Наманганда «Жасорат» рақамли музейи очилди

Халқ тинчлиги ва осойишталигини сақлаш, аҳоли ўртасида ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш ишига хизмат қилиб келаётган вилоят ички ишлар тизими ўзининг шонли тарихи ва бой анъаналарига эга. Уларни ёш авлодга етказиш ва соҳада тўпланган илғор тажрибаларни кенг тарғиб этиш мақсадида Наманган вилояти ИИБда «Жасорат» музейи ташкил этилди.

Наманганда «Жасорат» рақамли музейи очилди

Бу масканда вилоят ички ишлар органларининг ташкил этилишидан, бугунга қадар бўлган фаолияти ёритилган. Тегишли маълумотлар замон талабларига мос равишда рақамли технологиялар асосида, яъни QR код орқали уч тилдаги (ўзбек, рус ва инглиз) аудиоёзув орқали тақдим қилинади. Шу билан бирга музейда алоҳида замонавий ва қулай «Видеозал» жойлашган бўлиб, унда ташриф буюрувчилар Наманган вилояти ИИБ ва унинг қуйи тизимларининг тарихи, ҳозирги кундаги фаолиятига дахлдор видеолавҳалар ҳамда ҳужжатли кўрсатувлар билан танишиш имконига эга бўлади.

Наманганда «Жасорат» рақамли музейи очилди

— «Жасорат» музейи янгича замонавий қиёфада ва рақамли технологиялар асосида ташкил этилган, унга нафақат ходимлар ва соҳа фахрийлари, барча фуқаролар, жумладан, мактаб ўқувчилари ҳам ташриф буюриши мумкин, — дейди Наманган вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Шуҳрат Алиев.

Куни кеча «Жасорат» музейининг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Тадбирда бошқарма раҳбарияти, шаҳар, туман ИИБ ходимлари, 150 нафардан ортиқ фахрийлар, академик лицей ўқитувчи ва ўқувчилари ҳамда соҳага дахлдор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.