 °C ва ундан юқори иссиқ кунлар сони ортаяпти. Яна битта хавф, ҳароратнинг ошиши билан биргаликда, сув танқислиги ҳам кучаймоқда. Расмий манбаларда 2030 йилга келиб мамлакатда сув етишмовчилиги 7 миллиард куб метргача етиши мумкинлиги қайд этилмоқда. Бу, биринчи навбатда, аҳолининг кўпайиши ва аграр соҳадаги сув сарфининг камаймаётгани билан боғлиқ. Амударё ва Сирдарё каби йирик дарёлар музликлардан озиқланади. Ҳарорат ошгани сари бу музликлар эрийди, оқибатда дарёларнинг сув оқими қисқаради. Бу эса нафақат қишлоқ хўжалиги, балки ичимлик суви таъминоти ва энергия ишлаб чиқариш тизимларига ҳам салбий таъсир қилади.
Яқин 10 йилликда, яъни 2025-2035 йиллар оралиғида Ўзбекистонда ҳарорат яна +2.0 °C – +2.5 °C гача ошиб бориши, иссиқ кунлар ва тундаги юқори ҳарорат сони кўпайиши, қор ёғиши ва ёғингарчиликнинг сезиларли ўзгариши, бўронлар ва сув тошқинлари каби кучли табиий офатлар сони ошиши мумкин.
Шунингдек, Орол денгизи тубида Оролқум чўлининг пайдо бўлиши оқибатида мамлакатимизда чўлланиш даражаси ортган. Ўзбекистон ер майдонининг ҳозирча 26 фоиз ҳудуди деградацияга учраган, яъни чўлланиш ва бошқа ер деградацияси натижасида зарарланган.
Иқлим ўзгаришининг Ўзбекистондаги оқибатлари нафақат табиатга, балки иқтисодиёт, аҳоли соғлиғи, озиқ-овқат хавфсизлиги ва миграция масалаларига ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда. Бироқ Ўзбекистон иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва мослашиш йўлида муҳим сиёсий, технологик ва жамоавий ислоҳотларни амалга оширмоқда.
Ўзбекистон 2017 йилда Париж иқлим келишувини имзолади ва ўзининг Миллий мажбуриятлари (NDCs)ни белгилади. Унга кўра, 2030 йилга қадар парник газлари чиқарилишини 35 фоизгача камайтириш режалаштирилган. Шунингдек, мамлакат иқлим ўзгаришига мослашув бўйича ҳам ўз стратегияларини янгилаб бормоқда. Мамлакатимиз қайта тикланадиган энергия манбаларига фаол тарзда ўтаётган давлатлар қаторига киради. 2030 йилга қадар энергиянинг 25-30 фоиз қисми қуёш ва шамол манбалари орқали таъминланиши режалаштирилган. ACWA Power (Саудия Арабистони) ва Masdar (БАА) каби компаниялар билан ҳамкорликда Навоий, Бухоро, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида йирик шамол ва қуёш электростанциялари қурилмоқда. Энергия самарадорлиги ҳам ривожланмоқда — иссиқлик изоляцияси ва энергия тежамкор технологиялар кенг жорий этилаяпти. Айтиш жоизки, иқлим ўзгариши фонида сув стратегик ресурсга айланди. Қишлоқ хўжалигида томчилатиб суғориш ва замонавий ирригация технологиялари кенг жорий этилаяпти. Сувни тежаш учун ирригация каналлари бетонлаштирилмоқда, сув ҳисоблаш тизимлари яратилмоқда. Трансчегаравий ҳамкорлик орқали Амударё ва Сирдарё дарёлари ҳавзаларида сувни барқарор бошқариш бўйича келишувлар амалга оширилмоқда.
Юқорида таъкидлаганимиздек, мамлакат ҳудудининг катта қисми чўл ва ярим чўлдан иборат. «Яшил макон» лойиҳаси амалга оширилаяпти. Оролбўйи минтақасида 1,5 миллион гектар майдонга саксовул, тўғай, туяқароқ ва бошқа чўл ўсимликлари экилаяпти. Бу ташаббус ҳаво чангланишини камайтириш, тупроқнинг эришини чеклаш ва маҳаллий иқлимни юмшатишга хизмат қилади.
