Тўйхат ўрнида
Инсонга истеъдод ва илм аслида имконият тарзида тақдим этилади. Илм ва истеъдодини садоқат билан уйғунлаштира олган инсонлар эса ўз ҳаёт дафтарини энг бебаҳо ва қимматли саҳифалар билан безай оладиганлардир.
Бугун қутлуғ 80 ёшни қаршилаётган устозимиз – филология фанлари номзоди, доцент Муҳаммаджон Юсупов ана шундай – юксак лаёқат, ноёб истеъдод, кучли билим, садоқат соҳибидир. Устозни таниган киши борки, бу таърифларни асло инкор этмайди. Зотан, улар сирасига устознинг илм-фан, таълим тизимидаги фидойилиги, чеккан заҳматлари, билганларини ўзгалар билан беғараз ўргатиши, миннатсиз ва масъулиятли инсон эканликлари ҳақида фикрларини ҳам қўшишлари табиий.
Ҳар бир инсон умри, юқорида айтганимиздек, ҳаёт китоби. Унинг қанчалар мазмунга тўла бўлиши нафақат инсоннинг ўзига, балки унинг атрофидаги муҳит ва инсонларга ҳам боғлиқ.
Муҳаммаджон Юсупов 1945 йилнинг 16 январида Наманган шаҳрида дунёга келди. Сезганингиздек, унинг болалиги Иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейинги қийинчилик йилларига тўғри келди. Отаси Мирзамаҳмудхон ака оддий хизматчи бўлиб ишлар, онаси Ойимхон ая эса фарзандлар тарбияси билан мушғул эди. Муҳаммаджон оилада ёлғиз ўғил эди, ундан ташқари яна тўрт қизни очарчиликдек оғир синов йилларидан омон олиб ўтиш осон эмасди. Ота-она ўша пайтларда фақат болаларнинг қорнини тўйдиришни ўйламади, балки уларга чиройли тарбия беришга, сабрли-тоқатли, илмли, маънавиятли инсонлар бўлиб улғайишларига ҳам эътибор қаратдилар.
Муҳаммаджон Юсупов 1961 йилда шаҳардаги ўрта мактабни тугатди. Бироқ Тошкент давлат университетининг шарқшунослик факультетига ўқишга кириши унга икки йилдан сўнг насиб қилди. Олийгоҳда наманганлик бу араб тили ва адабиётига қизиқиши кучли, билими ҳам ҳавас қилгулик бўлган талаба йигитнинг келажагига ишонч билан қараган устозлар жуда кўп эди. Айни шу сабабдан у талабаликнинг сўнгги йили, яъни 1967-1968 ўқув йилида Миср Араб Республикасининг Қоҳира университетига илмий стажировка ўташ учун юборилди. 1968 йилда университетни араб тили ва адабиёти фани ўқитувчиси мутахассислиги бўйича имтиёзли диплом билан тугаллаган Муҳаммаджон Юсупов Наманган давлат педагогика институтига ишга қабул қилинди. Бироқ 1970 йилда ҳарбий хизматга чақирилди, у йигитлик бурчини икки йил давомида Миср давлатида ҳарбий таржимон сифатида ўтади.
1972 йилдан севимли касбида фаолиятга киришди. Ўн йил давомида педагогика институтида кафедра лаборанти, ўқув бўлими бошлиғи, сиртқи бўлим услубчиси, кутубхона мудири сингари лавозимларда самарали меҳнат қилди. 1982 йилдан ўз олдига қўйган асосий мақсади – илмий иш билан шуғуллана бошлади. Уч йиллик изланиш ва тадқиқотлардан сўнг 1985 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили ва адабиёти институти қошидаги Илмий кенгашда “Алишер Навоийнинг прозаик асарларида изофа типлари” мавзусидаги номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.
М. Юсуповнинг шундан кейинги икки йиллик ҳаёти яна хорижда кечди. 1985 йил декабрь ойидан 1987 йилгача Яман Халқ демократик Республикасининг Адан университетида таржимон-ўқитувчи бўлиб ишлади. Сўнг Наманган давлат педагогика институтига қайтиб, ўзбек тилшунослиги ва шарқшунослик кафедрасида катта ўқитувчи ва доцент лавозимларида ўз ишини давом эттирди.
Устоз талабаларга араб тили ва адабиётидан сабоқ бериш баробарида илмий изланишдан тўхтамади. 1992 йилда доцент илмий унвонига эга бўлди. 1994-1998 ҳамда 2002-2004 йилларда Наманган давлат университетининг Ўзбек филологияси факультети декани сифатида фаолият олиб борди. Бу йилларда таҳсил олган талабалар устознинг нақадар кучли билим, тафаккур эгаси бўлганлиги, талабчанлиги ва, ўз навбатида, меҳрибон ва самимий устоз эканини яхши эслайдилар.
Дарҳақиқат, илм йўли заҳматли, лекин натижаси шунга арзийди. Бу йўлдан юрган ҳар бир инсон бутун бир жамиятга, унинг тараққиёти ва такомилига ўз ҳиссасини қўшиб бораркан, ўзининг ҳам йўли зиёга, қалби нурга йўғрилиб бораверади. Шу маънода Муҳаммаджон Юсупов машаққатли илм йўлидан узоқ йиллардан бери одимлаётган, юзлаб шогирдларини ўз ортидан илм-фан чўққилари сари етаклаётган етук олимлардан бири. У профессор Одилжон Носиров билан ҳаммуаллифликда 1989 йилда “Эски ўзбек ёзувидан методик тавсиялар” номли қўлланмани яратди ва Наманганда чоп эттирди. Академик Неъматилло Иброҳимов билан ҳамкорликда эса 1997 йилда “Араб тили грамматикаси” дарслигинининг биринчи жилдини тайёрлади ва у Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси нашриётида чоп этилди. 2003 йилда Муҳаммаджон Юсупов, Юнусхон Раҳматуллаев, Маҳмуджон Муҳиддинов ва Одилжон Носировлар ҳамкорлигидаги “Ан-Наим” (арабча-ўзбекча луғат) китоби “Абдулла Қодирий халқ мероси” нашриётида дунё юзини кўрди. 2004 йилда эса устоз саъй-ҳаракати ва ҳиссаси билан “Араб тили грамматикаси” дарслигининг иккинчи жилди босмадан чиқди. Бундан ташқари устоз вақтли матбуотда ҳам оммабоп мақолалари билан мунтазам равишда қатнашиб келади. Мақолалар сони шу кунгача бир неча юзтани ташкил этган. Муҳаммаджон Юсуповнинг таржимонлик соҳасидаги меҳнатлари маҳсули ҳам эътироф этишга арзирли. У 1985 йилда Жазоир ёзувчиси Тоҳир Ал-Ватторнинг “Зилзила” романини арабчадан ўзбекчага ўгириб, “Камалак” нашриётида чоп эттирди. Араб ёзувчиси, таниқли файласуф Жуброн Халил Жуброннинг қатор ҳикоялари ҳам айнан устозимиз таржимаси асосида “Шарқ юлдузи” журналида босилиб чиққан.
Илм, муаллимлик, мураббийлик ишлари билан ҳамиша банд бўлиш – шараф ва у инсондан жуда катта матонат, сабр-бардошни талаб қилади. Бундай вазифани сидқидил адо этиб келаётган устозимиз – филология фанлари номзоди, доценти Муҳаммаджон Юсупов – Наманган давлат университети жамоасининг фахри, энг ардоқли вакилларидан бири. Устозни 80 ёшга тўлиши муносабати билан қутлар эканмиз, чин қалбимиздан янада узоқ умр, куч-қувват, сиҳат-саломатлик тилаб қоламиз. Бахтимизга ҳамиша омон бўлинг, устоз. Бебаҳо ҳаёт саҳифангизни яна кўп йиллар илмий муваффақиятлар ила безаш бахти насиб этаверсин!
Санжарбек ҲАМИДОВ,
Наманган давлат университети «Пресс клуб» раҳбари,
Аъзамжон ТЎХТАБАЕВ,
НамДУ Тарих кафедраси доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори.