Кечаги аҳволи оғир ёшлар бугун жамиятнинг фаол аъзоларига айланмоқдалар

post-title

Ёшлар билан индивидуал ишлаш ва бу жараённи жадаллаштириш, жамиятдан ажраб қолган, ҳаётда ўз ўрнини тополмаётган, ёт ғоялар таъсирига тушиб ва ёки ҳаётнинг нотўғри кўчаларига кириб қолган ёшларни фаол ҳаётга қайтариш – бугун олдимиздаги энг муҳим ва кечиктириб бўлмас вазифадир.
2023 йилнинг 11 апрель куни Президентимиз раислигида ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни сифатли таълим билан қамраб олиш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда соғлом фикрлашларига замин яратиш бўйича вазифалар белгилаб берилганини бу борада айни вақтида кўрилган чора-тадбирлар бўлди дейишимиз мумкин.

Маълумки, мамлакатимиздаги 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларнинг ижтимоий аҳволи, қобилияти ва қизиқишлари ўрганилиб, улар 3 тоифага ажратилган. Бунда яхши ўқиётган, тадбиркорлигини йўлга қўйган, расмий секторда ишлайдиган, қобилияти бор, ижтимоий фаол бўлган 4,4 миллион ёш “яхши” тоифага, турмуш тақозоси билан расмий сектордан иш топа олмаган, лекин иқтисодий фаол 4,6 миллион ёш «ўрта» тоифага, давлатнинг ғамхўрлиги ва эътиборини кутаётган ҳамда кўмакка муҳтож 396 минг нафар ёш “аҳволи оғир» тоифага ажратиб олинган.

Учинчи тоифадаги 50 нафардан эътиборга муҳтож ёшлар бошқа масъул ташкилотлар раҳбарлари қаторида олий таълим муассасалари ректорларига ҳам номма-ном бириктирилди.

Жумладан, Наманган давлат университети ректорига Наманган вилояти Поп туманида истиқомат қилувчи 52 нафар ёшлар (шундан 13 нафари аёллар, 39 нафари эркаклар) бириктирилган. Бу ёшлар билан йил давомида манзилли, аниқ мезонлар асосида иш ташкил этилди.

Аввало, 38 нафари туманнинг Келачи, 14 нафари эса “Ифтихор” маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилиб келаётган бу ёшлар шартли равишда 5 та тоифага ажратилиб олинди. Ўрганишлардан сўнг ёшларнинг 24 нафари ногиронлиги мавжуд, 19 нафари хорижий миграциядан қайтган, 3 нафари профилактик ҳисобда турувчи, 4 нафари пробация назоратидаги ва 1 нафари оилавий ажрим ёқасидаги шахслардан бири, 1 нафар ёш чин етим ҳисобланиши маълум бўлди.

Юзма-юз мулоқотлар ва ўрганишлар давомида бириктирилган ёшларнинг 8 нафари муаммолари йўқлигини билдирди. Ёшлардан 1 нафари Фарғона вилоятига доимий яшаш учун кўчиб кетгани, 7 нафарининг эса Россияга ишлаш учун чиқиб кетганлиги аниқланди. 

Дастлаб Наманган давлат университети ректори номидан бириктирилган 52 нафар ёшларга мактуб жўнатилиб, ёшларнинг муаммо ва қийинчиликларини ўрганиш ҳамда уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида 6 марта “Университет ва ёшлар” учрашуви ўтказилди. Ҳозирги кунга қадар бириктирилган “оғир” тоифадаги ёшларнинг барчаси билан 10 мартадан юзма-юз учрашиб, суҳбатлашилди.

Учрашувларда ёшлар томонидан билдирилган муаммолар қисқа муддатларда ҳал этиб берилди. Хусусан, 24 та асбоб-ускуналар ва жиҳоз олиб бериш,  2 та моддий ёрдам, 3 та бошқа йўналишдаги муаммоли масалалар ижобий ҳал этилди.

Хусусан, Баҳромжон Турсуновга университет томонидан электр пайвандлаш ускунаси, Достонбек Раҳмоналиевга рубоб чолғу асбоби, Адҳамжон Соибназаровга туман ҳокимлигига мурожаат асосида мотокультиватор олиб берилди. Шоҳбоз Абдураҳимовга эса хорижий таълим муассасаларидан ўқишини кўчириш бўйича тушунтириш берилди, шу билан бирга айни пайтда уни туман марказидаги ресторанда иш бошлаши таъминланди.

