Давлатимиз раҳбаринингжорий йил 15 сентябрдаги ўқитувчи ва мураббийлар билан мулоқоти мамлакатда таълимга берилаётган устувор эътиборнинг амалий исботи бўлди. Бир миллионлик педагоглар жамоасига йўлланган самимий табрик– бу соҳанинг энг муҳим даражада эканини яна бир бор тасдиқлади.
Маълумки, ўтган даврда иқтисодиётимиз икки баробар ўсди, йил якуни билан жон бошига даромад 3,5 минг долларга етиши, ЯИМ ҳажми эса 130 миллиард доллар бўлиши кутилмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек: “Иқтисодиёт қанчалик мустаҳкам бўлса, таълим ривожланади. Таълим сифати юқори бўлган мамлакатда эса иқтисодиёт барқарор ўсади. Бу – ҳаёт қонуни”. Демак, молиявий барқарорлик билан таълим ўртасида узвий боғлиқлик бор ва бу боғлиқлик янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Бугунги кунда таълим сифатини ошириш ҳамда педагогларнинг меҳнат ва яшаш шароитини яхшилаш ислоҳотларнинг энг устувор йўналиши бўлиб қолмоқда. Бу борада олий таълим тизимидаги ўзгаришларнингҳам кенг кўламда бўлаётганини алоҳида қайд этиш лозим.Сўнгги йилларда олийгоҳлар сони 77 тадан 202 тага етди, талабалар сони 250 мингдан 1,5 миллионгача кўпайди. Профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маоши сезиларли даражада оширилди, олийгоҳда ўқитувчи бўлиш кўпчиликнинг орзусига айланиб улгурди. Бу ўзгаришлар эса айни пайтда таълим тизимида ишонч ва шаффофлик муҳитини мустаҳкамламоқда.
Агар бу кўрсаткичларни Наманган вилояти миқёсида кўрсак, катта ижобий ўзгаришлар гувоҳи бўламиз. Сўнгги йилларда вилоятда олийгоҳлар сони 3 тадан 9 тага, талабалар турар жойлари аввалгига нисбатан 40 фоизга, талабалар сони 29 мингдан 89 мингга ортди. Вилоят олийгоҳларидаги илмий салоҳият ҳам аввалги 27 фоиздан 50 фоизга етказилмоқда. Бу натижаларни том маънода юртимиздаги тарихий ислоҳотлар самараси дейиш мумкин.
Маълумки, яқинда ихтирочилар ўртасида ўтказилган танловлар бугун амалий натижа бермоқда: тўққизта йўналишда ғолибларга электромобиллар берилди, иккинчи ўрин соҳиблари хорижга стажировкага юборилади, учинчи ўринга пул мукофотлари тақдим этилди. Учрашувда таъкидланганидек, эндиликда бундай танловлар олий таълимнинг ҳар бир йўналишида, ўқитувчилар ва талабалар ўртасида ҳам ўтказилади. Ғолибларга 250 миллион сўмгача мукофот берилиши, республика миқёсида энг кўп ғолиб чиқарган олийгоҳларга замонавий лаборатория ва илмий адабиётлар учун 1 миллиард сўм ажратилиши – натижагайўналтирилган рағбат тизимининг ёрқин намунаси бўлди. Энди олийгоҳда фаолият олиб бораётган ва таҳсил олаётган илмий тадқиқотчилар ҳам мазкур танловда ўзларининг тадқиқот натижалари билан иштирок этиш имкониятига эга бўлишди.
Олий таълимдаги ислоҳотларнинг асосий мақсади – Ўзбекистонни минтақавий таълим ва илм-фан хабига айлантириш ҳисобланади. Ҳозир кунда тўртта олийгоҳ дунёдаги ТОП-мингталикка кирган бўлса, яқин йилларда бу кўрсаткични 10 тага етказиш режалаштирилган. Шу билан бирга, ахборот технологиялари, сунъий интеллект, агротехнология, тиббиёт, “яшил” энергетика каби устувор йўналишларда хорижий ТОП-500 талик университетлар билан қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилади, ТОП-100 талик олийгоҳларнинг филиаллари очилади.
Бу мақсадларга эришиш учун келгуси йилда 10 дан зиёд халқаро ташкилотлар, 500 та нуфузли олийгоҳ ректорлари ва 1 мингдан ортиқ халқаро экспертлар иштирокида Марказий Осиё халқаро таълим форуми ўтказилиши режалаштирилмоқда. Хорижлик талабалар сонини 5 баробарга ошириш, таълим экспортинэса 200 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилган. “Ўқиш учун Ўзбекистон” тамойили ана шундай аниқ мақсад ва вазифалар билан мазмун касб этмоқда.
Албатта, эътибор билан бирга масъулият ҳам ортади. Бу босқичда сифат кафолатини кучайтириш, миллий ва халқаро аккредитацияларнинг ҳаётдаги таъсирини ошириш, илмий ишланмаларни саноатга ва стартапларга чиқариш, ижтимоий эҳтиёжли ёшлар учун кенг имкониятлар яратиш муҳимдир. Педагог кадрлар учун узлуксиз малака ошириш тизими, таълимда рақамлаштириш, очиқ маълумотлар ва таҳлилга таянган бошқарув – янги поғонанинг асосий шартлари ҳисобланади.
Биз зиёлилар Президентимизнинг ушбу учрашувдаги нутқларинитаълимни янги босқичга кўтариш бўйича масъулиятга даъват деб қабул қиламиз. Албатта, барчамиз ана шу юксак масъулиятни ҳис этиб, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт мўъжизасини яратишга ўз ҳиссамизни қўшамиз.
Наримон Деҳқонов,
Наманган давлат университети профессори,
Халқ депутатлари Наманган вилояти кенгаши депутати.