Авваллари фақат четдан келтирилган банан, ананас ва папайя эндиликда Наманган заминида ҳам етиштирилмоқда. Бу эса вилоятда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш йўлидаги амалий қадамларнинг яққол намунасидир. Давлатобод туманидаги «Орзу» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида «Rancho MMS» хусусий корхонаси томонидан ташкил этилган замонавий иссиқхона мажмуаси қисқа фурсат ичида ана шундай ноёб цитрус ва тропик мевалари билан эътиборни тортмоқда. Умумий майдони 6 гектарни ташкил этувчи иссиқхона хўжалигининг қарийб ярмида лимон, банан, ананас, мандарин ҳамда папайя етиштирилмоқда. Қолган 3 гектар майдонда эса помидор ва бодринг экинлари парваришланиб, йил давомида барқарор ҳосил олинмоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, иссиқхона фаолияти фақат мева-сабзавот етиштириш билангина чекланмай, кўчатчилик ва қулупнайчилик йўналишларини ҳам қамраб олган. Етиштирилаётган маҳсулотларнинг асосий қисми ташқи бозорларга экспорт қилиниб, ҳудуднинг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.
Мазкур лойиҳа доирасида ҳозирда 30 нафар фуқаронинг доимий бандлиги таъминланган. Мутахассислар бундай замонавий иссиқхона хўжаликларини кўпайтириш, аҳоли томорқаларида ҳам ушбу тажрибани кенг жорий этиш орқали даромад манбаларини ошириш мумкинлигини таъкидлашмоқда.