Шунингдек, Ўзбекистон 2023 йилда «Иқлим ўзгаришига мослашув Миллий стратегияси»ни қабул қилди. У 2030 йилгача қишлоқ хўжалигида қурғоқчиликка чидамли навлар яратиш, агротехник тадбирлар, сув таъминотида хавф таҳлили ва қайта ишлаш инфратузилмаларини яратиш, соғлиқни сақлашда иссиқликка мос тиббий инфратузилма ва тезкор ёрдам кўрсатиш, экологик мониторингда иқлим маълумотлари базаси, об-ҳаво прогнозларини намоён этишни назарда тутади. Ўзбекистон иқлим ўзгаришига қарши курашда миллий, минтақавий ва глобал даражада аниқ ва масъулиятли сиёсат юритмоқда. Қайта тикланадиган энергия, ерларни тиклаш, сувни тежаш ва жамоатчиликнинг фаол иштирокини бирлаштирган ёндашув иқлим хавфини юмшатишда асосий ўрин тутаяпти. Бироқ бу йўлдаги асосий синов – ижро, барқарор молиялаштириш ва сиёсий ироданинг узвий сақланишидир. Агар бу амалиётлар қатъийлик билан давом эттирилса, Ўзбекистон иқлим хавфларини имкониятларга айлантириши мумкин.
– Ҳавонинг сифати – инсон саломатлигининг асосий омилларидан бири. Ўзбекистон бўйича, айниқса, йирик шаҳарларда ҳавонинг ифлосланиш даражаси қандай ҳолатда ва буни ижобий томонга ўзгартириш учун кўрилаётган амалий чоралар етарлими?
– Ҳавонинг сифати инсон саломатлиги, умр давомийлиги ва ҳаёт сифатининг бевосита кўрсаткичи ҳисобланади. Ўзбекистонда, айниқса Тошкент, Навоий, Андижон, Фарғона, Олмалиқ, Жиззах, Ангрен каби саноати ва аҳолиси юқори шаҳарларда ҳавонинг ифлосланиши жиддий экологик муаммо сифатида намоён бўлмоқда.
Расмий ва мустақил манбалар маълумотларига кўра, 2023-2024 йилларда PM2.5 ва PM10 (заррача ифлослантирувчилар) меъёрдан ошиб кетган ҳолатлар кўп кузатилган. Ўзбекистонда ҳавонинг сифати бўйича IQAir ва Plume Labs каби халқаро платформалар Тошкентни баъзи кунларда “ноқулай” ёки “хавфли” ҳаво сифати категориясига киритган. Олмалиқ, Навоий ва Қарши шаҳарларида саноат чиқиндилари ва қазилма ёқилғилардан фойдаланиш юқори бўлиб, SO₂ (олтингугурт диоксиди), NOx (азот оксидлари) ва CO (углерод оксиди) миқдори меъёрдан юқори бўлган.
Ифлос ҳаво инсон соғлиғига жиддий салбий таъсир кўрсатади. У нафас йўллари ва ўпка хасталикларини кучайтиради, болаларда астма, аллергия ва иммун тизим заифлигини келтириб чиқаради, кекса ёшдаги аҳолида юрак-қон томир хасталиклари ва ҳатто саратон касалликларини ҳам кучайтиради.
Бу борада ҳам Ўзбекистонда ҳаво сифатини яхшилаш бўйича қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунга йирик саноат корхоналарида ҳавога чиқарилаётган моддалар миқдори мониторинг қилиниши, автоматлаштирилган ҳаво назорати станциялари (АҚН) ташкил этилиши, «Ифлословчи тўлов» механизми, яъни ҳавога чиқарилган зарарли моддалар учун корхоналар компенсация тўлаши қатъий назоратга олиниб, кучайтирилмоқда.
2024 йилдан бошлаб Евро-4 ва Евро-5 стандартларига мос автомашиналарга имтиёзлар берила бошланди. Электромобиллар импорти ва ички ишлаб чиқаришга субсидиялар ажратилиб, йўл ҳаракати интеллектуал бошқарув тизимлари жорий этилаяпти (ҳаракатни оптималлаштириш орқали чиқиндилар камаяди). «Яшил макон» лойиҳаси доирасида фақат чўлланиш эмас, балки шаҳар ичида ҳам миқёсли кўчат экиш ишлари олиб бориляпти. 2024 йилдан бошлаб экологик мониторинг маълумотлари онлайн харита орқали жамоатчиликка тақдим этила бошланди.
