Кадрлар тайёрлайдиган ягона техникумлар тармоғи ташкил этилади

«Касбий таълимда малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро таълим дастурларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони  қабул қилинди. 

Фармонга кўра,  касбий таълим ташкилотларининг амалдаги турлари мақбуллаштирилиб, касбий таълимнинг барча даражалари бўйича кадрлар тайёрлайдиган ягона техникумлар тармоғи ташкил этилади.

Техникумларда:

➖ кадрлар тайёрлаш Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи ва Ўзбекистон миллий малака тизими талабларига мос равишда ташкил этилади;

➖ бошланғич, ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади, шунингдек, малака ва компетенциялар бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади;

➖ бошланғич касбий таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш умумий ўрта таълим ташкилотининг 9-синфини тамомлаган ўқувчилар учун – давлат гранти асосида амалга оширилади;

➖ ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ташкил этилади;

➖ ўрта махсус касбий таълим дастурларининг битирувчиларига ўзлаштирган модуллари, тўплаган кредитлари ва олий таълим ташкилоти томонидан белгиланган баллар ўртача қийматидан (GPA) келиб чиқиб, бакалавриатнинг тегишли босқичидан ўқишни давом эттиришга рухсат этилади.