Янги Наманган туманида «Обид туячилик» фермер хўжалиги бор. Фермер хўжалиги Абдурашид Ёқубов раҳбарлигида 2011 йилда ташкил этилган. Ҳозирги кунда хўжаликда 90 га яқин туя ва 50 бош қорамол парваришланмоқда. Унинг раҳбари аҳолига шифобахш туя сутини етказиб бериш бўйича катта тажрибага эга.
36 гектар майдонни эгаллаган кўп тармоқли фермер хўжалигида асосан гўшт ва сут маҳсулотлари етиштирилади. Шунингдек, икки турдаги балиқ ва 20 дан ортиқ ўрдак ҳам боқилмоқда. Битта туя бир кунда ўртача икки литр сут беради. Маҳсулот бутун республика бўйлаб етказилади.
Туман ҳокими фермер хўжалиги фаолияти билан яқиндан танишди ва тармоқни янада кенгайтириш бўйича тавсиялар берди. Гўшт ва сут маҳсулотлари савдоси учун хизмат кўрсатиш шохобчаси ташкил этиш лойиҳаси кўриб чиқилди ва уни амалга ошириш учун зарур чоралар белгиланди.
«Обид туячилик» фаолияти маҳаллий, шунингдек, республика аҳолиси учун нафақат шифобахш маҳсулот етиштирмоқда. Қолаверса янги иш ўринлари ҳам яратиб, туманнинг ижтимоий- иқтисодий кўрсаткичига баҳоли қудрат ҳисса қўшмоқда.
