Бизнинг суҳбат
2024 йил – Наманган давлат университети учун салмоқли ютуқлар қўлга киритилган йил бўлди. Йил давомида олий таълим тизимидаги ислоҳотлар моҳиятидан келиб чиқиб, ўқитиш жараёнини халқаро талаблар даражасига олиб чиқиш, илмий салоҳиятни юксалтириш, малакали мутахассислар тайёрлаш, илмий-тадқиқот ишлари сифати ва самарадорлигини янада оширишга жиддий эътибор қаратилди.
Наманган давлат университети ректори, педагогика фанлари доктори, профессор Собитхон ТУРҒУНОВ билан суҳбатимиз олий таълим даргоҳида 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва келгуси режа-мақсадлар ҳақида кечди.
– Собитхон Тошпўлатович, суҳбатимиз аввалида университет жамоасига доир аниқ рақамлар ва 2024 йилнинг жиддий ўзгаришлари хусусида маълумот бериб ўтсангиз.
– Айни пайтда университетимизда 18491 нафар талаба таҳсил олмоқда. Мавжуд 25 та кафедраларда асосий штатда 613 нафар профессор-ўқитувчилар фаолият кўрсатяпти. Уларнинг 30 нафари фан доктори (DSc), 215 нафари эса фан номзод(PhD)лари. Университет илмий салоҳияти 46 фоизни ташкил этмоқда.
Университетимиз жамоасини замон талабига мос фаолият юритмоқда, деб ўйлайман. Жумладан, Президентимизнинг 2024 йил 25-26 март кунлари вилоятимизга қилган ташрифи доирасида университетда таълим йўналишлари сонини мақбуллаштириш, ўқув дастурларини тубдан янгилаш ҳамда таълим жараёнини замонавий ўқув адабиётлари билан таъминлаш бўйича белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2024/2025 ўқув йилида таълим йўналишлари сони 71 тадан 24 тага, факультетлар сони 13 тадан 10 тага, кафедралар сони 41 тадан 25 тага қисқартирилди. Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликларининг янгиланган классификатори асосида, халқаро ва миллий меҳнат бозорларининг истиқболдаги эҳтиёжлари инобатга олинган ҳолда «Молия ва молиявий технологиялар», «Ахборот тизимлари ва технологиялари» йўналишлари ҳамда «Туризм ва меҳмондўстлик» каби мутахассисликларга қабул ташкил этилди.
Хорижий талабалар сони 2024/2025 ўқув йилида ўтган ўқув йилига нисбатан 3 мартага ортди. Университетнинг жорий ўқув йили учун қабул квотаси 1775 ўринни ташкил этиб, университетни танлаган абитуриентларнинг 361 нафари давлат грантларига эга бўлди. Университетга ажратилган квотага нисбатан 1,2 марта кўп абитуриент қабул қилинди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари раислигида 2023 йил 20 декабр куни ўтказилган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишининг 48-сонли баёнида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда соҳани рақамлаштириш ишларини янада жадаллаштириш бўйича 30 дан ортиқ контентга эга «Open-Science Platform» (Очиқ илм-фан платформаси) ишга туширилди. Платформанинг рақамли кутубхона модули нафақат университет ходимлари ва талабалари, балки барча ушбу тизимга кирувчилар учун очиқ бўлиб, у ердаги мақола, монография, электрон дарсликлар, ўқув қўлланмаларни namdu.uz рақамли кутубхонасидан олишлари мумкин.
Университетда рақамли технологияларни кенг жорий этиш мақсадида замонавий IT-парк ташкил этилди ва у 44,1 минг АҚШ доллари қийматидаги махсус конфигурациядаги компьютер қурилмалари билан жиҳозланди. IT-паркда таҳсил олувчилар учун алоҳида 30 ўринли маъруза хонаси ҳам ташкилланиб, парк ходимлари томонидан Google компаниясининг юз минг АҚШ доллари қийматига эга «Google for Education» гранти асосида «Google Workspace» платформасидан 100 терабайт жой ажратилишига эришилди ҳамда «Google Classrom» ва «Google Office» каби булутли платформалардан бепул фойдаланиш имконияти берилди.
2024 йилда профессор-ўқитувчилар томонидан 189 номдаги дарслик ва ўқув қўлланмалари яратилди. Бу ўтган 2023 йилга нисбатан 1,4 мартага кўп.
– 2024 йилда университетда вилоят ёшлари ҳамда корхона, ташкилот ва муассасалар ходимларини хорижий тилларга ўқитиш мақсадида «Тил ўрганиш маркази» ташкил этилганидан хабаримиз бор. Ушбу марказ ва университетнинг халқаро миқёсдаги натижаларга эришиш учун амалга ошираётган ишлари эса барча учун қизиқ…
– Дарвоқе, ушбу марказда инглиз, немис, турк, хитой, корейс ва рус тиллари каби ўнлаб хорижий тиллар ўргатилмоқда. Марказ таркибида бутун дунё бўйича 100 дан ортиқ тил таълимини олиб борувчи TESOL халқаро ташкилоти филиали мавжуд бўлиб, ушбу ташкилот нафақат вилоятдаги балки, водийдаги хорижий тил ўқитувчилари, ёшларига тил билиш даражасини белгиловчи сертификатга тайёрлаш хизматини кўрсатмоқда. Университетда шу каби яна бир қатор таълим хизматлари йўлга қўйилганки, улар фаолияти натижасида жорий йилда топилган даромадлар ҳажми ўтган йилга нисбатан 1,7 мартага ошиб, 8,4 млрд. сўмга етди.
Наманган давлат университети «Times Higher Education Impact Rankings-2024»да 1001-1500 ўринни, «Green Metric» халқаро рейтингининг 2024 йилги рейтингида 813-ўринни, Ўзбекистон ОТМлари орасида 20-ўринни қайд этди. 2025 йилда «Times Higher Education Impact Rankings» рейтингида ТОП-1000 таликка кириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
Халқаро хамкорлик доирасида 2024 йилда ТОП-300 талик ОТМ лардан 14 та, ТОП-500 талик ОТМ лардан 35 та, ТОП-1000 талик ОТМ лардан 60 таси билан шартномалар тузилиб, ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. 2025 йилда ҳамкор ОТМлар сонини 200 тадан ошириш ва асосан ТОП-300 ва ТОП-500 таликка кирган ОТМлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш режалаштирилган.
Университет профессор-ўқитувчиларидан 104 нафари 2024 йилда ҳамкор хорижий ОТМларда қисқа ва узоқ муддатли стажировка ҳамда малака ошириш курсларида иштирок этди. Бу ўтган йилгига қараганда 3 баробарга кўп. Келгуси йилда бу кўрсаткич 200 нафарга етказилади.
Иқтидорли талабаларни илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятга йўналтириш мақсадида 2024 йил давомида 28 та илмий семинар ва ўқув машғулотлари, 4 марта иқтидорли талабаларнинг илмий-инновацион кўргазмалари ҳамда 2 марта «Ёшлар академияси» форуми ўтказилди.
2024 йилидан, 1-курсларда ўқитиладиган 77 та умумкасбий ва мутахассислик фанлари ўқув дастурлари олий таълимнинг халқаро рейтингидаги «TOP-300» таликка кирувчи 14 та етакчи хорижий университетлар таълим дастурлари асосида ишлаб чиқилди.
Талабаларни ёзги малакавий амалиётини хорижий давлатларда ташкил этиш мақсадида «Unit Study», «Venn Akademiyasi», «Asibz» каби ташкилотлар билан шартномалар имзоланди, шартномага кўра жорий ўқув йили якунига қадар 200 нафар, 2025-2026 ўқув йилида 600 нафар талаба Германия, Япония, Хорватия, Греция, Болгария каби давлатларда малакавий амалиёт ўташ имкониятига эга бўлишади. Натижада университет битирувчилари юқоридаги давлатларнинг ташкилот ва корхоналарида ўз мутахассислиги бўйича ишга кириш имкониятини ҳам қўлга киритишади.
– Университетнинг академик ва молиявий мустақилликка эришгани қандай имкониятларни бермоқда?
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 декабрдаги бир қатор давлат олий таълим муассасаларига академик, ташкилий-бошқарув ва молиявий фаолиятда эркинлик беришга доир ПҚ-60 ва ПҚ-61 сонли қарорларида берилган имкониятлар натижасида 2024 йилда университетнинг 3-ўқув биноси талабаларнинг сифатли таълим олишлари, ҳамда амалий кўникмаларга эга бўлишларини таъминлаш учун бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан 5,97 млрд. сўм қийматида капитал таъмирланди ва ўқув хоналари тиббиёт соҳасида кадрлар тайёрлаш мақсадида қайта оптималлаштирилди. Ўқув жараёни эҳтиёжлари учун қарийб 1,0 млрд. сўмлик амалиёт ва ўқув-клиник машғулотлари учун фойдаланиладиган симуляцион муляжлар тўпламлари билан жиҳозланди.
