Андиша – энг гўзал фазилат

Мулоҳаза

… – Мен ота-онангизнинг хизматкори бўлиш учун бу оилага келин бўлиб тушмаганман. Ана, онангизнинг куч-қуввати жойида, кийим-кечагини ўзи ювиб олсин!…

… – Дарс берган бўлсангиз, бунинг учун ҳақингизни олгансиз. Энди сизнинг ўқувчингиз эмасман, насиҳатингизгаям муҳтож эмасман!..

… – Тўғри, кеча у билан дўст эдик, борди-келди, олди-бердимиз бор эди. Аммо бугун ўз ташвишим ўзимга етарли. Қолаверса, унинг дардига даво йўқмиш, ўладиган одам билан ўралашиб юраманми?..

Афсуски, бу каби гаплар айрим замондошларимиз тилидан учган сўзлар. Бунинг номи – андишасизлик. Сезган бўлсангиз керак, андиша қанчалар гўзал бўлса, андишасизликнинг оғриғи шунчалар ёмон бўлади.

Юқоридаги тикони бор гаплар бошқача бўлиши ҳам мумкин-ку, тўғрими?! Масалан, шундай:

… – Ота-онангизнинг дуосини олсак, камлик кўрмаймиз. Эртага ўзимиз ҳам кексаямиз, бизнинг меҳрибончилигимиз болаларимизга андоза бўлади.

… – Устоз, сиз умримизнинг сўнггига қадар бизга устоз бўлиб қоласиз. Сизнинг таълимингиз, тўғри тарбиянгиз билан шу даражага етдик. Умрингиз узоқ бўлсин!

… – Дўстимнинг оғир дардига ҳеч йўқ ширин сўзим билан малҳам бўлишга ҳаракат қиламан. Ёнида биз каби садоқатли дўстлари борлигидан хурсанд бўлсин, хотиржам бўлсин.

Қаранг, бу сўзлар қандай ёқимли! Қандай ҳаётбахш қудратга эга!

Дарҳақиқат, инсонда андишанинг бўлгани яхши. Андиша иффат, шарм-ҳаё, уят, истиҳола, ор-номус каби одоб-ахлоқ тушунчалари билан узвий боғлиқ. Андишали инсон ҳамиша ақл-идрок ва ҳокисорлик билан иш юритади, бетгачопарлик қилмайди, ўз хатти-ҳаракатининг оқибатини ўйлайди. Андишали киши ҳеч қачон ўзгаларнинг иззат-нафсига тегмайди, ёши улуғларнинг, ота-онаси, опа-сингиллари, рафиқасининг ҳурматини жойига қўяди. Қилаётган ҳар бир ишига босиқлик билан ёндашади.

Ҳазрат Алишер Навоий ҳам бежиз одоб, андиша, ҳаёни энг бебаҳо бойлик ҳисобланишини таъкидлаб, шундай сатрларни битмаганлар:

Гар йўқтур адаб, не суд олтун унидин,

Элнинг адаби хушроқ эрур олтунидин.

Андишали инсон – тарбия кўрган инсон. Бундай инсонларда ўзгаларга нисбатан ҳурмат ва эътибор кучли бўлади. Андишали инсонлар ножўя ҳаракатлардан ўзини тия олади, ўзгаларга ҳам ёмонликни раво кўрмайди. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳеч бирингиз ўзингизга яхши кўрган нарсангизни биродарингизга ҳам раво кўрмагунингизча мўмини комил бўла олмайсиз”.

Андиша ибо, ҳаё, ахлоқ сўзлари билан эгиз. Андиша қизлар тарбиясида эътибор қаратилиши, қарор топтирилиши зарур бўлган фазилат. У аёлнинг оиладаги мартабасини оширади. Андишали қизларни тарбиялаш ота-онага раҳмат олиб келади.

Кексаларимиз уйланмоқчи бўлган йигитга насиҳат қилиб: “Солиҳ фарзанд дунёга келишини истасанг, яхши она танлаш керак”, дейди. Албатта, қиз бола она бўлганида, ўғилми-қизми фарзандига андоза бўлади. Гўдак ҳомила пайтидаёқ онасининг хусусиятларини ўзлаштиради.

Бироқ айрим қайноналар ҳам андишани унутмасликлари мақсадга мувофиқ. Баъзи қайноналар келинларини чўридек ҳисоблайди. Арзимас сабаблар билан келинларини турткилайверадилар. Оилаларнинг бузилишига ёки қайнона-келин муносабатларининг ёмонлашишига андишасизлик, арзимаган “деди-деди” гаплар ҳам сабаб бўлади. Ҳеч қайси келин янги уйига келганда, уларга нисбатан ғараз ниятлар билан келмайди. Улар гўёки ёш ниҳолга ўхшайди, уни эгри ўсишига йўл қўймай, меҳр билан суғориб, қайнона кўп йиллик тажрибага эга аёл сифатида муаллимлик қилса, тушунмовчиликлар юзага келмаса керак…

Хулосамиз шуки, кечиримлилик, андиша ва меҳр – жуда кўп тушунмовчилик ва муаммоларнинг оддий ечими!

Умринисо ИКРОМОВА.