Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотининг Учқўрғон туман ўқув спорт техника маркази туманда фуқаролар ва ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, халқ хўжалиги учун техник касб эгаларини тайёрлаш, шунингдек, спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантириш йўналишида изчил ва самарали фаолият олиб бормоқда. Марказ фаолияти туман ҳокимлиги, туман мудофаа бўлими, туман «Нуронийлар» жамғармаси, туман халқ таълими бўлими ҳамда бошқа манфаатдор ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, асосан чақириққача ёшдаги ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш, уларни жисмонан ва маънан чиниқтириш ҳамда касбий маҳоратларини оширишга қаратилган режали ишлар амалга оширилмоқда.
Марказнинг ер майдони ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида туман ҳокимининг қарорига асосан 5 гектардан ортиқ ер майдони ажратилган. Мазкур ҳудудда 2 қаватли ўқув биноси, 2 қаватли маъмурий бино, 3 гектар ер майдонида автодром, 2 гектар ер майдонида узунлиги 1 километр 50 метр бўлган картадром, 320 ўринли томошабинлар жойи, ҳаволи қуролдан ўқ отиш биноси, спортчилар учун ечиниш ва ювиниш хоналари ташкил этилган. Қурилган ўқув бинолари, автодром, картадром ва ўқ отиш мажмуалари замонавий лойиҳалар асосида барпо этилган бўлиб, хоналар инновацион ғоялар асосида жиҳозланган. Атроф-муҳитда кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, яратилган шарт-шароитлардан ёшлар ва фуқаролар тўлиқ фойдаланиб келмоқда.
«Ватанпарвар» ташкилоти ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда туманда фуқаролар ва ёшларни халқ хўжалигининг турли тармоқлари учун малакали ҳайдовчилар сифатида тайёрлаш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, шунингдек, спортнинг техник ва амалий турларини кенг тарғиб қилиш ишларини олиб бормоқда. 2025 йил давомида 591 нафар фуқаро ҳайдовчилик касбларига ўқитилиб, ҳайдовчилик гувоҳномаларига эга бўлди. Шунингдек, газэлектрпайвандчи касбига 45 нафар ёш ўқитилди. Йўл ҳаракати қоидалари бўйича 25 нафар ҳайдовчи тайёрланиб, уларга гувоҳнома ва сертификатлар берилди. Аввалги йилларда ташкилот томонидан «Ёшлар дафтари»га киритилган 303 нафар ёшга ҳайдовчилик гувоҳномалари берилган бўлиб, уларнинг ўқиш тўловларининг 75 фоизи туман ҳокимлиги томонидан қоплаб берилган. Шунингдек, 46-сонли мактаб-интернатда таҳсил олаётган 23 нафар имконияти чекланган ёш ҳайдовчилик касбига ўқитилди. Марказда меҳнат бозорида эҳтиёжи юқори бўлган «Электро-газосварщик» касби бўйича 50 нафар, «Автоэлектрик» бўйича 25 нафар, «Тракторчи-машинист» касби бўйича 26 нафар ёш, жами 101 нафар ёш ўқитилиб, уларга касбий гувоҳномалар берилди. Ўқиш жараёнида ёшлар спортнинг техник ва амалий турлари билан ҳам шуғуллантирилиб, сертификатлар билан тақдирландилар. Шунингдек, «Уч авлод учрашуви», «Мен ватанпарварни танладим», «Ёш тадбиркорлар» мавзуларида тадбирлар, банклар ва ёшлар иттифоқи вакиллари билан учрашувлар ҳамда давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда.
Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 14 январь – «Ватан ҳимоячилари куни», 9 май – «Хотира ва қадрлаш куни», Ўзбекистон Республикаси Мустақиллик кунига бағишланган маънавий-маърифий ва спорт тадбирлари мунтазам ташкил этиб келинмоқда. Жумладан, «Ҳаволи милтиқдан ўқ отиш», «Ёзги биатлон», картинг, дуатлон, «Шунқорлар», «Ёш чегарачи», «Ёш посбон», «Кўпкураш» ҳарбий-спорт мусобақалари, «Ватан мард ўғлонларни унутмайди» шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Ушбу тадбирларга жами 16 минг нафардан ортиқ ўқувчи ва маҳалла ёшлари жалб этилди, уларнинг 12 минг нафардан зиёди мактаб ёшидаги ёшлардан иборат.
Айни кунда ташкилотда 4 та спорт тўгараги – «Ёзги биатлон», «Ҳаволи қуролдан отиш», «Мотоспорт» ва «Картинг» йўналишларида 100 нафардан ортиқ ёш мунтазам шуғулланиб келмоқда. 2025 йил давомида 6 та клуб, 4 та туман, 6 та вилоят ва 5 та республика миқёсидаги мусобақалар ўтказилиб, уларда жами 1320 нафар спортчи ёш иштирок этди. Марказ тасарруфидаги картадромда картинг бўйича Ўзбекистон чемпионати, Ўзбекистон кубоги ҳамда вилоят ҳокими кубоги мусобақалари мунтазам ўтказилмоқда. Ушбу мусобақаларда Ўзбекистоннинг барча вилоятлари билан бир қаторда Россия, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон давлатларидан 100-150 нафаргача картингчи иштирок этмоқда. Ғолиблар «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгашининг кубок, диплом, медал ва эсдалик совғалари билан тақдирланмоқда. Шунингдек, Марказий кенгаш раиси кубоги учун ўтказиладиган уч босқичли «Шунқорлар» ҳарбий-спорт ўйинларида ташкилот номидан иштирок этаётган «Ватан қалқонлари» жамоаси сўнгги икки йилда республика босқичида фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда.
Ўқув жараёни сифатини янада ошириш мақсадида ўқув биноси кириш қисмига «FACE ID» тизими ўрнатилиб, «E-avtota’lim» тизимига интеграция қилинди. Ҳар бир ўқув хонасига 4 тадан кузатув камераси ҳамда 1 тадан Вилоят ИИБ ЙХХБ назорат камераси ўрнатилди. Барча ходимлар «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар академияси томонидан ташкил этилган малака ошириш курсларида ўқитилиб келинмоқда.
Марказда маънавият хонаси, кутубхона, ахборот ресурс маркази, ички имтиҳон хонаси ҳамда тиббий кўрикдан ўтиш хоналари ташкил этилган. Шунингдек, ходимлар учун волейбол, шахмат-шашка ва теннис билан шуғулланиш шароитлари яратилган.
Моддий-техника базани янгилаш мақсадида ишлаб чиқарилган йили эскирган 15 та енгил ва 3 та юк ўқув автомобили аукцион орқали сотилиб, ўрнига 7 та «ONIX», 1 та «Nexia-3» ва 1 та «FOTON» русумли юк автомобили харид қилинди. Келгусида яна 6 та «ONIX», 1 та «KIA» енгил автомобили ва 2 та «FOTON» русумли юк автотранспорт воситаларини харид қилиш режалаштирилган.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотининг Учқўрғон туман ўқув спорт техника маркази ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, касбга йўналтириш ва спортни ривожлантириш борасида ибратли ва намунали марказ сифатида фаолият юритиб келмоқда. 2026 йилда ҳам марказ ўз олдига янада юксак мақсадларни қўйган бўлиб, уларнинг изчил амалга оширилиши шубҳасиз.