Мазкур таъмирдан чиққан ўқув биносида келгуси йилда «АNAMED» тиббиёт марказининг инвестиция киритиши асосида замонавий тиббиёт лабораториясига эга бўлган клиник база ташкил этилиши кўзда тутилган. Бунда талабаларни бевосита назарий таълим ва амалиёт интеграциясини таъминлаш мақсадида тиббий диагностика, ўқув лаборатория, стационар даволаш хоналари ташкил этилиб, хоналар Буюк Британия, АҚШ, Германия каби мамлакатларда ишлаб чиқилган Mindray BS-380, Mindray MR-96A маркали ИФА анализаторлар, Snibe MAGLUMI X3, ПЦР-Анализатор DT Light маркали Ихла анализаторлар ва замонавий мебель ва жиҳозлар (тиббий холодильник, тиббий шкафлар ва бошқа тиббий ускуналар) билан жиҳозланади.
Қолаверса, 2024 йилнинг ўзида университетдаги 36 та ўқув лаборатория хоналари 32 та фан бўйича лаборатория машғулоти ўтказиш учун жиҳоз ва ускуналар билан таъминланган. «Кимё», «Кимё-технология», «Механика», «Экология», «Биология» ўқув лабораториялари учун 518,0 минг АҚШ доллари қийматидаги жиҳоз ва ускуналар келтирилиб, ўқув жараёнига татбиқ этилди.
Талабалар мустақил таълимини ташкил этиш бўйича мутлақо янги тизимдаги низом-йўриқнома ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди. Бугунги кунда университет АРМ умумий фонди 57,4 фоизи дарслик ва ўқув қўлланмалар, 15,4 фоизи илмий ва 16,7 фоизи бадиий адабиётлар ҳамда 10,5 фоизи бошқа туркумдаги ва махсус адабиётлардан иборат. Ўқув адабиётларининг 100 фоизи электрон форматга ўтказилган.
Талабаларга мустақил таълим топшириқлари устида ишлашларига шароит яратиб бериш мақсадида 80 та ноутбуклардан уйда фойдаланиш, ўқув лаборатория хоналаридан дарсдан бўш вақтда тажрибалар ўтказишга амалиётлари йўлга қўйилган.
2024 йилда университет ўқув жараёнининг ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминотини ошириш мақсадида 3,4 млрд. сўмлик 250 та компьютер, 30 та ноутбук, бундан ташқари рақамли панел, монитор ва минбарлар харид қилинди. Натижада университет компьютер фонди 24 фоизи янгиланди. Университетдаги мавжуд 249 та аудиториянинг барчаси кузатув камералари билан жиҳозланди.
Қолаверса, 2024 йилда университетда “Медиа марказ” ташкил этилди. Марказда ўқув машғулотларида фойдаланиш ҳамда талабаларга ўқув ресурслари сифатида тақдим этиш учун видеодарслар яратиш, визуал машғулот материалларини тайёрлаш имконияти яратилди.
2024 йилда барча ўқув бинолари ва талабалар турар жойларининг иситиш тизими бутунлай янгилангани ва бу борадаги муаммоларнинг тўла барҳам топишига эришилгани ҳам молиявий мустақилликнинг самараси.
2024 йилда университетнинг қарийиб уч гектар майдонида яшил инновацион «Экобоғ» яратилди. Боғ ҳудудига дунёнинг бешта минтақасида ўсувчи 86 турдаги 1500 туп ноёб дарахт ва буталар, 3000 тупдан ортиқ декаратив гуллар экилди. «Экобоғ»да биология, экология, география ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги таълим йўналишларининг 17 та фанидан очиқ майдонда амалий машғулотлар ва мустақил таълимни ташкил этиш, илмий тажрибалар ўтказишга ўқув-илмий платформа яратилиб, таълим сифати ва талабалар амалий-касбий кўникмаларини ошириш имконияти яратилди.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 2024 йилда университет ҳудудида 8200 туп дарахт ва бута кўчатлари экилди. 2025 йилнинг январ-феврал ойларида қўшимча 2 гектарлик Экобоғ – Яшил майдонлари ташкил этилади.
Туркиялик ҳамкорлар билан лойиҳалаштирилган 96 млрд. сўмлик 2000 ўринли «Инновацион ўқув бино» қурилиши 2024 йилда сўнгги босқичга етказилди. 2025 йилдан ушбу ўқув биносида Табиий ҳамда аниқ фанлар соҳасига оид таълим йўналишлари ўқув жараёнлари бошланади. Ушбу ўқув биносида замонавий лабораториялар ташкил этилиб, унда бакалавриат ва магистратура мутахассисликлари билан биргаликда таянч докторантлар учун илмий тадқиқотларни амалга ошириш имкониятлари яратилади. Бу эса университетга ўқишга кирган ҳар бир ёш учун таълим босқичлари узвийлигини таъминлаб, бакалавритдан бошлаб олий таълимдан кейинги таълимгача бўлган фаолиятни амалга оширишга имкон яратади.
Университетда 2024 йилда 36 миллиард сўм бюджетдан ташқари маблағ эвазига 7 қаватли 650 ўринли замонавий талабалар турар жойи биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Талабалар турар жойида турли тўгараклар, «Пазандалик», «Шахмат», «Шашка», «Тикувчилик», IT хоналари ташкил этилган ва 12 та янги лойиҳаларга старт берилган. Уларга келгусида18 минг талаба қамраб олинади.
2025 йилда ўз олдимизга қўйган режа-мақсадларнинг амалга ошишида ҳам молиявий ва академик мустақиллик берган имкониятларга таянамиз.
– Илмий тадқиқот ишлари ва инновацион фаолият натижалари қандай?
– Айни пайтда университетнинг илмий салоҳияти 46 % ни ташкил этади. 2024 йилда фан докторлари таркиби 25% га, фан номзоди ва PhD лар 35%га, илмий салоҳият эса 9% га ошди.
Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепсиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонида олий таълим муассасалари илмий салоҳиятини 2030 йилга келиб 70% га етказиш белгиланган, ҳозирда университетнинг Тарих, География ва атроф-муҳит муҳофазаси, Кимё, Физика, Биология, Математика кафедраларининг илмий салоҳияти 70% дан ошди.
2025 йилда Биотехнология, Ўзбек тили ва адабиёти, Ижтимоий фанлар, Мактабгача ва бошланғич таълим методикаси, Педагогика кафедраларининг илмий салоҳиятини 70% га етказиш режалаштирилган.
2024 йилда PhD диссертациясини ҳимоя қилганлар улуши 55% га, DSc докторлик диссертацияларини ҳимоя қилганларлар улуши эса 40% га ошди. 2025 йилда диссертация ҳимоялари сонини жорий йилга нисбатан 1,5 баробарга ошириш назарда тутилган.
Университет профессор-ўқитувчилари томонидан жорий йилда жами 44 та монография ва 2806 та мақола ва тезислар (шундан 94 таси Scopus ва WоS (веб оф сайнс) халқаро базалари Q1, Q2, Q3 кварталларига кирувчи нуфузли журналларда, 503 таси бошқа халқаро базаларда индексланувчи хорижий журналларда, 627 таси ОАК журналларида, 781 таси халқаро, 801 таси республика конференсияларида) чоп эттирилди. Бу ўтган йилгига қараганда 1,6 баробар кўп дегани. 2025 йилда ушбу кўрсаткичлар жорий йилга нисбатан яна 2 баробарга оширилади.
Университет профессор-ўқитувчилари томонидан 2024 йилда 3 та ихтиро, 35 та фойдали модел, 2 та саноат намунасига патент гувоҳномалари ва 61 та ЭҲМ дастурлари учун муаллифлик ҳуқуқи гувоҳномалари олинди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 1,5 баробар ошди. 2025 йилда бу йўналишдаги ишларни 2 баробарга ошириш белгиланган.
2024 йил давомида аввалги йилга нисбатан 2 баробар кўп халқаро ва Республика миқёсидаги илмий-амалий анжуманлар ўтказилди, 422 нафар изланувчи илмий фаолият олиб борди ва улар сони 2023 йилга нисбатан 34 фоизга ортди.
