Тараққиёт сари энг муҳим қадам

post-title

Куни кеча, яъни 21 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон - 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги фармони қабул қилинди.

Фармон «Ўзбекистон - 2030» стратегиясида белгиланган кенг кўламли ислоҳотларни 2024 йилда самарали амалга ошириш, халқимизнинг кундалик ҳаётида ижобий ўзгаришларга эришиш бўйича тизимли ҳаракатларни изчил давом эттириш, «яшил иқтисодиёт» тамойилларига асосланган юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, экологик ҳолатни яхшилаш, сув ва бошқа табиий ресурслардан унумли фойдаланиш стандартларини кенг жорий қилиш ҳамда халқ манфаатларига йўналтирилган бошқарув тизимини янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинди.

Ушбу муҳим ҳужжатда қатор соҳалар сирасида олий таълим тизимини янада такомиллаштириш, фаолиятни янги босқичга олиб чиқиш масалаларига ҳам жиддий эътибор қаратилган. 

Хусусан, «Ўзбекистон - 2030» стратегиясининг ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш йўналиши бўйича 2024 йилга мўлжалланган амалий тадбирлар режасида олий таълим ташкилотлари педагоглари фаолияти самарадорлигини ошириш, илғор хорижий тажриба асосида олий таълим ташкилотлари профессор-ўқитувчиларининг рейтингини юритиш тартиби юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди.

Мазкур йўналишнинг 7-мақсадида эса олий таълим билан қамровни кенгайтириш, олий маълумотга эга мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишга доир аниқ чора-тадбирлар назарда тутилмоқда. Бу борада ёшларни олий таълим билан қамров даражасини ошириш мақсадида олий таълим муассасалари имкониятларини ҳисобга олган ҳолда кадрлар буюртмачилари таклифлари асосида ОТМга ўқишга қабул қилиш параметрлари бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

Шунингдек, фармонга асосан, жорий йилда олий таълим муассасаларини дунёнинг энг нуфузли «ТОП-1000» олий таълим ташкилотлари рейтингига киритиш, таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш, хулосалар асосида ОТМлар фаолиятини янада такомиллаштириш чоралари кўрилади. Таълим тизими халқаро меҳнат бозоридаги ўзгаришлар, технологик жараёнларга мос ташкил этилади, олийгоҳларда амалиётга йўналтирилган мутахассисларни тайёрлаш муддати ва ўқув-услубий қўлланмаларни қайта кўриб чиқилади ва таълим дастурлари дунёнинг нуфузли университетлари андозаси асосида такомиллаштирилади. Бунда бакалавриатда таълим тизими тўлиқ кўриб чиқилиб, мазмун жиҳатдан яқин бўлган йўналишлар бирлаштирилиши ва замонавий меҳнат бозори талабларига мослаштирилиши талаб этиляпти. Бухгалтерия, логистика, маркетинг, IТ, дизайн, туризм каби бакалавриат йўналишларида ўқиш муддатини қайта кўриб чиқилиши ҳам назарда тутиляпти.

Био-муҳандислик, нано-технология, IТ, инжиниринг, урбанистика, яхшил энергетика каби истиқболли янги мутахассисликларга ўқитиш йўлга қўйилади. 

Ўз навбатида, фармонда «ТОП-500»га кирадиган хорижий университетлар билан ҳамкорликда қўшма таълим дастури асосида кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш, ҳамкорликни кучайтириш ва қўшма таълим дастури (икки диплом тизими) асосида кадрлар тайёрлаш бўйича хорижий университетлар билан келишувларга эришиш, талабаларга қулай шарт-шароит яратиш учун олий таълим муассасаларининг моддий-техник таъминотини мустаҳкамлаш каби вазифалар ҳам белгилаб қўйилди. 

Дарҳақиқат, бугун халқаро алоқаларни янада ривожлантириш, халқаро рейтингларда муносиб иштирок этиш ва таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш орқали талабаларга сифатли таълим бериш, бугунги талабларга мос рақобатбардош кадрлар тайёрлаш олдимизда турган энг  муҳим вазифа. 

Шу ўринда таъкидлаб ўтишни истардимки, шу кунга қадар Наманган давлат университети 70 га яқин хорижий олий таълим муассасалари билан англашув меморандумларини имзолади. Университетни халқаро даражага олиб чиқиш мақсадида дунёнинг «ТОП-500»га кирувчи Туркиянинг Ўрта Шарқ техника университети, Истанбул Техника университети, Италиянинг Саннио университети, Германиянинг Майнц университети билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Келгусида профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг халқаро алмашинув дастурларидаги иштироки сони 5 баробарга оширилади.

