Жон томирга туташган маскан у!

2026 йил – «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили»

Маҳалла деганда, кўз ўнгимизда беғубор болалигимиз ўтган кўчалар, ҳар япроғи таниш дов-дарахтлар, ўз эгаларига ўхшаб кетадиган уйлар ва… қадрдон чеҳрали одамлар гавдаланади. Юртимиздаги маҳаллалар номи турлича, бироқ ундаги қадриятлар деярли бир хил. Маҳаллада иймон, меҳр, оқибат, мурувват яшайди. Маҳаллада ўзига хос ҳаёт, ўзига хос сабоқ бор…

Ривожланган мамлакатларда ҳам ёлғиз қолган кексалар ўз уйида вафот этиб, бир мунча муддат биров хабар топмай қолаётган бир пайтда бизнинг маҳаллаларда ёлғиз қарияларни ҳар куни албатта, бир қўшниси ёхуд маҳалладошлари, дўст-биродарлари йўқлайди. Камдаромадли, бемори бор ёки бошига бирон мусибат тушган оилалар бўлса, маҳалла уларга асло бефарқ бўлмайди. Маҳалладош маҳалладошнинг қувончу ташвишига шерик. Ташвишли дамларда “Ҳеч ўйланманг, мана биз бормиз, маҳалла бор”, деган гапнинг кишига қанчалар далда бўлишини бу ҳисни туйганлар жуда яхши билишади…

Ҳа, сезганингиздек, маҳалла – гўёки катта оила. Оила бўлгандаям, аҳил, меҳр-оқибати кучли оила. Фарзандларимизни яхши, хушхулқли инсон бўлиб вояга етишида маҳалланинг ўрни катта. Маҳалла фарзандингизга кўз-қулоқ, беминнат назоратчи, тарбиячи.

Бир сўз билан айтганда, маҳалла – катта куч. Бу куч манбаи ҳамжиҳатликда, одамларнинг ишончида.

Президентимиз 2026 йилни юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилишни таклиф қилди ва буни халқимиз жуда катта мамнуният билан қабул қилди. Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида: “Тарих давомида қандай оғир синовларга дуч келмайлик, биз аввало бирдамликдан куч олдик. Машаққатли кунларда одамларимиз, маҳалла аҳли елкадош бўлиб қийинчиликларни енгган. Оила – оилага, қўшни – қўшнига кўмак бериб яшаган. Биз мана шундай ўта ноёб қадриятимизга доимо содиқ қолишимиз, ёш авлодимизни айни шу руҳда тарбиялашимиз керак. Бугунги кунда жамиятимизда турли хил фикр ва қарашлар бўлиши табиий. Бу – демократиянинг бирламчи талаби. Аммо миллати, тили ва динидан қатъи назар, 38 миллионли эл-юртимизни бирлаштирадиган улуғ бир ғоя бор. У ҳам бўлса, Ватан манфаати, халқимиз манфаатидир. Мана шундай буюк мақсадга эришишда маҳалла тизимининг ўрни ва таъсири беқиёс. Чунки маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз тинч ва ҳамжиҳат бўлади. Маҳалла ривожланса, бутун мамлакатимиз юксалади, дея мутлақо ҳақ гапни айтиб ўтдилар.

Йилнинг бундай номланиши Янги Ўзбекистон тараққиётида янги даврни бошлаб беради. Зотан, маҳалла – жамиятимизнинг юраги. Маҳалла тараққий этса, мамлакат ривожланади. Халқни, одамларни ўз ҳаётидан мамнун яшашларини таъминлашдек мақсад йўлидаги чора-тадбирлар самарадорлигини оширади. Агар бирдам бўлсак, бефарқ бўлмасак, ободликни оилаларимиздан бошласак, маҳаллаларимиз ўз-ўзидан ривож топади. Ободлик бу атрофимизнинг тозалиги ва яшилликка бурканишигина эмас, балки оилаларда соғлом муҳит қарор топиши, аҳоли даромадларининг ортиши, фарзандларнинг илмли, ҳунарли бўлиши, ҳаётимиздаги иллатларга тўла барҳам берилиши демакдир.

Ҳаётимизни маҳалласиз тасаввур этолмаймиз. Шундай экан, унинг ҳаётида шунчаки бор бўлмайлик. Маҳаллада ўз ўрнимиз бўлсин, ўзимиздан яхши ном, яхши из қолдирайлик. Бунинг учун бугун имкон бор, шундай эмасми?!

Ҳайитали ТЎЙЧИЕВ,
Улуғнор туманидаги “Мингбулоқ” жомеъ масжиди имом-хатиби.