Янги Наманган туманидаги «Атанган гузар» маҳалласида баҳорнинг файзли таоми – сумалак тайёрлаш кўп асрлик қадриятларнинг ёрқин кўринишидир. Бугунги кунда у нафақат маънавий мерос сифатида авайлаб-асралмоқда, балки маҳаллий оилалар учун муҳим даромад манбаига айланиб, иқтисодий фаровонликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи Ғанихон Мирзакаримов ва унинг оиласи ўн йилдан буён сумалак тайёрлаш ҳунарини муваффақиятли ривожлантириб келмоқда. Улар ҳар куни тахминан 600 қадоқ сумалакни пишириб, уни маҳаллий бозорларга етказиб беришади. Ушбу кенг қамровли фаолият маҳалла аёллари учун доимий бандликни таъминлаб, айни пайтда 8 нафар аёл ўз меҳнати билан оиласининг моддий фаровонлигига салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Ғанихон Мирзакаримовнинг таъкидлашича, сумалак пишириш меҳнатсеварлик, ўзаро бирдамлик ва ҳамжиҳатликнинг ёрқин рамзидир. Бу анъана бир вақтнинг ўзида ҳам миллий қадриятларни мустаҳкамлайди, ҳам аҳоли учун муносиб меҳнат шароити ва даромад имкониятларини яратади. Оила аъзолари миллий таомларни қайта тиклаш ва маҳаллада ижобий ижтимоий-иқтисодий муҳитни асраш борасида ўзига хос ўрнак кўрсатмоқда. Уларнинг фаолияти анъаналар ва замонавий талаблар уйғунлиги орқали қандай қилиб фаровонликка эришиш мумкинлигини ҳам яққол намоён этмоқда.
