Фуқаролар пенсия тайинлаш вақтида санаторийга навбатга қўйилади

post-title

1 сентябрдан бошлаб, фуқароларга пенсия ёки ногиронлик тайинлаш вақтида алоҳида мурожаат қилишларини талаб этмаган ҳолда уларни санаторийга навбатга қўйиш тартибини жорий этиш назарда тутилмоқда. Ёшга доир пенсияни пенсия ёшига тўлган вақтда автоматик тайинлаш тартиби эса 2025 йил 1 мартдан кучга кириши кутиляпти.

2024 йилги давлат дастури лойиҳаси жамоатчилик муҳокамага қўйилди.

Лойиҳада ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш тизими бўйича қуйидаги ўзгаришлар кўзда тутилган:

 
  • 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб, пенсия тайинлашда бир вақтнинг ўзида санаторийга навбатга қўйиш ва шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги пулни олиш билан боғлиқ ҳаракатларни проактив тарзда амалга ошириш тартиби жорий этилади;
  • 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб, ногиронликни тайинлашда санаторийга навбатга қўйиш ва ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган имтиёзлар тўғрисида хабардор қилиш тартиби жорий этилади;
  • 2024 йил 1 июндан бошлаб, ёлғиз яшаётган ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга Тошкент шаҳрида эксперимент тариқасида тегишли йўналишдаги нодавлат ташкилотлар орқали Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маблағлари ҳисобидан ижтимоий хизматлар кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилади;
  • йил давомида ногиронлиги бўлган шахсларни замонавий протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилиш техник воситалари билан таъминлашнинг янги тизими босқичма босқич жорий қилинади.

Бу вазифалар ижроси учун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигини масъул қилиб белгилаш таклиф этилган.

Давлат дастури лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси 14 февралгача давом этади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили имзоланган президент қарори билан, 2025 йил 1 мартдан эътиборан, ёшга доир пенсияларни пенсия ёшига тўлиши муносабати билан автоматик тарзда тайинлаш тартиби йўлга қўйилиши белгиланган.

icon Обуна бўлинг

Бизнинг янгилик ва хабарларга