Айни кунларда республикамизнинг барча вилоятларида маънавий-маърифий ғоялар тарғиботига асосланган «Маърифат улашиб» лойиҳасининг навбатдаги тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Бугун лойиҳа доирасида Наманган давлат университетида ҳам ижодий-маърифий учрашув бўлиб ўтди. Учинчи бор ўтказилаётган тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси, шоир Зиёвиддин Мансур, «Янги Ўзбекистон» газетаси бош муҳаррири ўринбосари Носиржон Жўраевлар иштирок этди.
Талаба-ёшлар билан бўлиб ўтган мулоқот жараёнида шоирлар мамлакатимизда ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб этиш, мутолаа маданиятини шакллантириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ва «Маърифат улашиб» лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва мақсади, ундан кутилаётган натижалар ҳақида сўз юритдилар.
Очиқ, самимий ва мулоҳазаларга бой ўтган суҳбатлар шеърхонлик ва мушоирага уланиб кетди. Талабалар таниқли шоирларнинг шеърларини ўзларидан тинглаб, бир олам завқ ва маънавий озуқа олдилар. Талабалар ҳам ўз ижод намуналаридан ўқиб бердилар.
Тадбирда университет ўқитувчилари ҳам сўзга чиқди ва ташриф учун меҳмонларга миннатдорлик ҳамда мана шундай ижодий-маърифий учрашувларни кўпроқ ўтказиш таклифини билдирдилар.
Меҳмонлар қизғин ўтган суҳбатлардан сўнг Наманган давлат университетида илмий, ижодий ва китобхонлик муҳитини юқори баҳолаб, бундай тадбирлар чин маънода маърифат улашаётгани, бадиий ижод ва журналистикага иштиёқи баланд жуда кўп ёшларни кашф этиш имконини бераётганини алоҳида таъкидладилар.
Учрашув талабаларда катта таассурот қолдирди.