Ўткан йилнинг сентябрь ва октябрь ойларида ҳам Поп тумани Келачи ва “Ифтихор” МФЙларига навбатдаги ташрифлар чоғида ёшларнинг муаммолари ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, уларга турли хил жиҳозлар топширилди.

Масалан, “Ифтихор” маҳалласида яшовчи ёшлардан Муҳаммадбобур Улканбоевга карчер аппарати, Тоҳиржон Раҳимовга қурилиш анжоми, Фурқат Абдураҳмоновга бокс чарм қўлқопи, Дилнура Шариповага замонавий ноутбук, Одина Алиевага ҳам Поп маиший хизмат кўрсатиш коллежига ўқишга киргани учун ноутбук, Заҳрохон Ҳабибуллохоновага тикув машинаси тақдим этилди.

Ўз навбатида, Келачи МФЙ ёшлари бўлган Хушнуд Ёқубов, Отабек Қодиров, Зарнигор Пўлатова, Исломжон Қодиров, Ҳусанбой Камолиддинов, Саодат Ёқубова, Шаҳбоз Ҳакимов ва Сурайё Иброҳимоваларга замонавий ноутбуклар тақдим этилди. Мадина Ғаниевага қизиқиши ва келгуси режаларидан келиб чиқиб тикув машинаси, Хуршидхўжа Шермуродовга сартарошлик анжоми, Ҳусанбой Қодировга вентилятор, Ғайрат Мамадалиевга устачилик билан шуғулланиши учун пайвандлаш аппарати берилди.

Шуни мамнуният билан таъкидлашни истардикки, кеча ижтимоий аҳволи оғир деб топилган ёшларнинг аксарияти бугун жамиятнинг фаол аъзосига айланмоқда. Аниқроқ айтганда, ёшлар билан мунтазам ишлаш, тегишли фанлардан тушунтиришлар олиб бориш ва фанлар бўйича тарқатма материаллари билан таъминлаш натижасида 3 нафар ёшлар олий таълим муассасаси талабаси бўлишга эришди. Хушнуд Ёқубовнинг Тошкент ирригация ва мелиорация университетига, Отабек Қодировнинг Наманган муҳандислик-қурилиш институтига, Зарнигор Пўлатованинг Наманган халқаро кимё университетига, Ҳусанбой Камолиддиновнинг эса Поп касб-ҳунар мактабига ўқишга кирганлиги нафақат уларнинг оила аъзолари, балки бизларни ҳам ниҳоятда қувонтирди. Чунки эндиликда уларнинг ҳаётда ўз мақсади ва тўғри танланган йўли бор.

Дарвоқе, бириктирилган ҳар бир йигит-қизнинг оилавий ва ижтимоий аҳволидан келиб чиқиб кўмак бермоқдамиз. Шу маънода Келачи МФЙда яшовчи Ҳасанбой Қодиров ва “Ифтихор” МФЙда истиқомат қилаётган Мафтуна Одиловага маълум миқдордаги маблағ моддий ёрдам сифатида берилган бўлса, олий таълим муассасасига ўқишга кириш истагидаги Ҳилола Ғаниева ва Отабек Солиевларга бепул ўқув курслари ташкил этиб берилди.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, ёшларни бугунги таҳликали даврда турли ёт ғоялар таъсиридан ҳимоялаш, улар онгини бировлар эгалламасдан туриб, уларга ўзимиз ғамхўрлик ва тўғри йўл кўрсатишимиз зарур. Президентимиз ташаббуси билан бошланган бу каби хайрли жараён ёшларнинг фаол бўлмаган қатламини жамиятга қайтариш бўйича катта қадам бўлди. Ёшлар масаласидаги олдимизга қўйилган вазифаларни ўз вақтида, сифатли бажариш орқали ислоҳотлар самарадорлиги натижасини ҳар бир ёшнинг ҳаётида кўрсатишимиз мумкин бўлади. Бу билан ёшларнинг  давлатимиз томонидан қилинаётган ғамхўрликларни ҳис қилишига ва фаол ҳаётга кириб боришига эришамиз.

 Наримон Деҳқонов, Наманган давлат университети 
ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори.

icon Обуна бўлинг

Бизнинг янгилик ва хабарларга