АКАДЕМИКНИНГ ПРОФЕССОР ЎҒЛИ Ёхуд илмни улуғ фазилат, устозликни юксак мартаба деб билган кимёгар-олим

Кимё – жуда кўп фан ва соҳалар учун асос бўла олади. Айнан кимёгарларнинг ихтиролари ва натижалари туфайли озиқ-овқат, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика каби ўнлаб йўналишларда янгиликлар яратилмоқда.

Юртимизда кимё фанининг етук олимлари жуда кўп. Жумладан, Наманган давлат университетида ҳам илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган кимёгар-олимлар талайгина. Кимё фанлари доктори, профессор Шавкат Абдуллаев – улардан бири.

Устоз қутлуғ 80 ёшни қарши олмоқдалар. Шавкат Воҳидович 1944 йилда Самарқанд шаҳрида таваллуд топган. Отаси – буюк аллома, академик Воҳид Абдулладан унга илмга ташналик, ўткир зеҳн, изланувчанлик фазилатлари ўтгани боис қаҳрамонимиз 1961 йилда Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номли мактабни олтин медаль билан тамомлади. Самарқанд давлат университетининг кимё факультетидаги таҳсил давомидаёқ у ўзидаги ноёб истеъдод билан кўпчиликни ҳайратга солиб улгурди.

1966 йилда университетни имтиёзли диплом билан тугаллаган Шавкат Абдуллаев 1969 йилгача номзодлик диссертацияси устида иш олиб борди ва бунинг учун аспирантурага тавсия этилди. Уч йил давомида илмий раҳбари – Ўзбекистонда замонавий кимё фанининг асосчиларидан бири, академик Обид Содиқовдан уммон каби чексиз фан сирларини ўрганди. Профессорлар Олга Сергеевна Отрошенко, Юрий Василевич Курбатовлар ҳам ундан ўз билим ва тажрибаларини аямадилар.

Шавкат Воҳидович ўз меҳнат фаолиятини 1969 йилда Самарқанд давлат университетида, органик кимё кафедраси катта ўқитувчиси лавозимида бошлади. 1970 йилда кимё фанлари номзоди илмий даражасини муваффақиятли ҳимоя қилиб, 1969 йилдан то 1991 йилгача катта ўқитувчи, доцент, кафедра мудири, кимё факультети декани, умумий кимё кафедраси мудири каби турли лавозимларда ўз меҳнат фаолиятини давом эттирди.

Ўқитувчилик даврида Шавкат Абдуллаев бир зум ҳам илмий изланишлар ва кузатувларни тўхтатгани йўқ. У муҳтарам академик Обид Содиқовнинг маслаҳати билан республикамиз учун аҳамиятли бўлган ўсимликлардан инсонлар саломатлиги учун фойдали бўлиши мумкин бўлган моддаларни ажратиб, уларни таҳлил этди. Унинг илмий изланишлари натижаларини Харков шаҳридаги олимлар, айниқса, бу соҳанинг буюк вакили академик Василий Иванович Литвиненко алоҳида эътироф этди, унга фан докторлик илмий даражаси учун ҳаракат қилишни таклиф этишди. Шундан сўнг Шавкат Воҳидович 1992 йилда Украинанинг Харков шаҳридаги Доривор ўсимликлар кимёси илмий текшириш институтида кимё фанлари доктори диссертациясини муваффақиятли якунлади ва шу йилдан бошлаб Наманган давлат университетида ўз меҳнат фаолиятини давом эттира бошлади.

Устоз Наманган давлат университетида ҳам кимё-биология факультети доценти, умумий кимё кафедраси мудири, факультет декани ҳамда НамДУ илмий ишлар бўйича проректор лавозимларида иш олиб борди. 2004 йилдан ҳозирга қадар кимё кафедраси профессори сифатида фаолият юритиб келмоқдалар.

Олим шу кунгача нуфузли журнал ва тўпламларда 200 дан ортиқ мақолалар, 50 га яқин ўқув қўлланмалар, 2 та монография, 200 дан зиёд тезислар чоп эттирди. Шунингдек, ихтиролар учун 2 та патент, 3 та гувоҳнома муаллифи ҳисобланади.

Устоз Шавкат Абдуллаев кимё йўналишида талабалар, магистрантлар ва докторантларга моддаларни стандартлаш, код рақамларини таклиф этиш, биологик фаол йиғмаларни кашф этиш, доривор ўсимликлардан физиологик фаол моддалар ажратиш, тузилишини аниқлашга катта ёрдам бериб келмоқдалар. Бундан ташқари, шогирдлари билан биргаликда кўкамаронларнинг 30 та тури, вексибиянинг 2 та тури, дуккакли ўсимликларининг 3 та турини текшириб, 80 дан ортиқ фенолли бирикмалар, 60 га яқин флаваноидлардан 8 та янги модда олишга, гомоген флавононларни дегидрогенлаш реакциясида Н-оксид пиридин ишлатишда, 14 номаълум дипиридил ҳосилаларини синтез қилишга ҳамда 4-алмашинган 2,3-дипиридил ва 4-нитроамин 2,2- ва 2,3-дипиридилларни синтез қилишга эришдилар.