Аммо бу чоралар етарлими? Албатта, йўқ. Чунки мониторинг станциялари сони чекланган, маълумотлар доимий ва ишончли эмас, қўшни мамлакатлар билан трансчегаравий ҳаво ифлосланиши масалалари ҳал қилинмаган, автомашиналарни техник кўрикдан ўтказиш тизими самарасиз, фуқароларнинг экологик онги ва хавфдан хабардорлиги етарли даражада эмас. Ўзбекистонда ҳаво ифлосланиши бу кўп омилли ва ҳал қилувчи ёндашувни талаб қилувчи муаммо. Олиб борилаётган сиёсат ва лойиҳалар ижобий қадамлар бўлса-да, уларни масъулиятли ижро, очиқлик, жамоатчилик иштирокини кенгайтириш, маълумотлар асосида қарор қабул қилиш билан тўлдириш зарур.
– Ичимлик суви танқислиги бугун айрим ҳудудларда ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли даражага етмоқда. Сув ресурсларининг қисқариши – бу табиий жараёнми ёки нотўғри сарф натижаси? Сизнинг илмий таҳлилингиз қандай хулосаларни кўрсатади?
– Сувнинг етарли ва сифатли бўлиши инсон соғлиғи, қишлоқ хўжалиги, саноат ва барқарор тараққиётнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Аммо бугунги кунда сув ресурсларининг тезлик билан қисқариши, хусусан, Ўзбекистонда ичимлик суви танқислиги жиддий ижтимоий, иқтисодий ва экологик муаммога айланиб бормоқда.
Бу танқислик табиий ўзгаришлар натижасими ёки инсоннинг нотўғри фаолияти оқибатими? Охирги ўн йилликларда глобал иқлим ўзгариши Марказий Осиёдаги сув ресурсларига салбий таъсир кўрсатди. Масалан, қор ва ёмғир миқдори камайгани сабабли музликлар тез эриб, Амударё ва Сирдарё дарёларининг сув оқими йилдан-йилга камаймоқда. Буғланиш даражаси ортиб, табиий сув заҳиралари тез сарфланмоқда. Ушбу жараёнлар сув таъминотига ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмаяпти. Лекин бу муаммоларнинг барчасини фақат табиатга юклаган ҳолда ҳақиқатни тўлиқ акс эттириб бўлмайди.
Сув ресурсларининг камайишида инсоннинг ўзи ҳам айбдор. Ўзбекистонда сувнинг 80 фоизи қишлоқ хўжалигига сарфланади. Эскирган каналлар, очиқ ариқлар орқали сувнинг 40-50 фоиз қисми йўқотилади. 2022 йилда Жаҳон банки томонидан эълон қилинган «Water Scarcity in Central Asia» ҳисоботига кўра, агар ҳозирги тенденциялар сақланиб қолса, 2030 йилгача Ўзбекистон аҳолисининг камида 40 фоиз қисми доимий сув танқислиги шароитида яшаши мумкин.
Ўзбекистон ҳукумати ва халқаро ташкилотлар иштирокида бир қатор амалий чоралар кўрилаётганига барчамиз гувоҳмиз. Аввало, томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш, сув ҳисобини рақамлаштириш, ҳар бир фермер хўжалигида ҳисоблаш қурилмаларини ўрнатиш, трансчегаравий ҳамкорлик орқали Амударё ва Сирдарё манбаларини самарали бошқариш бўйича чоралар кўриляпти.
Шуни англаб етишимиз керакки, ичимлик суви танқислиги – табиатнинг бизга берган синови эмас, балки одамзотнинг ўз хатоларига жавоби. Агар сувни оқилона бошқаришга ўтмасак, ҳозирги авлодгина эмас, келажак авлод ҳам сувсиз қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам бугунданоқ ишончли, илмий асосланган ва адолатли сув сиёсатини амалга ошириш – миллий барқарорликнинг кафолати бўла олади.
– Экологик муаммолар фақат табиатга эмас, балки жамият ижтимоий-иқтисодий барқарорлигига ҳам бевосита таъсир қилмоқда. Бу борадаги энг кескин боғлиқликни кўрсатувчи мисоллар келтира оласизми?
– XXI асрда жамият тараққиётининг ажралмас қисми сифатида экологик саводхонлик муҳим ўрин тута бошлади. Табиий ресурслар чекланган, иқлим ўзгаришлари кучайиб бораётган, биохилма-хиллик хавф остига келган бир даврда экологик онг ва маданият ҳар бир фуқаронинг ҳаётий ечимлар қабул қилишдаги асосий мезонига айланмоғи лозим.
