аманган марказидаги Бобур боғи замонавий дам олиш масканига айлантирилади

Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов тадбиркорлар билан учрашувларда билдирилган мурожаатларни жойига чиққан ҳолда ўрганиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва мурожаатларни ижобий ҳал қилиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берди.

Ўрганишлар давомида Наманган шаҳри марказида жойлашган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғини замонавийлаштириш лойиҳаси билан ҳам танишилди.

Қиймати 3,8 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида боғ ҳудудига 300 та декоратив чироқ, дарахтлар ва яшил майдонларни ёритиш учун эса 250 та махсус чироқ ўрнатилади. Шунингдек, очиқ саҳна ва тадбирлар майдончаси реконструкция қилиниб, кириш аркалари замонавий кўринишга келтирилади.

Лойиҳа натижасида 20 та тадбиркорлик субъекти фаолиятини кенгайтириш, 6 та янги хизмат кўрсатиш ва сервис объектини ташкил этиш ҳамда 110 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Вилоят ҳокими амалга оширилаётган ишларни сифатли бажариш, белгиланган муддатларда якунлаш ва боғ ҳудудининг жозибадорлигини янада ошириш бўйича масъулларга аниқ вазифалар юклади.