Бир қарашда устознинг ҳаёти равон кечгандек туюлади. Аммо бундай эмас. У қийинчиликларни сабот билан енгиб ўтган мустаҳкам ирода соҳибики, айнан шу боис истиқболга пешвоз чиқди. Қарама-қаршилик ва зиддиятлар устозни ўзи танлаган йўлдан қайтара олмади, ўз мақсадига эришиш учун ҳаракат қилди ва эришди. Бугун вилоятда юқори малакали кимё ўқитувчиларини тайёрлашда Шавкат Абдуллаевнинг ҳиссаси беқиёс.

Бундан бир неча йиллар муқаддам кимё фанини ўқитиш замон талабига мос равишда янгича ёндашувни талаб қилар эди ва ўзбек тилида мукаммал ўқув адабиёти йўқ эди. Буни ҳисобга олган устоз “Кимё ўқитиш методикаси” ўқув қўлланмасини яратди. Ушбу ўқув қўлланмада кимёни ўқитишда ноанъанавий усулларни қўллаш ва турли янгича педагогик ёндашувлар акс этди. Ҳозирда ушбу ўқув қўлланмасидан республикамизнинг кўплаб олийгоҳларида фойдаланиб келинади.

Устоз-олим “Кимё тарихи” фани бўйича ҳам бир неча услубий ишланмалар яратди. Ҳозирда айнан шу фан бўйича ҳам бакалавр босқичи талабаларига таҳсил бериб келмоқдалар. Яна бир илмий ишларидан бирида ўсимлик пигментлари ва флавон глюкуронидларини олишнинг лаборатория технологик регламентлари таклиф этилиб, ўсимлик бўёқлари билан жун, пахта ва сунъий матолар бўяладиган БФҚ олишга эришдилар. Ушбу «Биологик фаол қўшимчалар» давлат комиссияси томонидан қабул қилинган.

Шавкат Абдуллаев 1982 йилда “Халқ маорифи аълочиси”, 2003 йилда Наманган давлат университетининг фахрий профессори унвонини олган бўлсалар, сўнгра Республика олий таълим учун кимёдан маъруза матнлар ғолибига, 2021 йилда Ўзбекистон тиббий-илмий фаолият билан шуғулланувчилар «Табобат» академияси ҳақиқий аъзосига айландилар. Ҳозир ҳам устоз кўплаб илмий грант лойиҳалари раҳбари ҳисобланадилар, Осиё тарақиёт банки грант лойиҳасида йўналиш раҳбари сифатида илмий изланишлар билан фаолият юритиб келмоқдалар. Фарғона давлат университети ҳамда Андижон давлат университети қошидаги илмий даража берадиган кенгашлар аъзоси, шу кенгаш илмий семинарлар раиси сифатида иш олиб бормоқдалар.

Шавкат Воҳидовичнинг шогирдлари жуда кўп. Абдурашид Каримов, Аҳмаджон Саттиқулов, Рустам Муродов, Сурайё Маматқулова, Дилрабо Ҳайдарова каби шогирдлари бугун фан ривожига ва салоҳиятли кадрлар етишиб чиқишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар.

Профессор-олим мунтазам равишда илмий ва педагогик малакасини оширишга ва дунё олимлари билан ўзаро тажриба алмашишга одатланган. Шу мақсадда Польша, Германия, Болгария, Миср, Югославия, Куба, Туркия, Россия ва Украина мамлакатларида бўлганлар. Улардан олинган таассурот ва хулосалар асосида Наманган давлат университетида кўплаб илмий тўпламлар, анжуманлар материаллари чоп этилган.

Профессор Шавкат Абдуллаевнинг ҳаёти, илмий фаолияти биз шогирдлар учун катта сабоқ мактаби. Кимё фани янгидан-янги имкониятларни очиб бераётган бир даврда устоздан ҳали жуда кўп билимларни ўрганишимиз лозим.

Устозимизни барча шогирдлари номидан қутлуғ 80 ёш билан чин дилдан табриклаймиз. Узоқ умр, сиҳат-саломатлик, куч-ғайрат ва шижоат тилаймиз!

Санжарбек ҲАМИДОВ,
Наманган давлат университети
«Пресс клуб» раҳбари.