18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган кун
Эрта тонг. Шаҳар маркази. Кўркам давлат идораси пештоқидаги бир тахлитда ҳилпираб турган байроққа деярли барча бир нигоҳ ташлаб ўтади. Назаримда, мана шу оҳиста ҳилпираётган байроқ ҳамманинг кўнглига хотиржамлик ҳиссини солмоқда. У – тинч-осуда ва озод юртнинг тимсоли!
Бугун – Ватанимиз байроғи тасдиқ топган кун. Бугун қўлларимизда байроғимизни мағрур тутамиз. Бироқ бошқа пайт унга нисбатан қалбимизда бу қадар ғурур туймаймиз. Буни яширмайлик.
Туркия давлатида бўлиб қайтган бир юртдошимиз айтиб берган эди, турклар ўз байроқларини хонадонларининг энг тўрига илиб қўйишаркан. Тўғри қилишади, бола ҳали гўдаклигидаёқ байроқни кўриб, унга меҳри кучли бўлиб улғаяди. Чунки ота-онаси унга бу борада ўрнак бўлади.
Тўғри, юртимизнинг деярли барча гўшаларида байроғимиз туну кун ҳилпираб турибди. Унга ҳар куни кўзимиз тушади-ю, аммо бу байроққача қанча йўл босиб ўтилганини доим ҳам идрок этмаймиз.
Байроқдаги мусаффо осмон тимсоли кўп аждодларимизга армон бўлди. Турмаларнинг зах ва қоронғи деворлари узра бир қатим қуёш нурига, бир парча тиниқ самога, бир мусаффо эпкинга муштоқ боболаримиз нигоҳи бор, байроғимиздаги осмон рангда…
Оқ ранг – халқимизнинг, аждодларимизнинг покиза орзу-ниятлари. Бу орзулар шунчалар пок эдики, қора қузғунлар бунга тоқат қилолмадилар. Орзулар қалблардан қалбларга кўчиб, заминни мунаввар этмаслиги учун қўлларидан келган барча зулму қабоҳатни қилдилар. Бу юрт қора кўланка остида қолишини истадилар…
Зангор ранг – яшнамоқ рамзи. Маърифатга, илмга суянган, миллат келажагини унда деб билган аждодлар мамлакат гуллаб-яшнамоғи учун ҳар бир фарзанд саводли, илмли бўлишини такрор-такрор таъкидладилар. Бу илм иймон ва адаб ила муштарак бўлмоғи лозимлигини уқтирдилар. Дилида иймони, фитратида адаби, онгида илми зиёда бўлган инсон юртни ўзгалар қўлига топшириб қўймаслигини англаганлар миллат фарзандларини иймонидан айирмоққа уриндилар, илмни ўз ақидаларига қориштирдилар, “адаб”ни ўзликни, қадриятни топташ эвазига ўргатишга киришдилар. Бунга қарши чиққанларни илдизини қуритдилар…
Қани, Чўлпону Қодирий, Беҳбудий, Мунаввар қорию Фитратлар бугун орамизда бўлсалар-у, байроғимизда акс этган оппоқ орзулари рангини кўрсалар!..
Байроғимиздаги қизил ҳошия – томирлардаги қонимиз. Бу қон тозармоғи учун йиллар керак бўлди. Шукрки, бугун мустақиллик фарзандлари қонида миллат ғами, Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси жўш урмоқда. Юрт байроғи тенглар ичра тенглигини, ҳеч кимдан кам эмаслигини, зеҳну заковатда, кучлилигу эпчилликда, маҳорату моҳирликда исталган мамлакат ёшлари билан баҳслаша, беллаша олишини исбот этаётган Ўзбекистон фарзандлари ғалабаси боис мағрур ҳилпирамоқда.
Байроғим, бағрингдаги ой ва юлдузларинг каби элу элатларинг, фарзандларинг кўзлари юртим бағрида порлаб турибди. Бу тенглик, бу бирдамлик, бу кенгликка кўз тегмасин, илоҳим!
Шаҳло ТОШБЕКОВА.