Инсон қадри ва бахти акс этган дастур

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида Фармони қабул қилинди.Мазкур Фармонда белгилаб берилган барча устувор йўналишлар мамлакатимизда аҳоли турмуш тарзини яхшилаш ва фаровонлигини ошириш, инсон қадрини янада юксалтириш, экология ва табиатга бўлган муносабатни тубдан ўзгартириш ва келгуси авлодга етказишга қаратилгани билан аҳамиятли ҳисобланади.

Фармонда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида мамлакат ривожланишининг устувор ёндашувлари этиб қуйидагилар белгиланди:

маҳаллаларнинг экологик қиёфасини яхшилаш, кўчаларда яшиллик даражасини ошириш, экологик жиҳатдан қулай ва фаровон яшаш муҳитини шакллантириш;

аҳолининг саломатлигини яхшилаш, экологик турмуш тарзини шакллантириш ва инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитларни яратиш;

табиий ресурсларни тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш, экологик барқарорликни таъминлаш;

ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш, кўпайтириш ва кейинги авлодга етказиш ҳамда биологик хилма-хилликни сақлаш;

“яшил иқтисодиёт” тамойилларини кенг жорий қилиш, иқтисодиётни иқлим ўзгаришига мослаштиришга қаратилган лойиҳаларни барқарор молиялаштириш;

республика энергобалансида қайта тикланувчи энергия улушини ошириш, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида йирик “яшилэнергия” станцияларини барпо этиш, ҳудудларда кичик ва микро гидроэлектр станциялари тармоғини кенгайтириш, аҳоли хонадонларида қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш;

иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада замонавий энерготежамкор технологияларни кенг қўллаш орқали иқтисодиётда “углерод изи”ни камайтириш;

экологик барқарорликка йўналтирилган ҳудудлар ва тармоқлараро мувофиқлаштирувни таъминлаш.

Кўриниб турибдики, жорий йилда мамлакатимизда барча соҳаларга “яшил иқтисодиёт” тамойилларини олиб кириш ва “яшил энергия” соҳасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилиши белгиланди.

Мазкур Фармоннинг яна бир аҳамиятли томони шундаки, Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим омилларидан бири бўлган олий таълим соҳасида бошланган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилади.

Жумладан, Фармонда инсон салоҳиятини юксалтириш, таълим учун қулай муҳит яратиш ишларини ташкил этиш мақсадида 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши каби таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича етакчи олий таълим ташкилоти этиб белгиланиши, унда “циркуляр иқтисодиёт”таълим йўналишида кадрлар тайёрлаш амалиёти йўлга қўйилиши соҳада малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжни тўлдириши шубҳасиз.

Шу билан бирга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетига бириктириладиган “яшил техникумлар” фаолияти йўлга қўйилиши, табиий фанлар, муҳандислик-техника, иқтисодиёт ва молия йўналишларидаги давлат олий таълим ташкилотларида “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил ривожланиш” фани ва ўқув дастурлари киритилиши ҳам ҳудудларда экология соҳасидаги билим ва кўникмаларни янада ривожланишида муҳим омил бўлади.

Яна бир жиҳат шуки, Фармонда олий таълимда грант ўринларини босқичма-босқич ошириш ҳисобига аниқ ва табиий фанлар, муҳандислик-техника,хизматлар, тиббиёт каби соҳаларда давлат буюртмасини25 мингтага етказилиши ёшларни олий таълим билан қамровида, айниқса, юқоридаги мутахассисликлар бўйича етук кадрлар тайёрланишида катта аҳамият касб этади.

Шу билан бирга “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши таълим дастурлари асосида таълим олиш учун стипендия танловига 20 тагача квота ажратиб борилиши ҳам мазкур соҳада халқаро тажрибани уйғунлаштирган ҳолда илмий-тадқиқот ишлар кўламини кўпайтиришга хизмат қилади.

Давлат дастурида республиканинг ҳар бир туман ва шаҳрида босқичма-босқич инклюзив таълим талабларига жавоб берадиган камида биттадан умумтаълим мактаби фаолияти ташкил этилиши эса бу таълимга эҳтиёжи бор ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватланишининг ёрқин намунасидир.

Бугунг кунда юртимизда олий таълим олиш истаги бўлган, лекин фарзандини ўқитишга имконияти бўлмаган оилалар ҳам мавжуд. Шундай тоифадаги оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида 3,5 минг камбағал оилаларфарзандларини тайёрлаб, олий таълим ташкилотларига белгиланган тартибда грант асосида қабул қилиш белгилангани эса инсон қадрининг юксак даражада эканлигидан далолат.

Умуман олганда ушбу Фармондаги ҳар бир белгиланган чора-тадбирлар мамлакатимизда “Инсон қадри учун, инсон бахти учун!” деган олижаноб мақсадни амалга оширишгахизмат қилади. Бу эса Дастурни том маънода инсон қадри ва бахтини акс эттирувчи тарихий ҳужжат эканлигини кўрсатиб беради.

Наримон ДЕҲҚОНОВ,
Наманган давлат университети профессори,
сиёсий фанлар доктори,
Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутати