Халқимиз азалдан хотин-қизларни улуғлаб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратиб келган. Бугунги кунда ҳам бу анъаналар янада ривожланиб, аёлларнинг таълим олиши, илм-фан ва технология соҳаларида ўз салоҳиятини намоён этиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан жамиятимизда аёлларнинг ўрни ва аҳамиятини яна бир бор таъкидлаш жоиз.
Бугунги кунда юртимизда хотин-қизлар жамиятнинг ҳар бир соҳасида фаол иштирок этиб, юксалиш ва тараққиётга улкан ҳисса қўшмоқда. Давлат томонидан таълим олиш, илм-фан ва инновация соҳаларида фаолият юритишлари учун қатор дастурлар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилмоқда. “Инсон қадри учун” тамойили асосида аёлларга таълим олишда, илмий фаолиятда ва стартап лойиҳаларида қатнашишда алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳозирда олийгоҳларимизда жами 1 миллион 489 минг нафардан ортиқ талаба таҳсил олаётган бўлса, уларнинг 52,5 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Магистратура босқичида эса бу кўрсаткич 62,4 фоизга етган. Давлат томонидан таълим кредитлари фоизсиз берилиши, шунингдек, шартнома асосида таҳсил олиш учун бюджетдан маблағ ажратилиши аёлларнинг илм олиш имкониятлари янада кенгайтирилмоқда.
Хотин-қизларнинг илм-фан соҳасидаги фаоллиги ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда. Олий таълимдан кейинги босқичда – докторантура ва стажёр-тадқиқотчилик дастурларида таҳсил олаётган тадқиқотчилар орасида аёллар улуши 52 фоизни ташкил этмоқда. Ҳар йили эҳтиёжманд оилаларнинг 2 минг нафар фарзанди бўлган хотин-қизлар давлат гранти асосида олийгоҳларга қабул қилинмоқда.
Шунингдек, ёш олималарнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга хорижда малака ошириш имкониятлари ҳам яратилган. 2024 йилда 105 нафар ёш олима Буюк Британия, Туркия, Россия, Венгрия, Беларусь, Италия, Испания, АҚШ, Хитой каби давлатларда илмий стажировкада бўлиб қайтди. Бугунги кунда аёл олималар раҳбарлигида 82,6 миллиард сўмлик 101 та илмий лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу эса хотин-қизларнинг илмий инновациялар ва технологик тараққиётга қўшаётган ҳиссасининг яққол далилидир.
Наманган давлат техника университетида ҳам хотин-қизларнинг таълим ва илмий фаолиятдаги иштироки сезиларли даражада ортиб бормоқда. Университетда 208 нафар аёл профессор-ўқитувчи фаолият юритаётган бўлса, уларнинг 8 нафари фан доктори, 64 нафари PhD илмий даражасига эга. Университетда таҳсил олаётган 18 978 нафар талабанинг 3 654 нафари хотин-қизлардир.
Талаба-қизлар ҳам ўз муваффақиятлари билан университет обрўсини юксалтириб келмоқда. 2024-2025 ўқув йилида давлат стипендияларини қўлга киритган 13 нафар талаба орасида 1 нафар Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси, 1 нафар Ислом Каримов стипендияси, 3 нафар Беруний номли стипендия соҳибалари бор. Университетда ташкил этилган “Қалқон” гуруҳи сафида ҳам 16 нафар қиз фаолият юритмоқда.
Шунингдек, университет профессори Озода Абдуллаева Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ «Шуҳрат» медали билан тақдирланди. Бу эса унинг илмий ва педагогик соҳадаги фидокорона меҳнати эътироф этилганидан далолат беради.
8-март – бу нафақат байрам, балки хотин-қизларга бўлган миннатдорчилик ва эътибор рамзи ҳамдир. Аёллар оиланинг таянчи, жамиятнинг ривожи ва келажагининг гаровидир. Шунинг учун ҳам давлатимиз ҳар бир хотин-қизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун барча шароит ва имкониятларни яратмоқда.
Бугунги кунда таълим, фан, инновация, бизнес ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган аёллар ўз меҳнати ва фидойилиги билан нафақат оиласини, балки бутун жамиятни илҳомлантирмоқда. Уларнинг меҳнати юксак қадрланиб, келажак авлод учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда.
Сизлар бизнинг илҳомимиз, куч-қувватимиз ва умидимизсиз! Ўз орзуларингизни амалга оширишда ҳеч қачон тўхтаманг! Зеро, сизнинг ютуқларингиз – бутун жамиятимизнинг ютуғидир.
Диёрбек Соаталиев,
Наманган давлат техника университети магистранти.