Мен ўзбекистонда туризм ривожи учун овоз бераман!

Ўзбекистон ўзининг бой маданий мероси, тарихий обидалари ва гўзал табиати билан дунё аҳлига яхши таниш. Юртимиз айни пайтда туризмни ривожлантиришга катта эътибор қаратаётган давлатлар қаторига киради.

Сўнгги йилларда биз дунёга, дунё эса бизга очилди. Мамлакатимизда туризм ривожи йўлида катта қадамлар ташланди. Ўнлаб давлатларга чиқишда виза режими бекор қилинди. Қатор хорижий давлатлар фуқароларининг Ўзбекистонга ҳеч бир тўсиқ ва қийинчиликсиз саёҳат қилиши имкони яратилди. Туризм йўналишида кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилди.

Жумладан, мен ҳам Наманган давлат университетининг иқтисодиёт факультетида таҳсил оламан. Университетни туризм соҳаси бўйича мутахассис сифатида тугаллайман. Юқоридаги каби ижобий ўзгаришлар мени танлаган соҳамга бўлган қизиқишимни янада оширади.

Туризм ривож топса, мамлакат иқтисодиётининг энг асосий йўналишига айланиши мумкин. Шундай экан, 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган сайловда иштирок этайлик. Юрт равнақига, эзгу ташаббус ва улуғвор мақсадларга бефарқ бўлмайлик!

Шахсан мен сайловда Ўзбекистонда туризм ривож топиши учун овоз бераман!

Санжарбек Мусулмонқулов,
иқтисодиёт факультети талабаси