Наманган вилоятида ижро ишлари тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли рақамлаштириш жараёнлари ўзининг амалий самарасини бермоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Наманган вилоят бошқармаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида атрофлича маълумот берилди. Вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда оммавий ахборот воситалари, интернет нашрлари вакиллари ва блогерлар иштирок этди. Анжуманда Бюро органларида рақамли технологияларни жорий этиш натижалари, шунингдек, 2025 йилда суд ва бошқа ваколатли органлардан келиб тушган ижро ҳужжатларининг бажарилиши бўйича амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.
Бошқарма бошлиғи Бекзод Мирзааҳмедовнинг таъкидлашича, бугунги кунда «MIB–portal» ахборот тизими 39 та вазирлик, идора ва ташкилотларнинг 68 та ахборот тизимига интеграция қилинган. Натижада судлар ҳамда 52 та маъмурий органдан ижро ҳужжатларини электрон шаклда қабул қилиш тўлиқ йўлга қўйилди. Айни пайтда амалга оширилаётган 36 та ижро ҳаракатининг 22 таси тўлиқ «MIB–portal» орқали бажарилмоқда.
Рақамлаштиришнинг энг муҳим самараларидан бири инсон омилини кескин қисқартириш бўлди. Жумладан, 2025 йилда вилоятда ижро ишлари доирасида қабул қилинган 615 мингта қарорнинг 260 мингтаси, яъни 42 фоизи автоматик тарзда қабул қилинган. Ижро жараёнида қарздорларни хабардор қилиш тизими ҳам тўлиқ автоматлаштирилиб, қўлланилган чекловлар ҳақида 895 мингта СМС хабарнома фуқароларга автоматик равишда юборилди.
Қарздорларнинг тўловдан бўйин товлашининг олдини олиш мақсадида мулкларни аниқлаш, уларга тақиқ қўйиш, транспорт воситаларини қидирувга бериш, юридик шахсларнинг ҳисобварақларига банд ва инкассо қўллаш жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилди. Ўтган йилда 312 853 та кўчмас мулк ва 154 821 та автотранспорт воситасига тақиқ, 27 700 та ҳисобвараққа инкассо қўйилди, 81 340 та ҳисобварақ банд қилинди ва ҳамда 67 239 та транспорт воситаси қидирувга берилди.
Шу билан бирга, қарздорлик электрон тўлов тизимлари орқали бартараф этилганда чеклов ва тақиқларни бекор қилиш жараёни 100 фоиз автоматлаштирилди. 2025 йилда электрон тўлов тизимлари орқали жами 1,4 трлн. сўм маблағ ундирилиб, 161 мингта чеклов инсон омилисиз бекор қилинди ва 260 мингта ижро ҳужжати автоматик тарзда тамомланди.
Рақамлаштириш меҳнат унумдорлиги ошишига ҳам хизмат қилди. Агар 2021 йилда бир нафар давлат ижрочи ойига ўртача 92 та ижро ишини тамомлаган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 277 тага етди, яъни қарийб 3 баробарга ошди.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 2025 йилда жами 2,2 трлн. сўм маблағ ундирилиб, 614 мингта ижро ҳужжатининг бажарилиши таъминланди. Шундан 996,9 млрд. сўм давлат фойдасига ундирилди. Ахборот технологиялари асосида масофавий ишлаётган туманлараро бўлимлар томонидан эса 74,8 млрд. сўмлик 164 550 та ҳужжат ижроси таъминланди.
Энергия ресурслари соҳасида 3 837 та ижро ҳужжати тамомланиб, 49,9 млрд. сўм қарздорлик ундирилди. Ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ижро ҳужжатлари бўйича ҳам тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, «Аёллар», «Ёшлар» ва «Темир дафтар»лар доирасида 114,4 млрд. сўм маблағ йўналтирилди.
Алиментга оид ижро ишлари доимий эътибор марказида бўлиб, ушбу йўналишда 210 млрд. сўм маблағ ундирилди. Алимент тўлаш истагида бўлган, аммо доимий иш жойига эга бўлмаган 5 972 нафар қарздор иш билан таъминланди, 6 485 та оила яраштирилди. Қонунга хилоф равишда ишдан бўшатилган 22 нафардан ортиқ шахс ишга тикланиб, уларга тўланмай қолган 10,2 млрд. сўм иш ҳақи ундириб берилди.
Матбуот анжумани якунида иштирокчилар ижро тизими фаолиятига доир ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар. Таъкидлаш жоизки, рақамлаштириш орқали ижро жараёнларининг шаффофлиги, тезкорлиги ва самарадорлиги янги босқичга кўтарилмоқда.
Санжарбек ҲАМИДОВ.
