«Андрология – н» тиббиёт тараққиётининг тантанаси

post-title

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги эзгу ишларнинг сифат кўрсаткичлари йилдан йилга ривожланиб, тубдан яхшиланиб бормоқда.  Президентимиз томонидан соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор, ташаббус ва кўрсатмалар билан тизим равнақ топмоқда.

Соҳада шакллантирилган соғлом рақобат муҳити туфайли аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва самарадорлиги ҳамда қамрови ҳам ошиб бормоқда.

IMG_20240202_184152_253
Наманган шаҳрининг Давлатобод туманида ўз фаолиятини бошлаганига ҳали унча кўп вақт бўлмаган “Андрология – Н” тиббиёт маркази соҳани ривожлантиришдаги саъй-ҳаракатлар меваси деса бўлади.Нафақат вилоятда, балки Фарғона водийсида ягона бўлган, мазкур марказни ташкил этиш ташаббускори, лойиҳа раҳбари тиббиёт фанлари доктори, профессор Ёдгормирза Нурматовнинг тиббиёт соҳасидаги қўлга киритган билим, салоҳият ва тажрибаларини аҳоли саломатлиги йўлида сарфлаши замирида катта маъно, эзгу мақсад бор. Андрология сўзи юнонча – “андрос” эркак ва “логос” фан сўзларини ифода этади. 

032A7462
-Андрология эркак жисмига хос бўлган касалликларни аниқлаш фанига мансуб тиббиёт соҳаси саналади. Жаҳон бўйича бу касаллик турлари бир неча йиллар олдин ҳар ўн эркакнинг бирида кузатилган бўлса, кейинги йилларда учинчи, тўртинчи мижозда қайд этиляпти, - дейди Ёдгормирза ака. - Бу ҳам бошқа касалликлар сингари ёши қисқариб боряпти. Миллатимизга хос бўлган, айниқса, эркакларда бир уялиш деймизми, юзхотирлик кайфияти мавжуд. Энг муҳими эркак киши жинсий ҳаёт сифатига эътибор бериши керак. Нега деганда аксарият беморлар касалликни ўтказиб юборгандан сўнг бизга мурожаат қилишади. Ачинарлиси бу касаллик турлари билан ёшлар ўртасида кўпайиб бораётгани хавотирли. Бунинг сабаб ва аломатлари мижозларимиз мурожаатларида аниқланмоқда. Хусусан, ёш куёвларда бу касаллик турлари кўп кузатилмоқда. 
Марказ раҳбарининг эътироф этишича, эркак кишининг жинсий аъзолари функциясининг бузилиши билан боғлиқ потенциал андрогенлар танқислиги ва репродуктив функция етишмовчиликка олиб келади. 

032A7454
Шунинг баробарида марказда тиббий хизмат кўрсатишнинг андрология ва сексопаталогия, урология, хирургия, гинекология, маммалогия, оториноларингология (ЛОР), травматология, пластик хирургия, аллергология турлари бўйича беморлар даво топишмоқда. Шунингдек, тор доирадаги кардиология, неврология, педиатрия, эндокринология шифокорлар мутахассислари аниқ ташхис белгилаб, муолажалар қилишади. Бу масканда халқаро ҳамкорлик алоқалари ҳам яхши йўлга қўйилган. Хорижийлик мутахассислари билан тажрибалар алмашиниб, нозик жарроҳлик амалиётлари бажарилади. Германия, Туркия, Россия, Жанубий Корея, Қирғизистондан келган шифокорлар касалликларнинг бир неча турларидан даволаш амалиётларини вақт оралиғида олиб боришади. 

032A7286
Жумладан, Германия, Россия, Буюк Британия, Туркия,  Австрия, Хитой, Жанубий Корея, Латвия каби жаҳоннинг илғор мамлакатларидан олиб келинган рақамли рентген, УТТ, колпоскопия, урофлометрия ЭЭГ функционал диагностика текширув жиҳозлари билан аниқ ташхис қўйилади. Бундан ташқари барча турдаги ИҲЛА ва ПСР таҳлиллари, ЖССТ бўйича спермограмма каби 52 турдаги энг замонавий аппаратларда таҳлил амалиётлари бажарилади. Мазкур лаборатория ва таҳлил жиҳозларига 800 минг АҚШ доллари сармоя жалб этилган. 
Кундан кунга шуҳрат қозонаётган, обрў-эътибор топаётган марказнинг шарт-шароитларидан, муолажа натижаларидан хабар топган мижозлар географияси ҳам кенгайиб бормоқда. Водий ва республика вилоятларидан ташқари  қўшни республикалардан ҳам беморлар келиб, даволанишмоқда. 2023 йилда Андижон ва Фарғона вилоятларидан 200 нафардан ортиқ, воҳанинг Сирдарё, Жиззах томонлардан, Қирғизистон ҳамда Тожикистондан келган беморлар дардларига шифо топиб кетишди. Тиббиёт масканида тўртта жарроҳлик амалиёти хонаси барча меъёрлар асосида жиҳозланган. Уларда юқори технологик, каминвазив амалиётлар учун қулай имкониятлар муҳайё. Энг эътиборга молик жиҳати хориждаги ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида амалга оширилаётган барча сийдик-таносил касалликларининг жарроҳлик амалиётлари “Андрология – Н” тиббиёт марказида ҳам олиб борилмоқда. Яқинда шундай касаллик тури билан оғриган беморнинг ўта ноёб жарроҳлик амалиёти бажарилди. Тўрт соат мобайнидаги амалиёт давомида сийдик йўлидаги “моғор” касаллиги даволанди. 

