Илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш уйғунлигидаги янги саҳифа

Муносабат

Президентимизнинг 2025 йил 24 январда “Наманган давлат техника университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграциялаш орқали ривожланишнинг янги босқичига йўл очади.  

Наманган муҳандислик-технология институти, Наманган муҳандислик-қурилиш институти ва Наманган тўқимачилик саноати институти негизида янги университетнинг ташкил этилиши, аввало, ушбу олийгоҳларда шаклланган илмий ва амалий тажрибани бирлаштириб, юксак сифатли таълим тизимини яратишга хизмат қилади. Университетнинг асосий вазифаларидан бири сифатида ҳудуднинг юқори малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш белгилаб қўйилгани унинг стратегик аҳамиятини янада оширади.  

Илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш уйғунлигидаги янги саҳифа

Янги университет доирасида ташкил этиладиган Илғор муҳандислик мактаби бугунги кун талабларига жавоб берувчи мутахассислар тайёрлашда муҳим ўрин тутади. Ҳозирги глобаллашув ва рақамли технологиялар даврида, таълимнинг илғор ютуқларидан фойдаланган ҳолда, амалиётга йўналтирилган дастурларни татбиқ этиш устувор йўналиш сифатида белгиланди. Шу билан бирга, 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб иш берувчи корхона ва ташкилотларнинг реал муаммолари асосида битирув малакавий ишлар ва магистрлик диссертациялари мавзуларини белгилаш, уларни ҳимоя қилиш жараёнини ишлаб чиқариш майдонларида ташкил этиш талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан боғлашга ёрдам беради.  

Университетнинг яна бир муҳим жиҳати йирик ишлаб чиқариш корхоналарини саноат ҳамкори сифатида бириктиришдир. Ушбу жараён университетда илмий тадқиқот ишларининг янада ривожланишига, янги технологияларнинг ишлаб чиқаришга интеграция қилинишини таъминлашга қаратилган. Энг муҳими, Наманган муҳандислик-технология институти, Наманган муҳандислик-қурилиш институти ва Наманган тўқимачилик саноати институтида таҳсил олаётган барча талабалар ўз ўқишларини узлуксиз давом эттириш имкониятига эга бўлади.  

Президентимизнинг ушбу қарори Наманган вилоятининг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор яратди. Мазкур ҳужжат нафақат таълим тизими, балки минтақанинг умумий салоҳиятини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.  

Ойбек Эргашев,
Наманган муҳандислик-технология
институти ректори вазифасини бажарувчи, профессор.