Қариндошлар ўртасидаги никоҳга йўл қўйилмайди

Муҳокамага қўйилган Қонун лойиҳаси билан ён шажара бўйича 2-, 3- ва 4-даражадаги қариндошлар — тоға ва амаки, амма ва хола ўз жиянлари билан, шунингдек, тоғавачча, амакивачча, аммавачча ва холаваччалар ўртасида никоҳ тузишга йўл қўйилмаслиги белгиланмоқда.

Бироқ, никоҳланувчи томонлардан бири фарзандликка олинган ёки ўгай фарзанд бўлган ҳоллар, агар фарзандликка олинган никоҳланувчи шахс никоҳланувчи 2-шахсга ҳақиқатда 1-, 2-, 3- ва 4-даражали қариндош бўлмаса бундан мустасно.

Шунингдек, никоҳга киришни хоҳловчиларнинг аризасига кўра ҳомиладорлик, бола туғилиши билан боғлиқ ҳолатларда никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан 1 йилга камайтириши мумкин.

Бундан ташқари, никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача (20,6 млн сўмдан 41,2 млн сўмгача) миқдорда жарима ёки 240 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланмоқда.