ХХР Сиёсий консултатив кенгашининг Жиангсу провинсияси кўмитаси аъзоси ва «Jiangsu Tong Ke real Estate Co.,Ltd» компанияси призиденти Ян Бо бошчилигидаги делегация Наманганга келди. Бу ҳақда вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов билан мулоқотда Жиангсу провинсияси ҳамда Наманган вилояти ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандумини тузиш ва имзолаш, келгуси йил февраль ойида Наманганда «Наманган-Хитой» бизнес форумини ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, жорий йил 8 декабрь куни Хитойнинг Пекин шаҳри савдо-саноат палатасида Наманган ваколатхонаси очилиши ҳамда «Хитой-Наманган» бизнес форумини ўтказиш бўйича келишувларга эришилди.
Ян Бо суҳбат давомида «Янги Наманган шаҳарчаси»да замонавий турар-жой комплекси қурилиши учун инвестиция киритишга тайёрлигини, бунинг учун маҳаллий қадриятларни ҳисобга олган ҳолда намунали лойиҳа ишлаб чиқишини билдирди. Бу юзасидан ҳам фикр-мулоҳазалар алмашилди.