2025 йил учун 38 та ихтиссослик бўйича 172 нафар изланувчи докторантура, таянч докторантура ва стажёр-тадқиқотчиликка қабул қилинди, илмий изланувчилар сони 45% га ошди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан олий таълимдан кейинги таълим қамрови бўйича эълон қилинган рейтинг кўрсаткичлари бўйича Наманган давлат университети республикада 1-ўринни эгаллаб турибди.
2024 йилда қиймати 3,7 млрд. сўмни ташкил этувчи 3 та халқаро қўшма, 1 та тижоратлаштириш ва 2 та стартап лойиҳалари бажарилди. Бу ўтган йилгига нисбатан 2,2 млрд. сўмга кўп ҳисобланади. 2025 йилда бундай лойиҳалар сонини 2 баробарга ошириш учун янги лойиҳалар шакллантириш ва танловларда иштирок этиш режалаштирилган.
Университетнинг илмий ишлаб чиқариш лабораторияларида «Сабзавот ва ноанъанавий хом ашёлардан цукатлар ишлаб чиқариш» ва «Пўлат симларни чўзиш учун композит материаллар ишлаб чиқариш» йўлга қўйилган бўлиб, жорий йилнинг ўзида 200 миллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, буюртмачиларга етказиб берилди. Ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш мақсадида 60 миллион сўмлик қуритиш ускунаси, 49 миллион сўмлик қадоқлаш ускунаси келтириб ўрнатилди.
2024 йил давомида 12 та хўжалик шартномалари тузилиб, 153,3 млн сўм бюджетдан ташқари маблағлар туширишга эришилди. Бу 2023 йилга нисбатан 60 фоизга кўп демакдир.
Университетда 9 та ихтисослик бўйича 5 та илмий даражалар берувчи илмий Кенгашлар фаолият олиб бормоқда. 2024 йил давомида мазкур Кенгашларда 3 нафар изланувчи фан доктори (DSc), 36 нафар изланувчи фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларини олиш учун диссертация ишларини муваффақиятли ҳимоя қилди. 2025 йилда илмий Кенгашлар сони 9 тага, улар қошидаги ихтисосликлар сони 16 тага етказилади.
Университетда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва бошқа номдор давлат стипендияси соҳиблари йилдан-йилга ортиб бормоқда. 2024 йилда улар сони 30% га ортди. Республика ва халқаро миқёсда ўтказилган нуфузли танловларда иқтидорли талабаларнинг илмий-тадқиқот фаолияти натижасида қўлга киритган совринлари миқдори 161,2 млн сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилга нисбатан 60% кўп.
– 2024 йилда университет талабалари нуфузли танловларда ҳавас қилса арзигулик ғалабаларни қўлга киритди. Бу ёшлар билан ишлаш, маънавий-маърифий соҳадаги ташаббускорлик натижаси. Шундай эмасми?
– Албатта. 2024 йилда Наманган давлат университети талабалари халқаро ва республика миқёсида ўтказилган 41 та танлов ва мусобақаларда иштирок этиб, 39 тасида совринли ўринларни қўлга киритди.
100 дан ортиқ талабалар спортнинг 10 та тури бўйича Ўзбекистон ва Жаҳон чемпионатлари, Ўзбекистон ва Осиё кубоги мусобақаларида олтин ва кумуш медалларга сазовор бўлди.
Республика олий таълим муассасалари ўртасида ўтказилган «Талабалар лигаси» спорт мусобақасида университетнинг волейбол жамоаси биринчи, баскетбол жамоаси иккинчи ўринни эгаллади.
Университет қизлар жамоаси волейбол бўйича икки карра Ўзбекистон кубогида 1-ўринни қўлга киритиб, кубокнинг абадий эгасига айланди.
Университет жамоасининг «Заковат» интеллектуал ўйинларида иштирок этиши бўйича алоҳида тажриба мактаби яратилди. Жамоа Фарғона водийси ОТМлари талабалари ўртасидаги баҳсларда мунтазам равишда 1-ўринни эгаллаб келяпти, республика миқёсида кучли учликда эътироф этилмоқда.
Билимдон талабалар жамоаси йил сўнггидаги «Интеллектуал олимпиада»нинг эрудит-квартет баҳсларида 2-ўринни эгаллади ва 60 миллион сўм миқдоридаги пул мукофотини қўлга киритди.
Университет жамоалари «Заковат» ҳамда волейбол бўйича мусобақаларнинг республика босқичида барча йўналишларда совриндор бўлган ягона жамоа сифатида эътироф этилди.
Университетда маънавий-маърифий ишларни янги босқичга кўтариш, хусусан, талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, улар истеъдодини юзага чиқариш, интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Кузатув кенгаши қарори асосида «Истеъдодли талабалар билан ишлаш бўлими» ташкил этилди. Бўлим томонидан 69 та янги тўгарак ташкил қилиниб, уларга қўшимча 1800 нафар талаба жалб қилинди.
2024 йилда талабаларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида ижара ҳуқуқи асосида яшаётган 1200 нафардан ортиқ талабаларнинг 1,2 миллиард сўм ижара тўлови қоплаб берилди. 300 дан ортиқ иқтидорли талабалар 1,1 миллиард сўм миқдорида моддий рағбатлантирилди. 2025 йилда бу кўрсаткич янада ошади.
Шунингдек, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифалар мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, 2024 йилнинг илк ҳафтасидан бошлаб сўнггига қадар «Бир ҳафтада – бир китоб» лойиҳаси ўтказилди. Мазкур лойиҳа орқали талабаларга 54 номдаги илмий-бадиий китоблар тақдим этилди ва 12000 дан ортиқ талабалар қамраб олинди.
– Университети қошидаги «Пресс клуб» фаолиятига ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– Университетимизда “Пресс клуб” ташкил этилганига ҳали кўп вақт бўлмади. Бироқ клуб жамоасининг республика оммавий ахборот воситаларига хабар, лавҳа ва сифатли контентлар етказиб бераётгани кўп бора эътироф этиляпти.
2024 йилда “Пресс клуб” жамоаси ҳам самарали ижод қилди. Клуб томонидан йил давомида долзарб мавзуларда давра суҳбатлари ташкил этилди, «НамДУ ифтихорлари», «Бу – мен» рукнлари остида иқтидорли талабалар кенг жамоатчиликка таништирилди. Очиқ дарс машғулотлари, семинар, халқаро анжуманлар, иқтидорли талабалар кашфиёти, изланишлари ҳақида тезкор хабар ва лавҳалар тайёрланди.
Қувонарлиси, «Ташаббусли бюджет» дастурида муваффақиятли қатнашган «Пресс клуб»га 300 млн сўмлик сўнгги русумдаги овоз ёзиш, тасвирга олиш ва монтаж ускуналари келтирилди. Натижада медиамарказ ташкил этилди. Бу клуб ижодкорлари фаолиятига кенг имкониятларни яратиб беради.
– 2025 йил учун Наманган давлат университети жамоасининг режалари қандай?
– 2024 йилда эришилган улкан натижалар янги йил учун тузилган режа-мақсадларимиз рўёбга чиқишига замин яратади, албатта. Жамоамиз янги 2025 йил учун ҳар бир йўналишда муҳим вазифаларни ўз олдига қўйган.
Жумладан, очиқ илм-фан платформасида профессор-ўқитувчилар ва талабалар ҳамда аҳоли учун ҳам қўшимча рақамли хизматларни йўлга қўйиш ва бу орқали университет ўқув, илмий, маънавий фаолиятини тўлиқ рақамлаштиришга эришиш режалаштирилган.
Йилнинг биринчи чорагида Хитойнинг Шинжон Экология ва география институти билан ҳамкорликда таълим жараёнларининг амалиёт билан бевосита интеграциясини таъминлаш мақсадида умумий майдони 720 м.кв бўлган 8 та (алкология, биотехнология ва микробиология, биокимё ва молекуляр биология, ботаника, зоология) ўқув ва илмий лабораторияларини ташкил этиш ишлари якунланади.
Ушбу лабораториялар университетда таълим сифатини янада ошириш билан бир қаторда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида биохилма-хилликни муҳофаза қилиш ва ресурслардан барқарор фойдаланиш, иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини юмшатиш, ўзгарувчан муҳитларга чидамли ўсимликларни биотехнологик усулларда кўпайтиришга йўналтирилган тадқиқотлар олиб боришга имкон беради. Шунингдек, яқин вақт ичмда лабораториялар қошида ноёб ва йўқолиб бораётган ўсимлик ва ҳайвонлар коллекцияларини яратиш кўзда тутилган.
Шунингдек, жорий йилда 1-ўқув биносида фойдаланилмаётган биноларни қайта реконструкция қилиш ҳисобига 1200 ўринли ўқув қувватига эга ўқув аудиториялари ҳамда Туркиянинг Ўрта шарқ техника университети билан ҳамкорликда ташкил этиладиган «Технокент» илмий-амалий лойиҳаларни шакллантириш ва тижоратлаштириш маркази барпо этилади.
Университетнинг 2-ўқув биносида олиб борилаётган реконструкция ишлари ҳисобига бино қуввати 1200 ўринга етказилади. Ушбу ўқув бинода мутахассислик фанлари хорижий тилларда ўқитиладиган 9 та таълим йўналишларининг 22 та академик гуруҳлари ҳамда Жанубий Кореянинг Сежонг қироллик университети, Туркиянинг Ўрта шарқ техника университети ва Айдин университети, Россия озиқ-овқат технологиялари университети, Урал федерал тиббиёт университети ҳамда Синергия каби «TOP-1000»таликка кирувчи нуфузли хорижий университетлар билан ташкил этиладиган 11 та қўшма таълим дастурлари талабалари таҳсил олиши режалаштирилган. Хорижий тиллар асосида ўқув жараёни ташкил этиладиган, хориж тажрибаси асосида таълим андозалари йўлга қўйиладиган ҳамда хорижий тил муҳитини яртатадиган ушбу ўқув биноси университет жамоасига катта имкониятларни тақдим этади.
Ўз навбатида, ушбу йилда университетнинг кириш қисмида мурожаатларни тез ва зудлик билан ижобий ҳал қилиш ва интерактив хизматлар кўрсатиш мақсадида «Офис регистратор» ва талабаларга банк, кредит, суғурта ва молиявий хизматлар кўрсатиш маркази ташкил этилади. 95 миллиард сўм бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига яна 1200 ўринли 3 та талабалар турар жойи биноси бунёд этилади. Натижада талабаларни турар жой билан қамраб олиш кўрсаткичи 100 фоизга етади.
Давлатимиз раҳбари раислигида 2023 йил 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида берилган топшириққа асосан эса мазкур йилда университетда 400 ўринли трасформацион хусусиятга эга бўлган «Маънавият ва маданият маркази» лойиҳаси ҳам амалга оширилади. Марказда талаба-ёшлар ижодий салоҳиятини юксалтириш учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилади ҳамда «Мақом», «Рақс», «Вокал» ва «Чолғу» тўгараклари фаолият олиб боради.
Шунингдек, Президентимиз раҳбарлигида 2024 йил 13 декабрь куни «Ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилган ишлар ҳамда 2025 йилдаги устувор вазифалар»га бағишлаб ўтказилган видеоселекторда берилган топшириқдан келиб чиқиб, талабалар турар жойи ҳудудида ёпиқ мини футбол майдони, волейбол ва баскетболга ихтисослашган универсал спорт майдончаси, паралимпия йўналишлари инобатга олинган замонавий усти ёпиқ воркаут майдончасининг қурилиш ишлари ниҳоясига етказилади.
Бир сўз билан айтганда, 2025-2026 ўқув йилидан университетнинг ўқув бинолари қуввати 10 минг ўриндан ўтади. Бу ўз навбатида, университетда таълим жараёнларини бир тартибда, яъни куннинг биринчи ярмида тўлиқ ташкил этиш имкониятини яратади. Куннинг иккинчи ярмида эса ўқув биноларидан турли йўналишдаги тадбирларни ташкил этиш, тил ўргатиш курслари машғулотларини ўтиш учун фойдаланилади.
Бу эзгу ишларнинг амалга ошишида энг муҳим жиҳат – бу жамоамизнинг аҳиллиги, ҳар бир ҳамкасбимизнинг ўз ишига масъулият ва виждонан ёндашишидир. Мен устоз-мураббийларимиз, профессор-ўқитувчиларимиз, талаба-ёшларимизни ўз билим-тажриба ва салоҳиятларини университетимиз нуфузини янада ошириш учун сарф этишларига ишонаман.
– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур. 2025 йил сиз ва жамоангиз учун ёдда қоларли ютуқларни ҳадя этсин!
Санжарбек ҲАМИДОВ, суҳбатлашди.