Ўзбекистонда экологик муаммоларнинг кескинлашуви фонида аҳолининг экологияга нисбатан билим даражаси ва муносабати масаласи тобора долзарб тус олмоқда. Экологик саводхонлик бу инсоннинг табиий муҳитга оид билим, кўникма ва муносабатларини ўз ичига олган мураккаб компетенциядир. У нафақат атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, балки масъулиятли турмуш тарзи, тўғри истеъмол маданияти, табиат билан уйғунликда яшашни ҳам англатади. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, юқори экологик саводхонлик даражаси ресурсларни оқилона бошқаришни, инсон саломатлигини сақлашни, экологик хавфларни барвақт аниқлашни, демократик қатнашувни ва энг муҳими – барқарор ривожланишни таъминлайди.
Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, Ўзбекистонда сўнгги йилларда экологик масалалар давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланди. Лекин аҳолидаги экологик саводхонлик даражаси ҳали етарли эмас. Бунга бир нечта сабаблар бор. Аввало, мактаб ва олий таълимда экологияга оид маълумотлар берилмайди. Боғчадан бошлаб боаларга экологик билимларни ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан бериш керак. Журналистлар экологик таҳлил олиб боришга етарли билим ва кўникмага эга эмас. Оммавий ахборот воситаларида кўпроқ муаммонинг оқибатига эмас, сабабларига чуқур назар ташлаш етишмайди. Аҳоли ўз ҳудудидаги экологик муаммоларга нисбатан бефарқ бўлиб қолмоқда. Давлат органларига мурожаат қилиш, экологик назоратни талаб этиш амалиёти заиф. Сувни тежаш, чиқиндини саралаш, қайта ишлаш, пластикдан воз кечиш каби оддий одатлар кенг тарқалмаган.
Аввало, барча босқичдаги таълимда экологик билимни интеграция қилиш керак. Яъни мактаб дарсликларига амалий экотаълим: чиқиндиларни ажратиш, сувни тежаш, ҳаво ифлосланиши натижалари каби мавзуларни киритиш, педагоглар учун экологик тренинглар ташкил этиш, олий таълим муассасаларида барча йўналишда экологик модуллар киритиш керак. «Экомаҳалла», «Яшил ҳовли» ва «Экоҳафта» каби маҳаллий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли ўртасида кўчат экиш, чиқинди йиғиш, дарё-каналларини тозалаш каби жамоавий ҳаракатларни ривожлантириш лозим. Телевидение, радио ва интернет тармоқларида экологик маълумотни оммабоп шаклда етказиш, экожурналистлар клуби ва онлайн платформа ташкил этиш зарур деб ўйлайман.
Бундан ташқари, мактаблар ўқув дастурига «Экология» фанини киритиш, мактабларда «Экоклуб»лар ташкил этиш, эколагерлар ва экологик тадбирлар орқали онгни фаол шакллантириш, экомультфильмлар, экокитоблар ва экоафишалар тайёрлаш, «Маҳалламдаги экологик ҳолат» каби мобил иловалар орқали фуқаролар иштирокини таъминлаш лозим.
Менинг таклифларим қуйидагича: «Бир ой – бир эко одат» умуммиллий челленжини ташкил этиш керак. Бунда ҳар ой битта оддий, аммо таъсирли экологик одатга одатланишга эришиш лозим (масалан, сув тежаш, пластикдан воз кечиш, чиқинди саралаш). «Экологик саводхонлик индекси»ни жорий этиш керак. Бу ҳар бир ҳудуд бўйича аҳолининг экологик билим ва онг даражасини баҳолайдиган миллий индексдир. «Экотаълим портали»ни яратиш вақти ҳам аллақачон келган. У журналистлар, ўқитувчилар ва блогерлар учун аниқ маълумотлар, таҳлиллар, тажриба алмашиш майдони бўлади. «Яшил элчилар» дастурини жорий этиш ҳам яхши самара беришига ишонаман. Бунда ҳар бир туманда экологик масалаларга алоҳида ёндашадиган ихтиёрий ёшлар ва фуқаролар тармоғини яратиш талаб этилади.
Бир сўз билан айтганда, экологик саводхонлик – бу келажак экотараққиётининг калити. Ушбу соҳада амалга ошириладиган ҳар бир қадам жамиятнинг саломатлиги, иқтисодий барқарорлиги ва табиий муҳитнинг сақланишига хизмат қилади. Экологик билимни ёшликдан бошлаб шакллантириш, ОАВ орқали фаол тарғибот, маҳаллий даражадаги амалий ҳаракатлар орқали Ўзбекистонда экологик онгли жамиятни вужудга келтириш мумкин.
– Яшилликни сақлаш ва кўпайтириш бугун ҳар бир инсон учун бурч, аммо уни тизимли давлат сиёсатига айлантириш зарур. Сизнинг-ча, бу борада ҳозирги сиёсий ёндашувда қандай камчиликлар мавжуд?
– Сўнгги йилларда Марказий Осиё минтақасида иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммолар нафақат табиатга, балки инсон ҳаётига ҳам бевосита таъсир кўрсатмоқда. Қуруқчилик, сув танқислиги, ернинг унумсизлашуви ва чўлланиш каби омиллар миллионлаб инсонларни ўз уйини тарк этишга мажбур қилмоқда. Бундай кўчишлар, яъни экологик миграция — нафақат ижтимоий, балки сиёсий ва иқтисодий оқибатларга ҳам эга бўлиши мумкин. Бу ҳолатга ўз вақтида ёндашмаслик минтақадаги барқарорликка жиддий таҳдид солади.
Экологик миграция – бу одамларнинг иқлим ўзгариши, табиий ресурсларнинг камайиши ёки табиий офатлар туфайли доимий ёки вақтинча бошқа ҳудудга кўчиши ҳисобланади. Жаҳон миқёсида бу жараён глобал муаммога айланган бўлса, Марказий Осиёда у ҳали тўлиқ англанмаган ва тизимли таҳлил қилинмаган масала бўлиб қолмоқда. Экологик миграциянинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари аввало шаҳарларда аҳоли зичлиги ортишида кўринади. Яъни инфратузилмага босим, хусусан, уй-жой, сув таъминоти, канализация, соғлиқни сақлаш хизматлари, ишсизлик ва ижтимоий норозилик кучайишига олиб келиши мумкин. Қишлоқ жойларда демографик танқислик вужудга келиши мумкин. Бу ишчи кучининг йўқолиши, ҳосилдорликнинг пасайиши, камбағалликнинг чуқурлашуви ва ҳудудий ижтимоий бўшлиқни ҳосил қилади. Қуруқ ва чангли ҳаво, ифлос сув – мигрантларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатади. Экологик стресс ҳолати психологик муаммоларга олиб келиши мумкин. Қўшни давлатлар билан трансчегаравий муаммолар, яъни сув ва ер ресурслари бўйича рақобат, сиёсий қарама-қаршилик ва миграцияни тартибга солишда келишмовчиликлар вужудга келади.
Нима қилиш керак? Ҳар бир мамлакат ўз ҳудудида иқлим ўзгаришига таъсирчан бўлган ҳудудларни аниқлаши ва иқлимга бардавом инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириши керак. Деҳқон ва фермерларни янги, сув тежайдиган технологияларга ўқитиш, янги шаҳарча, маҳаллаларда яшаш, таълим ва тиббий хизмат инфратузилмасини ривожлантириш, миграцияни назорат қилиш ва унинг ижтимоий оқибатларини юмшатиш учун дастурлар ишлаб чиқиш лозим. Аҳолида «Экологик хавфсиз ҳудуд» тушунчасини шакллантириш, фуқароларга иқлим ўзгариши оқибатлари ва мослашув чоралари ҳақида доимий ахборот бериш, экологик муаммолар трансчегаравий хусусиятга эга бўлгани сабабли, давлатлараро ҳамкорлик платформалари, маълумотлар алмашинуви ва биргаликдаги тадқиқотлар зарур. Масалан, минтақавий «Экологик миграция маркази» ташкил этиш ташаббуси илгари сурилиши мумкин.
Бу борада мен «Экологик миграция харитаси» яратишни, яъни қандай ҳудудларда аҳоли кўчиши хавфи юқори экани, қайси ерда сув, ер, иқлим жиҳатидан хавфли вазият мавжудлиги акс этган динамик харитани тузишни таклиф қилган бўлар эдим. Бундан ташқари, «Яшил кўчиш» дастурини ишга тушириш лозим. Бу аҳолини мослашувга тайёрлаш, янги ҳудудларда иқтисодий имкониятлар яратиш ва жамиятда экологик муҳожирларни қабул қилишга психологик тайёргарлик кўриш учун керак. Иқлим ўзгаришига кам таъсир қилган, лекин кўпроқ азият чекаётган аҳоли қатламларини ҳимоя қилишга қаратилган «Иқлим адолати» концепциясини илгари суриш зарур.
Марказий Осиёда экологик миграция бугунги куннинг ҳақиқий чақириқларидан биридир. Бу жараённи инкор этиш ўрнига, уни тушуниш, таҳлил қилиш ва мослашув стратегияларини ишлаб чиқиш керак. Фақат шундагина минтақамизда ижтимоий барқарорлик ва инсоний қадр-қиммат сақланиб қолади.
– Экологик саводхонлик даражасининг ошиши муаммолар илдизига етиб бориш ва уларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон аҳолиси орасида экологик онг ва маданиятни шакллантириш бўйича қандай тизимли ёндашувлар зарур ва бу борада сиз қандай ташаббусларни илгари сурган бўлардингиз?
– Мен учун экология – бу шунчаки илм, касб ёки йўналиш эмас. У шахсий ҳаётимнинг фалсафаси, дунёқарашим ва ҳаётга муносабатимнинг марказида туради. Табиат мен учун фақат ресурс эмас, балки ўзаро боғлиқлик, оқибат ва шукроналик мактаби. Шунинг учун ҳам мен экологияни ҳар куни, ҳар бир қароримда яшашга ҳаракат қиламан.
Менинг ҳаётимдаги экологик қадриятлар бу оддийлик ва микроконсумеризм, яъни етарлилик. Ҳар бир сотиб олинадиган буюм бу фақат нарса эмас, балки табиатдан тортиб олинган бир парча демакдир. Шундай экан, мен ҳаётимда ортиқча истеъмолга эмас, етарлилик фалсафасига амал қиламан. Кийим ва техникада узоқ фойдали, сифатли, кам нарсани танлайман, реклама ва мода эмас, эҳтиёж асосида харид қиламан, буюмларга «иккинчи ҳаёт» беришни қадрлайман. Ҳар куни чиқинди чиқарадиган инсон эмас, тоза муҳитда яшашга ҳаракат қилувчи инсон бўлишга ҳаракат қиламан. Бунинг учун пластик пакет ўрнига матоли сумка, қайта ишланадиган идишлардан фойдаланаман, чиқиндиларни саралашни одат қилганман, ҳар йили шахсан кўчат экиш, бошпанасиз ҳайвонларни овқатлантириш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ўзимга бурч деб биламан. Менинг энг катта эътиқодим шундаки, табиатга эҳтиром кўрсатган инсон, бошқа инсонларга ҳам меҳрибон бўлади. Шу боис ўқувчиларим, шогирдларим, фарзандларимга кичик ёшданоқ дарахтга, ҳайвонларга ва ерга меҳр қўйишни ўргатаман, «ижтимоий экология»ни инсонлар ўртасидаги муносабатда ҳам тарғиб этаман. Тозалик, эҳтиёткорлик ва муҳаббатни қадрлайман, нафақат сўзда, балки шахсий намунада жамиятга таъсир кўрсата олишимга ишонаман.
Бугунги авлоддан нима кутаман? Ҳар кимдан юксак фидойилик талаб қилмайман. Лекин ҳар куни битта экоқадамни ташлаш мумкин. Сувни бекорга оқизмаслик, озиқ-овқатни исроф қилмаслик, дўстга пластикдан воз кечишни тавсия қилиш, экошопердан фойдаланиш, чиқиндини саралаш ва дуч келган жойга ташламаслик, бошпанасиз ҳайвонларни овқатлантириш энг оддий қадамлардир. Яқин келажакни ўзгартиришни хоҳлаётган ҳар бир ёш давлатдан, жамиятдан талаб қила олиши, ўз ҳудудидаги экомуаммога бефарқ бўлмаслиги керак. Мен ёшларда айнан шундай экологик фаолликни кўришни истайман.
Табиат – мен учун устоз. Табиатга қараб сабрни, инъомни, жавобгарликни, ҳеч нарса изсиз кетмаслигини ўргандим. Мен учун экологик фалсафа – бу ҳаётга шукр билан қараш, ҳар куни ўз ҳаракатим билан яхшилик уруғини экиш, ерни эмас, аввал ўзимни ўзгартиришдан бошлашдир. Шундай фалсафа билан яшашнинг энг катта мукофоти – бу қалбдаги тинчлик, қутқарилган жонзот, асраб қолинган дарахтдир. Албатта, табиат сизга яхшиликни тез орада қайтаради!
Санжарбек ҲАМИДОВ
суҳбатлашди.
