Тадбиркорликда рақамлар гапиради. Аниқ ҳисоб-китоб ва тўғри танланган йўналиш эса натижани белгилайди. Янгича ёндашув асосида ривожланаётган Янги Наманган туманида бунга амалдаги мисоллар етарли.
«Янги замин» маҳалласида фаолият юритаётган тадбиркор Одилхон Деҳқонов қисқа вақт ичида кам маблағни юқори қийматга айлантиришга муваффақ бўлди. Иссиқхона хўжалигида манзарали ва безак гулларини етиштиришдан бошланган иш бугун аквакультура балиқ парвариши билан изчил кенгайтирилди.

25 миллион сўмлик имтиёзли кредит асосида 3 минг дона балиқ билан бошланган лойиҳа ҳозирда барқарор ишлаб турган хўжаликка айланди. Айни пайтда хўжаликда 25 минг дона балиқ парваришланиб, уларнинг 16 тури бозор талабига мос йўналишлар ҳисобланади. Фаолият натижасида ойига ўртача 1000 АҚШ доллари миқдорида доимий даромад шаклланмоқда.
Тадбиркорлик фаолиятининг ижтимоий аҳамияти ҳам юқори. Иссиқхона хўжалигида 25 нафар хотин-қиз мавсумий иш билан таъминланган. Ҳозирда туман ҳудудида жойлашган 9 та иссиқхонада етиштирилаётган турли хил манзарали ва безак гуллари 65 бора ўтказиладиган Халқаро гуллар фестивалига тайёрланмоқда.
Мазкур тажриба Янги Наманган туманида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, имтиёзли молиялаштириш ва аниқ бизнес-режа асосида қисқа фурсатда барқарор даромад манбаини яратиш мумкинлигини кўрсатмоқда.
Санжарбек ҲАМИДОВ.