032A7243
 Бу ерга ташриф буюрувчиларнинг моддий шароитлари ҳам имкон қадар ҳисобга олинади. Масалан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”даги кам таъминланганлардан 20 нафарга яқин беморларга имтиёзли ёрдам кўрсатилади.   
80 ўринга мўлжалланган тиббиёт марказида малакали, олий маълумотли, соҳанинг ёш, етук мухассислари жамланган. Муассасанинг 60 нафар тиббиёт ходимидан 20 нафари олий тоифали шифокорлардир. Шулардан беш нафари ёш шифокор магистрлар, ординатура таълим босқичларини  тамомлаган тиббиёт ходимларидир. 28 ёшли Жавоҳир Робиддинов ҳам Қозон Федерал университетининг “Фундаментал тиббиёт ва биология” факультетини тамомлаб келибоқ шу тиббиёт марказида иш бошлаганига олти ой бўлди. 

-11 ёшли Фарзандим Алибек Ҳайдаралиевнинг ўнг буйрагида гидронефроз касаллиги бўйича шу ерга келиб, жарроҳлик амалиётини ўтказди. Бу касалликнинг аломатлари сийдик тутилишида аён бўлди, - дейди Чортоқ тумани Кўшан қишлоғидан келган Бумайрам Алибоева. -  Ўн кун давомида ётиб, даволанишдан сўнг, ўғлимнинг соғлиги ижобий томонга ўзгарди. Ўғлимнинг бу касалланиш сабаби ҳомиладорлик пайтидаги грипп касаллигининг асорати ташхиси қўйилди. Ўғлимнинг шифо топишига сабабчи бўлган марказнинг қўли енгил тиббиёт ходимларига ўз миннатдорчилигимни билдираман. 

Вилоят миқёсида фаолият олиб бораётган олти нафар андрологнинг уч нафари мазкур масканда фаолият юритади. Шулардан бири Алишер Қодиров асосий фаолиятини 2017 йилдан бошлаган. Малакали шифокор Андижон Давлат тиббиёт институтини бакалаврини ҳамда врачлар малакасини ошириш университети магистрлигини тамомлаган. Университетда малака ошириш билан бирга немис, рус, инглиз тилларни мукаммал ўзлаштирган. 

032A7480
 -Эркакларнинг таносил касалликларини аниқлаш мутахассислари ўта кам, - дейди Алишер Қодиров. 2009 йилдан шу соҳа шифокорлари тайёрлаш йўлга қўйилди. Қабулимга кунига беш – ўн нафар бемор бефарзандликдан сабаб азият чекишаётганини айтишади. Уларга маслаҳат, даволанишга йўлланма бераман. Турмушда ҳар бир инсон оила қуриб, фарзандли бўлишни, бахтли ҳаётни истайди. Инсон ҳоли ҳаётида саноат тараққий этган сари овқатланиш рационида  пастлаш, сунъий таомларга қарамлиги тобора ортиб бормоқда. Дарвоқе, фаст-фуд эркаклар мияси фаолияти учун ҳам энг зарарли ҳисобланади. Бундан ташқари, “Ғарб диетаси” деб ном олган бундай егуликлар генларнинг ишлашини ўзгартиради ва иммунитет тизимини ҳаддан ташқари фаоллаштиради. Бу эса нафақат кучли жинс вакиллари учунгина тегишли эмас, бошқаларни ҳам домига тортади. 
Аёлларнинг беморлиги бўйича мурожаатлари акушер-гинеколог шифокорлар томонидан ўрганилиб ҳал этилади. Эркаклар эса мутахассис кўриги зарур бўлган пайтда ҳам турли баҳоналар билан врачга учрашишни ортга суради. Марказда эркаклар бепуштлиги, жинсий бузилишлар, контрацепция муаммоси, гипоганадизмлар, шунингдек, ҳаёт сифатини яхшилашда замонавий текширувлар ўтказилади, ташхислар қўйилади. 

IMG_20240202_184156_744
 Тиббиёт марказининг олиб бораётган фаолияти, эришаётган натижаларини юқорида келтирилган мулоҳазаларимиз билан тўлиқ ифода этишга қоғоз ва қалам ожизлик қилади. Яхшиси марказ фаолиятини бориб, кўриб танишганга етмайди. Мазкур тиббиёт муассасасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Актам Хаитов ва шаҳар ҳокими Анваржон Отахўжаев “Андрология – Н” тиббиёт марказига ташриф буюришди ва маскан фаолияти билан танишишди. Бу ерда фаолият олиб бораётган ишчи ходимлар билан мулоқот қилиб, «Ўзбекистон – 2030» Стратегиясининг асосий ғоялари ҳамда аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш бўйича тушунчалар берилди.

Улуғбек РЎЗИМАТОВ.

 

 

 

 

 

 

 

icon Обуна бўлинг

Бизнинг янгилик ва хабарларга