«Фарзандлари доимо комилликка интилувчи халқ ўз мақсадларига, албатта эришади».
Ш. М. Мирзиёев
Наманган давлат университети бугунги кунда педагогика ва халқ хўжалигининг қатор соҳалари учун малакали кадрлар тайёрлаб бермоқда. Жумладан, филология факультетида жорий ўқув йилида 1024 нафар талаба таҳсил олмоқда. Улар орасида бакалавриат йўналишининг иқтидорли талабалари, магистрлар ва докторантлар ҳам бор.
Факультетнинг илмий салоҳияти 60 фоиздан юқори бўлиб, ўзбек тили ва адабиёти ҳамда рус тили ва адабиёти кафедраларида профессор, доцент, фан номзодлари талабаларга билим бермоқдалар.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 9 октябрдаги қарорига мувофиқ, қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси»да белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида факультетда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Асосий эътибор кафедралардаги илмий салоҳиятни кўтаришга қаратилмоқда. Бу жараёнда университет ҳузуридаги бир неча ихтисосликлар бўйича илмий кенгаш ва илмий семинарлар фаолиятининг йўлга қўйилганлиги катта аҳамият касб этмоқда.
Аниқроқ айтганда, илмий салоҳият кўрсаткичи ўзбек тили ва адабиёти кафедрасида 70 фоиз, рус тили ва адабиёти кафедрасида 43 фоизни ташкил этмоқда. Ёш изланувчиларнинг илмий тадқиқот ишларини жадаллаштиришда профессор Носиржон Улуқов, профессор Хуринисо Усмонова, профессор в.б Мўминжон Сулаймонов, филология фанлари доктори, доцент Фарида Каримова, доцент Иброҳим Дарвишов, доцент Шавкатжон Абдураҳмоновлар жонбозлик кўрсатмоқдалар.
Шунингдек, факультетда рус тили ва адабиёти кафедраси профессори, Пушкин номидаги халқаро танлов лауреати, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Қодир Носиров, филология фанлари доктори, доцент Комилжон Абдуллаев, педагогика фанлари номзоди доцент Джен Элена Виталевна, филология фанлари номзоди, доцент Дилором Бобохонова, филология фанлари номзоди, доцент Муҳаббат Саидова, филология фанлари бўйича фалсафа докторлари Абдужаббор Омонов, Дилфуза Тожибоева каби устозлар, доцентлар Евгений Зинин, Умиджон Қўзиев, Ҳавасхон Солихўжаева, Нозима Қозоқова, Отабек Йўлдошев, Нигора Сайдаҳмедовалар илмий изланиш олиб бориш баробарида талабаларга ҳам сабоқ бериб келмоқдалар.
2024-2025 ўқув йилида ёш профессор-ўқитувчилардан Мусурмон Усмонов, Аббосжон Роҳаталиев, Беҳзоджон Ашуров, Сабохон Жўрабоевалар филология фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражасига эга бўлди.
Факультетда мунтазам равишда вилоят, республика ва халқаро мақомга эга бўлган илмий-амалий анжуманлар ўтказиб келинмоқда. Илмий тўпламлар мунтазам нашр этилиб, унда таниқли олимлар, ёш мутахассислар ва талабалар ўз мақолаларини нашр эттирмоқдалар.
Ўзбекистонда замонавий ёшларнинг интеллектуал, маънавий ва жисмоний ривожланиши масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Факультетимиз талабаларидан 33 нафари «Заковат», «Заковат ҚВЗ», «Китоб – менинг дўстим», «Иншолар танлови», «Тил билимдонлари», «Йил талабаси», «Тафаккур соҳили», «Мушоира клуби», «Коррупцияга қарши курашиш», «Конституция – менинг фахрим», «Аждодларга муносиб авлод бўлайлик», «Бир ҳафтада бир китоб», «Мунозара», шунингдек, шахмат-шашка мусобақаларида қатнашиб, ғолиб ва совриндорлар қаторидан ўрин эгаллади.
Жумладан, талабалар Нафиса Ҳабибуллаева номли давлат стипендиясига сазовор бўлган бўлса, Акбарали Меҳмонов «Китоб – менинг дўстим», Шаҳноза Мирзажонова ҳамда Шаҳзода Соғинбоева «Тил билимдонлари», Нодирбек Абдуқаҳҳаров «Ёш китобхон» республика кўрик-танловида 2- ва 3-ўрин соҳиби бўлдилар. Нуриддин Мамажонов пара дзюдо тури бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлди. Яна бир талабамиз «Йил талабаси» республика танловида финал босқичга йўлланма олди. Меҳринисо Нурматова, Моҳидил Ҳамидуллаева, Фарруҳ Баратов, Ҳуснида Раҳимбердиевалар иқтидорли талаба сифатида факультетимиз фахри ҳисобланади.