Айни пайтда Наманган давлат университети GRRENMETRICS (гринметрикс) халқаро рейтингида 790 ўринни эгаллаб турибди. THE ва QS халқаро рейтингларида ҳам ижобий натижаларга умид қилишимиз мумкин. Яқинда халқаро алоқаларни янада ривожлантириш ва илғор халқаро тажрибаларни амалиётга кенг жорий этиш мақсадида университетда ёшларнинг тил ўрганишлари учун замонавий «Мустақил таълим маркази» барпо этилди. Айни пайтда марказлар фаолиятини такомиллаштириш чоралари кўрилмоқдаки, бу ёшлар ва фуқароларга чет тилларни қисқа вақт ичида ўрганиб, сертификатга эга бўлган ҳолда хорижий давлатларда ишлаш ва ёки таълим олиш имкониятини бермоқда.

Президентимизнинг юқоридаги фармони ижросини таъминлаш мақсадида биз ҳозирданоқ бир қатор вазифаларни белгилаб олдик. Жумладан, жорий йилда университетни рақамлаштириш орқали 24 та таркибий тузилмадан (контент) иборат ягона экотизим «Очиқ илм-фан платформаси» ташкил этилади. Бунда барча бўлимлар, кафедралар ва факультетларнинг илмий, ўқув, ўқув-улубий соҳаларга оид барча ҳужжатлари рақамлаштирилади ва онлайн таҳлили юритиб борилади. Шу билан бирга профессор-ўқитувчиларимиз, кафедра ва факультетларимизнинг самарадорлик кўрсаткичлари миллий ва халқаро рейтинг мезонлари асосида мониторинг қилиб борилади. 

Яқин кунлар ичида Хитой, Туркия ва Россиянинг ТОП-300 таликка кирувчи 8 та олий таълим ташкилотлари билан шериклик келишувларини (одатдаги меморандум эмас) имзолаймиз. 

Қолаверса, Наманган давлат университети EVROASIS университетлар таълим ташкилотига аъзо бўлади. Ушбу халқаро алоқалар натижасида университетдаги таълим йўналишлари босқичма-босқич халқаро аккредитациядан ўтади. Ҳамкорликда халқаро илмий, амалий ва фундаментал грантлар йўлга қўйилади. Факультетларимиз деканлари ва мудирларимиз бошчилигида салоҳиятли профессор-ўқитувчиларимиздан иборат факультетлар гуруҳларининг ҳамкор олий таълим ташкилотларга ташрифлари ташкил этилади. Бу орқали ҳар бир факультет ўзининг олдига халқаро тажрибалар асосида факультетини янада ривожлантириш стратегиясини белгилайди ва илғор тажрибаларни амалиётга жорий этади. Ўқитувчилар ва талабаларнинг мақсадли хорижий стажировкалари ташкил этилади. 

Шунингдек, талабаларнинг чуқур билим олишини таъминлаш мақсадида «Namangan City»да  7 қаватли 2000 ўринли «Инновацион факультет» ўқув биноси қурилади. 2 та 800 ўринли талабалар турар жойи қурилиши босқичма-босқич фойдаланишга топширилади. Жорий йилда қишлоқ хўжалиги ва биология соҳасидаги таълим йўналишлари учун ўқув лаборатория ва ўқув амалиёт полигонларини ташкил этиш мақсадида турли минтақаларда ўсувчи дарахт ва бутасимон ўсимликларни ўзида жамлаган «ЭКО-БОҒ» ва хорижий ҳамкорларимиз билан биргаликда Биотехнология илмий-ўқув лаборатория кампусининг қурилиши ҳам бошланади. Бу кампусда нафақат биотехнология, балки унга турдош бўлган соҳаларнинг лаборатория хоналари ҳам мавжуд бўлади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар тараққиёт йўлидаги энг муҳим қадам ҳисобланади. Президентимизнинг “Ўзбекистон - 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони эса ўзида аниқ чора-тадбирларни акс эттиргани боис жорий йилда фаолиятимиз учун дастуриламал бўла олади. Университетимизнинг кўпминг кишилик жамоаси вазифалар ижросини таъминлаш учун масъулиятни юракдан ҳис этиб, бор куч-салоҳият ва имкониятларни ишга солади.

Даврон Деҳқонов,
 Наманган давлат университети
 таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи.

icon Обуна бўлинг

Бизнинг янгилик ва хабарларга