Тўрт тилни ўрганиб, дунёга бўйлаган Дурдона

Бугун билимни ўлчаш фақат баҳо ёки диплом билан чекланмайди. Уни дунёни нечоғли англай олишингиз, турли маданиятлар билан мулоқот қила билишингиз белгилайди. Ана шундай мезонлар асосида қаралганда, Дурдона Орифжонова бугунги ёшлар орасида ўзига хос йўл танлаган талабалардан биридир.

У Турон халқаро университети «Бизнес бошқаруви» факультетининг «Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар» йўналиши 3-босқичида таҳсил олаётган талаба.

2006 йилда Наманган шаҳридаги зиёли оилалардан бирида дунёга келган Дурдонанинг илм йўлида катта шижоат билан қадам ташлашида оилавий муҳитнинг ўрни жуда катта бўлди. Касби иқтисодчи бўлган отаси ва педагог онаси унинг қизиқиш ва интилишларига бефарқ бўлмай, аксинча, унда масъулият, таҳлилий фикрлаш ҳамда илмга ҳурмат туйғуларининг қарор топишига ҳаракат қилдилар.

Дурдонанинг таълим йўли илк кунданоқ аниқ режа асосида шаклланди. Олий таълим муассасасига у IELTS 6.5 натижаси билан қабул қилиниб, дастлаб 30 фоизлик грант асосида таҳсилни бошлади. Бироқ бу натижа якуний нуқта эмас эди. Изчил тайёргарлик ва меҳнат самараси ўлароқ, бугунги кунда у IELTS бўйича 7 даражага эришган.

Университетнинг биринчи босқичидаёқ Дурдона назарий билим билан чекланиб қолмади. Япониянинг Окинава префектурасига қарашли Миякожима оролида ўтказилган тўрт ойлик стажировка унга халқаро меҳнат муҳити, интизом ва маданиятни ичкаридан туриб англаш имконини берди. Айнан шу даврда у япон тилини реал мулоқот орқали мустаҳкамлади.

Иккинчи босқичда эса у таълим географиясини яна кенгайтириб, Малайзиянинг Нилай шаҳрида жойлашган INTI international universityda талаба алмашинуви дастури асосида таҳсил олди. Турли мамлакатлардан келган талабалар билан биргаликда ўқиш Дурдонанинг дунёқарашини янада чуқурлаштирди, халқаро иқтисодий жараёнларга бўлган қизиқишини янада кучайтирди.

Бугунги кунда Дурдона инглиз, япон, хитой ва рус тилларини мукаммал билади. Бу тиллар унинг учун шунчаки мулоқот воситаси эмас, балки иқтисодий билим ва тафаккурни кенгайтириш, манбаларни бевосита ўрганиш ва глобал жараёнларни чуқур англаш, таҳлил қилиш имконидир.

Ўзбекистонга қайтгач, у грант миқдорини 50 фоизгача оширишга эришди, илмий изланишлар олиб бориб, академик мақолалар ёзди ва нашр эттирди. Эришилган натижалар эътибордан четда қолмади: бугун у «Fazo Holding» стипендияси соҳибасидир.

Дурдона Орифжонованинг муваффақиятлари шуни кўрсатадики, замонавий талаба учун рақобат устунлиги — бу фақат билим эмас, балки тил, маданият ва фикрлаш доирасининг кенглигидир. Тўрт тилни эгаллаган, бир нечта давлатда таҳсил олган Дурдонанинг интилишлари мисолида шундай хулоса қилишимиз мумкин: бугун таълим — бу чегарасиз макон, унга етиб бориш эса фақат изланишга боғлиқ.

Санжарбек ҲАМИДОВ.