Қиш нафақат совуқ фасл, балки жамиятдаги муносабатлар синовдан ўтадиган давр ҳамдир. Айниқса, эрта тонгда ишга шошилаётган ёки зарурат билан йўлга чиққан одамлар учун бу синов кўпинча йўл четида бошланади. Такси тўхтатилади, манзил айтилади, келишув эса кўпинча айтилмаганича қолади. Аммо манзилга етиб келгач, кутилмаган «ҳисоб-китоб» инсон кайфиятини бузади. Масофага мутаносиб бўлмаган нарх эса табиий эътирозга сабаб бўлади.
Гап фақат пулда эмас. Масаланинг илдизи инсофда. Чунки инсоф вазиятдан фойдаланиб эмас, виждон мезонига таянган ҳолда ҳақ белгилашдир. Қишда йўл оғир, тирбандлик кўп, харажат ортади буни ҳеч ким инкор этмайди. Аммо шу ҳолатни баҳона қилиб, йўловчининг шошилинчини ёки мажбуриятини ҳисобга олмаслик жамиятда ишончсизликни кучайтиради. Бу эса оддий келишмовчиликдан кўра чуқурроқ муаммо.
|
Шу нуқтада шаҳардаги жамоат транспорти тажрибаси эътиборга лойиқ. Замонавий автобуслар шаҳарнинг у четидан бу четигача қатнаб, аниқ белгиланган ва ҳаммага тенг тарифда хизмат кўрсатмоқда. Иссиқ ва озода салон, белгиланган жадвал, энг муҳими олдиндан маълум нарх. Бу тизим йўловчини ноқулай вазиятга солмайди, баҳс-мунозарага ўрин қолдирмайди. Демак, муаммо йўл шароитида эмас, балки ёндашувда.
Бугун совуқ кунларда бир-биримизни ранжитмаслик ҳар қачонгидан муҳим. Кимдир рул ортида, кимдир йўловчи ўриндиғида бўлиши мумкин, аммо барчамиз бир жамиятнинг аъзоларимиз. Келишилган ҳақдан ортиғини талаб қилмаслик, рози бўлиб берилган пулни баракали қилиш, вазиятни адолат билан баҳолаш мана шу қадриятлар инсоний муносабатларни мустаҳкамлайди.
Қиш ўтади, йўллар очилади. Аммо қишда кўрсатилган инсофсизлик одамлар хотирасида қолади. Совуқ йўллар баҳона бўлмасин, муносабатлар музламасин. Чунки жамиятнинг илиқлиги тариф билан эмас, виждон билан ўлчанади. Ҳа, инсоф совуқдан музламаслиги керак.
Санжарбек ҲАМИДОВ.