Олий ўқув юртлари талабалари ўртасида ўтказилган «Маърифат майдони» кўрик-танловида ўзбек тили ва адабиёти йўналиши талабаларининг Самарқанд вилоятида ўтказилган танловда 2-ўринни олиб, ғолиб бўлганлигини ҳам алоҳида таъкидлашимиз ўринли.
Бундан ташқари, факультетимиз талабалари ўқишдан бўш вақтларида университет ахборот-ресурс марказида мустақил ўқиш учун дарслик, ўқув-услубий қўлланмалар, электрон ўқув қўлланмаларидан фойдаланиш, халқаро Интернет платформаларида ишлаб, яратилган шароитлардан унумли фойдаланиб келмоқдалар. Ахборот-ресурс марказида ишлаш, ўз навбатида, профессор-ўқитувчиларга дунёнинг беш юзга яқин олий ўқув юртларининг намунавий дастурлари бўйича ишчи дастурлар ва ўқув-услубий мажмуаларни ишлаб чиқиш имконини бермоқда.
Шунингдек, факультетда шаҳар ва туман умумтаълим мактаблари билан узвий ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, олий ўқув юртларига киришга тайёргарлик кўраётган юқори синф ўқувчилари билан учрашув ва суҳбатлар ташкил этиб бориляпти.
Факультетда жамоатчилик ишлари ҳам фаол йўлга қўйилган. Жумладан, Наманган шаҳар «Янги тонг», «Давлатобод», «Оби ҳаёт» маҳаллаларида ёшлар билан ишлашни ташкил этиш лойиҳаси доирасида маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Ўтган 2024 йил давомида ўқитувчилар ва талабалар иштирокида ҳудудларда бир неча бор қизиқарли тадбирлар ўтказилди, абитуриентларни ОТМларига тайёрлаш курслари ташкил этилди ва кам таъминланган, ногиронлиги бор оилалар учун мунтазам равишда хайрия тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Факультетда халқаро ҳамкорликлар доирасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбек тили ва адабиёти кафедрасида бажарилаётган «Ўзбек ва турк геортонимларининг лингвокултурологик, этнолингвистик тадқиқи» номли фундаментал лойиҳа доирасида лойиҳа раҳбари, филология фанлари доктори, профессор Улуқов Носиржон Муҳаммадалиевич, катта ўқитувчи, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (ПҳД) Салиходжаева Ҳавасхон Закиржановна ва лойиҳа аъзоси Нуриддинова Нозима Авазхоновна 2024 йил 28 октабрдан 11 ноябргача Туркиянинг Эгей университети Турк дунёси илмий тадқиқот институтида хизмат сафарида бўлдилар. Мазкур хизмат сафари давомида лойиҳа доирасида илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва янги адабиётлар яратиш муаммолари каби муҳим вазифаларлар амалга оширилди.
Шунингдек, ўзбек тили ва адабиёти кафедраси доценти, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (ПҳД) Юлдашев Отабек Тошпўлат ўғли 2023 йил ноябрь-декабрь ойларида Ҳиндистон Республикасининг Ченнаи шаҳрида «Ривожланаётган мамлакатларда аккредитация орқали Олий таълимда сифатни таъминлаш» мавзусида, 2024 йил июнь ойида кафедра доцентлари И. Дарвишов, У.Қўзиев ва О. Юлдашевлар Қозоғизистон Республикаси Алмаати технология университетида малака ошириш курсларида иштирок этишди. Бу каби халқаро ҳамкорлик жорий йилда ҳам янги босқичга кўтарилади.
Гувоҳи бўлганингиздек, таълим соҳасидаги ислоҳотлар ўз устида тинимсиз ишлаётган, мамлакатимиз илм-фанига, жамият тараққиётига ва халқ фаровонлигига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишни истаётган факультетимиз жамоасига катта умид ва куч бағишламоқда. Талабаларга чуқур билим бериш, уларни етук ва малакали мутахассислар этиб тарйёрлаш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз!
Абдуғаффор НАЗАРОВ,
Наманган давлат университети филология
факультети декани, география фанлари доктори.
Обидхон ҲУСАНХЎЖАЕВ,
декан ўринбосари, филология фанлари бўйича фалсафа доктори.