Наманган давлат университетида «Биоорганик кимё фани муаммолари» мавзусида XI-Республика ёш кимёгарлар илмий-амалий анжумани ўтказилди.
Нуфузли анжуманда Республикаси Фанлар академияси аъзолари, илмий-тадқиқот институтларининг етакчи олимлари, республикамиздаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, ёш изланувчилар ҳамда талабалар ҳам қатнашди.
Илмий-амалий конференция аввалида Наманган давлат университети ректори Собитхон Турғуновнинг анжуман қатнашчиларига табриги ўқиб эшиттирилди.
Анжуман доирасида Наманган давлат университети профессори, кимё фанлари доктори Шавкат Абдуллаевнинг 80 йиллик юбилейи ҳам нишонланди. Университет ректори шу муносабат билан устозга ўз табригини йўллади. Табрикларни проректор Дилшодбек Холматов ўқиб эшиттирди. Сўнгра қутлуғ ёшни қаршилаган олим Шавкат Абдуллаевга тўн кийдирилиб, эсдалик совғаси топширилди.
Тадбирда устознинг ҳамкасб ва шогирдлари ҳам сўзга чиқиб, ўз табрик ва дил сўзларини изҳор этдилар.
Маълумки, анжуман республика миқёсида кимё соҳасида олиб борилаётган илмий изланишлар билан танишиш, биоорганик кимё фани олдидаги муаммоларни чуқур таҳлил қилиш, олимлар ва ёш тадқиқотчилар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, соҳанинг замонавий муаммолари ва ривожланиш истиқболлари юзасидан ўзаро фикрлар алмашиш мақсадида ташкил этилди.
Шунинг учун тадбирда янги технологиялар, назарий ва экспериментал кимёдаги ютуқларга оид маърузалар тингланди ва уларда билдирилган ғоя ва таклифларни муҳокама қилиш орқали илм-фан ва таълим соҳасида табиий биологик фаол моддалар ажратиб олишнинг янги йўналишлари белгилаб олинди. Бу эса илмий фикр алмашиш ва истиқболларни соҳаларни очишга хизмат қилади.
Айниқса, республика илмий-амалий анжуманида биоорганик кимёнинг фундаментал ва амалий муаммолари ҳамда замонавий тадқиқот усуллари, молекуляр биокимёнинг муаммолари ва истиқболлари, моддаларни замонавий физик-кимёвий усулларда таҳлил жараёнлари, наноструктуралар ва уларнинг хоссаларини моделлаштириш, ўсимликлардан иккиламчи метоболитларни ажратиб олишнинг самарали усуллари, бугунги кунда муҳим табиий биологик озиқ-овқат қўшилмалари ва бошқа йўналишлар бўйича илмий тадқиқот ишлари қизғин муҳокама қилинди.
Анжуман ялпи мажлиси ва ундаги маърузалардан сўнг ҳар бир йўналиш бўйича алоҳида шўбалар ўз ишини бошлади. Илмий-таҳлилий мунозараларга бой тарзда давом этган шўба йиғилишларида самарали таклиф-мулоҳазалар ўртага ташланди ва соҳа олимлари томонидан таҳлил қилинди.
Анжуман якунида иштирокчилар мавжуд замонавий тадқиқот қурилмаларидан ҳамкорликда фойдаланиш, ўзаро ҳамкорлик шартномалари асосида ёш тадқиқотчиларнинг илмий изланишларига ёрдам бериш, Президентимиз томонидан ёшларга берилаётган имкониятлардан кенг фойдаланиш ҳамда иқтидорли ёшларни хорижий ва республиканинг етакчи марказларига илмий тадқиқотлар олиб бориш учун кўпроқ жалб этиш юзасидан келишувларга эришдилар.
Эътиборли жиҳати, анжуман доирасида республикамиздаги бир гуруҳ илмий-тадқиқот институтлари фан докторлари ва профессорларига «Наманган давлат университети фахрий профессори» унвони берилди.