Оилаларни камбағалликдан чиқариш дастуридан «Энг тоза маҳалла» танловигача, «Norma.uz» портали 2024 йил 1 ноябрдан кучга кирадиган миллий қонунчиликдаги асосий ўзгаришлар шарҳини тақдим этди.
Меҳнат ҳуқуқларига риоя этилишини текширишнинг янги тартиби жорий этилади
Давлат меҳнат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан текширув бошланган пайтдан Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилган ҳолда меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши юзасидан текширувлар ўтказилади.
Оилаларни камбағалликдан чиқариш дастури бошланади
«Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури ишга туширилади, у «Камбағал оилалар учун етти имконият ва масъулият» тамойили асосида амалга оширилади. У қуйидагиларни назарда тутади:
- ҳар бир маҳаллага етакчи тадбиркорларни жалб қилиш, томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, камбағал оилаларга қўшимча 50 минг гектар экин майдонларини ижарага бериш;
- парваришга муҳтож шахсларни ҳар куни йўқлаш асосида патронажни, болаларни тарбиялаш ва кундузги парвариш хизматларини йўлга қўйиш;
- ипотека тизимидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, замонавий «яшил» турар жой бинолари қуриш ёки реконструкция қилиш ва бошқалар.
Товар-хомашё биржаларига янги талаблар қўйилади
Лицензия олиш учун товар-хомашё биржалари қуйидагиларга эга бўлиши керак:
- мулк ҳуқуқи асосида лицензияланган биржа савдоларининг электрон тизими;
- умумий хотираси 100 ТВ бўлган сервер ускуналари ва алоҳида маълумотларни қайта ишлаш маркази;
- электрон биржа савдолари тизимининг ҳимояси;
- хизмат кўрсатувчи банк билан интеграция доирасида маблағларни киритиш ва ҳисобдан чиқаришни инсон аралашувисиз амалга ошириш имконини берувчи дастурий таъминот.
100 млн сўмгача гаровсиз кредитларни қайта молиялаш ставкалари кучга киради
Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлашнинг комплекс дастури доирасида 100 млн сўмгача гаровсиз микрокредитлар кичик тадбиркорлик субъектлари рўйхатдан ўтган ва фаолият юритаётган ҳудудлар тоифасидан келиб чиқиб, микрокредит берувчиларга қуйидаги ставкаларда қайта молияланади, хусусан:
- 5-тоифага – 12,5%;
- 4-тоифага – 13,5%;
- 3-тоифага – 14,5%;
- 2-тоифага – 17%;
- 1-тоифага – 18%.
Заргарлик буюмларини назорат қилишнинг янги чоралари белгиланди
Шундай қилиб, хориждан ишлаб чиқарилган ва божхона тўловлари тўланганини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлмаган заргарлик буюмларини чакана савдода сотувга қўйиш ва сотиш тақиқланади.
Қимматбаҳо металлар парчалари ва чиқиндилари ҳамда қимматбаҳо металлар билан қопланган металлар лицензия асосида экспорт қилинадиган махсус товарлар рўйхатига киритилади.
Шунингдек, Давлат асиллик даражаси назорати инспекциясининг хулосаси бўлмаган заргарлик буюмлари ярим фабрикатларини Ўзбекистон божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш тақиқланади.
Электр энергияси учун тўловларни қабул қилишга чекловлар
Чиқиндилар билан ишлаш хизматлари учун тўлов тўланмаган тақдирда (электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланмаган ҳудудлар бундан мустасно) абонентлардан электр энергияси учун тўловларни қабул қилишга вақтинчалик чеклов киритилади.
Эски намунадаги акциз маркали спиртли ичимликлар ва тамаки олиб қўйила бошлайди
Солиқ ва Божхона қўмиталари эски намунадаги акциз маркали маҳсулотларни аниқлаш ва олиб қўйишни бошлайди.
«Энг тоза маҳалла» танлови бошланади
Ноябрдан январгача туманлар, вилоятлар ва республика даражасида «Энг тоза маҳалла» танлови ўтказилади, унинг натижаларига кўра 14 та ғолиб маҳалла тақдирланади. Экология жамғармаси ҳисобидан уларга чиқинди йиғиш майдончалари қуриш, маҳалланинг ижтимоий объектларида чиқинди йиғиш контейнерларини ўрнатиш ва дарахт экиш учун маблағ ажратилади. Шунингдек, ғолибларга хизмат фойдаланиши учун биттадан электромобиль берилади.
Бинолар энергия самарадорлигига текширилади
Майдони 200 квадрат метрдан ортиқ бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлиги тоифасини аниқлаш учун «А», «В», «C», «Д», «Е», «Ф» ва «Г» тоифалари жорий этилади.
Бунда «А» тоифаси энг юқори энергия самарадорлигига эга бино ва иншоотларни, мос равишда «Г» тоифаси – энг пастини белгилаш учун қўлланилади.