Муқаддас Рамазон ойи ислом олами учун маънавий юксалиш, қалбларни поклаш ва руҳий янгиланиш фурсатидир. Бу ой нафақат танани рўза тутиш орқали тарбиялаш, балки нафсни жиловлаш, сабр-тоқат, меҳр-мурувват ва шукроналик каби олижаноб фазилатларни мустаҳкамлаш давридир. Қуръони карим нозил бўлган, дуолар ижобат бўлиши умид қилинадиган бу улуғ ой ҳар бир инсонга ўзини ҳисоб-китоб қилиш ва маънавий камолотга интилиш имконини беради.
Рамазоннинг моҳияти фақат очлик ёки таомдан тийилиш билан чегараланмайди. Аксинча, бу ой тилни ғийбат, бўҳтон каби ёмонликлардан сақлаш, қалбни кина, адоват ва ҳасад каби иллатлардан тозалаш, амал ва ниятни Аллоҳ таоло ризолиги учун холис қилиш ойидир. Шу боис Рамазон инсон ҳаётида туб бурилиш ясаши мумкин бўлган бебаҳо маънавий мактабдир.
Бу ой айниқса меҳр-мурувват ва саховат руҳи билан чулғанган. Эҳтиёжмандларга ёрдам қўлини чўзиш, камбағал ва ночорларни хурсанд қилиш, етим-есирларнинг бошини силаш энг улуғ ибодатлардан саналади. Рўзадор кишининг очлик ва ташналикни ҳис қилиши, уни муҳтожларнинг ҳолатини чуқурроқ англашга, уларга нисбатан ҳамдардлик туйғусини кучайтиришга ундайди. Ифторлик дастурхонлари ёзиш, муҳтож оилаларга озиқ-овқат тарқатиш, беморлар ва кексалар ҳолидан хабар олиш, қарздорларга енгиллик яратиш рамазоннинг асл моҳиятига мос амаллардир. Бу ойда қилинган ҳар бир садақа ва хайрия ишининг ажри беқиёсдир. Меҳр-мурувват нафақат моддий ёрдамда, балки илиқ сўз, хушмуомала ва бировнинг дилини оғритмасликда ҳам намоён бўлади.
Рамазон оилалар, қўни-қўшнилар ва бутун жамоат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ифтор дастурхони атрофида жамланиш, масжидларда жамоат бўлиб таровеҳ намозларини адо этиш, Қуръон тиловати ва дуоларда бирлашиш барчаси қалбларни яқинлаштиради, ўзаро тотувликни оширади. Айниқса, бир-бирини кечириш, адоват ва гина-кудуратларни унутиш, аразлашган инсонлар билан ярашишга интилиш бу ойнинг муҳим жиҳатларидандир. Зеро, Рамазон жамиятда ўзаро ҳурмат, ишонч ва бирдамликни кучайтирадиган, қалбларни яраштирадиган ойдир.
Рўза инсонни сабрга ўргатади, бор неъматларнинг қадрига етишга ундайди. Ҳар куни оддий қабул қилинаётган ризқ, тинчлик, саломатлик, оила ва Ватан каби неъматларнинг аҳамиятини англатади. Рамазон шукроналикни фақат тил билан эмас, балки амал билан намоён қилишга чорлайди. Яхшилик қилиш, гуноҳлардан тийилиш, ҳар бир неъмат учун Аллоҳга ҳамд айтиш мўминнинг қалбида шукр туйғусини мустаҳкамлайди. Сабр эса инсонни қийинчиликлар қаршисида синмасликка, ҳаётнинг ҳар бир ҳолатида ҳикмат излашга ундайди.
Бу ой Қуръон ойи ҳамдир. Рамазонда каломуллоҳни кўпроқ тиловат қилиш, унинг маънолари устида тафаккур қилиш ва ҳаётга татбиқ этиш ҳар бир мўмин учун муҳим вазифадир. Дуо эшиклари кенг очиладиган бу ойда инсон ўзининг ва бутун умматнинг хайрли ишлари, тинчлик ва фаровонлиги учун самимий дуолар қилиши лозим.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Рамазон ойи инсонни маънавий юксалишга етаклайдиган, қалбларни поклайдиган, жамиятда меҳр-оқибат, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни қарор топтирадиган улуғ мавсумдир. Бу муборак кунларни ибодат, илм ва эзгу амаллар билан мазмунли ўтказиш ҳар бир мўмин учун катта бахт ва саодатдир.
Аллоҳ таоло ушбу муборак ойда тутган рўзаларимизни, қилган ибодат ва хайрли ишларимизни қабул айлаб, қалбларимизга ихлос ва шукроналик ато этсин. Омин!
Нурулло Маҳкамов,
Чуст туман бош имом-хатиби
