ШҲТ саммити натижалари — Ўзбекистон ёшлари келажаги учун хизмат қилади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитойнинг Тяньцзинь  шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида иштироки мамлакатимиз учун муҳим келишувларга замин яратди.

Ташриф якунида қабул қилинган Тяньцзинь декларациясида 2025–2030-йилларда минтақавий савдо ҳажмини 30 фоизга ошириш вазифаси белгиланди. Шунингдек, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш учун 500 миллион АҚШ долларлик қўшма инвестиция фонди ташкил этилиши кўзда тутилмоқда. Иқлим ўзгаришларига қарши курашиш доирасида эса йилига 10 миллион куб метр сувни тежашга йўналтирилган лойиҳа бошланиши режалаштирилган. Бу ташаббус Наманган давлат техника университетида ўқитилаётган сув ресурслари ва экология фанларига амалий қўллаш имкониятини беради.

Келишувлар доирасида 2025–2027-йилларда юқори технологияли мутахассислар тайёрлаш мақсадида икки мамлакат ўртасида 15 та қўшма илмий лойиҳа амалга оширилиши белгиланди. Бу Наманган давлат техника университетининг IТ, қишлоқ хўжалиги ва муҳандислик йўналишларида таҳсил олаётган талабаларга халқаро тажриба орттириш, амалий лойиҳаларда иштирок этиш ва замонавий технологияларни ўзлаштириш учун кенг имкониятлар яратади.

Шунингдек, университетнинг таянч докторанти Элёрбек Бақиев Хитой Қишлоқ хўжалиги Университетига 10 ойлик стажировкага юборилиши Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2025-йил 25-августдаги 287-сонли буйруғига мувофиқ амалга оширилмоқда. Элёрбек стажировка давомида қишлоқ хўжалигида сунъий интеллект технологияларини қўллаш бўйича учта илмий мақола тайёрлаши кутилмоқда. Бу эса Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги илмий ҳамкорликнинг амалий натижасини яққол кўрсатади.

ШҲТ доирасидаги 500 миллион долларлик инвестиция фонди ҳамда 15 та қўшма лойиҳа ёш авлод учун илм-фан ва инновациялар соҳасида янги уфқлар очмоқда. Президентимизнинг халқаро майдондаги фаол ташаббуслари натижасида яратилаётган бундай имкониятлар Наманган давлат техника университетини илмий изланишлар ва таълимда етакчи масканлардан бирига айлантиришга хизмат қилади.

Диёрбек Соаталиев,
Наманган давлат техника университети
ёшлар етакчиси.