Фуқаролар йиғини раисларининг ваколат муддати 5 йилга узайтирилди

Ўзбекистонда фуқаролар йиғинлари раисларининг ваколат муддати узайтирилди. Ушбу ўзгартиш 2025 йил 11 февраль куни қабул қилинган ЎРҚ-1027-сонли қонун асосида амалга оширилди. Янги тартибга кўра, фуқаролар йиғини раислари энди уч йил эмас, беш йил муддатга сайланади.

Мазкур қонун «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги ва «Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида»ги қонунларга киритилган ўзгартиришлар орқали расмийлаштирилди. Унга кўра, янги сайланадиган фуқаролар йиғини раислари 5 йил муддатга ўз лавозимида фаолият олиб боради.

Бундан ташқари, қонун доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссияларининг ваколатлари аниқлаштирилди. Бу комиссиялар фуқаролар йиғини раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашиш вазифасини бажаради.

Қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради. Шунингдек, қонун амалга киритилгунига қадар уч йил муддатга сайланган фуқаролар йиғинлари раислари ўз лавозимида қолади ва сайланган муддати тугагунига қадар ўз ваколатларини бажаришда давом этади.

Бу ўзгаришлар фуқаролар йиғинлари раҳбариятини барқарорлаштириш ва уларнинг ҳудудларда узоқ муддатли ривожланиш стратегияларини амалга ошириш имкониятини кенгайтиришга қаратилган. Фуқаролар йиғинлари маҳаллаларда муҳим ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишда асосий рол ўйнаши сабабли, янги қонун уларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.