Усмон Носир таваллудининг 112 йиллиги муносабати билан Наманганда маданий тадбир ўтказилди

Наманган шаҳридаги Усмон Носир хиёбонида халқ шоири Усмон Носир таваллудининг 112 йиллиги муносабати билан “Унутмас мени боғим!” шиори остида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбир шоирнинг ўлмас ижоди ва сермазмун ҳаётини ёдга олиш, унинг юксак бадиий меросини кенг халқ оммасига янада яқинлаштириш мақсадида ташкил этилди.

Маросимда сўзга чиққанлар Усмон Носир ўз асарларида Ватанга муҳаббат ва садоқат, келажакка бўлган ишонч ва ўз халқини севиш каби фазилатларни улуғлаганини таъкидлаб ўтишди. Шоирнинг ижоди ўзбек адабиётида ўчмас из қолдиргани, унинг асарлари халқ маънавиятини юксалтириш ва ёш авлод тарбиясида муҳим ўрин тутиши таъкидланди. Шоир, нафақат ўз халқининг ардоқли фарзанди, балки мамлакат келажаги учун курашган қаҳрамон сифатида баҳоланди.

Тадбир давомида Усмон Носир ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилиб, унинг хотирасига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилди. Тадбирда иштирокчилар шоирга бағишланган шеърларни ўқиб, мусиқий ва бадиий чиқишлар билан ҳозирдагиларга шоир ижодидан илҳомланган маънавий муҳит ҳадя этдилар.