Наманган ёшлари халқаро сертификатлар билан етакчиликни қўлга олди

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ёшларнинг хорижий тилларга бўлган қизиқиши сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди. Бу жараён тасодифий эмас. Давлат сиёсати, таълимдаги ислоҳотлар ва ёшлар олдига қўйилаётган аниқ мақсадлар натижасида хорижий тил билиш энди имтиёз эмас, балки замон талаби сифатида қабул қилинмоқда.

Айниқса, бу борада Наманган вилояти ёшларининг фаоллиги республика миқёсида алоҳида эътироф этилмоқда. Халқаро тил сертификатларини қўлга киритиш, жаҳон таълим майдонига чиқиш ва интеллектуал рақобатга тайёр авлодни шакллантиришда наманганлик ёшлар етакчи сафда бормоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 13 апрелда қабул қилинган 209-сонли қарори ана шу мақсадларни қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим ҳужжатлардан бири бўлди. Унга кўра, халқаро имтиҳон тизимларида юқори натижа қайд этган ёшларга имтиҳон харажатларини тўлиқ қоплаб бериш амалиёти жорий этилди. Бу эса ёшлар учун нафақат молиявий енгиллик, балки кучли рағбатлантирувчи омилга айланди.

Фақатгина 2025 йилнинг ўзида IELTS, TOEFL iBT, SAT, GRE, GMAT, TOPIK, HSK, JLPT, TestDaF, Goethe-Zertifikat, CAE, CPE, BEC каби нуфузли халқаро сертификатлардан юқори балл тўплаган 1251 нафар наманганлик ёшларнинг имтиҳон харажатлари давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилди. Бунинг учун жами 2 миллиард 767 миллион 561 минг сўм маблағ сарфланди.

Агар кенгроқ кўламда қаралса, 2021 йил 1 майдан 2025 йил якунига қадар 4142 нафар ёш халқаро имтиҳонларда юқори натижа қайд этган. Уларни қўллаб-қувватлаш учун давлат томонидан 8 миллиард 70 миллион 708 минг сўм миқдорида маблағ ажратилган. Бу рақамлар ортида минглаб орзулар, узлуксиз меҳнат, интилиш ва интеллектуал салоҳият мужассам.

Эътиборли жиҳати шундаки, Наманган вилояти ёшлари бу кўрсаткичлар билан республика миқёсида юқори ўринларни эгаллаб келмоқда. Бу ҳолат ҳудудда таълимга бўлган муносабат, ота-оналарнинг онгидаги ўзгариш ва ёшларнинг мақсадли ҳаракатини яққол намоён этади. Хорижий тилни билиш ёшларга халқаро грантлар, хорижий олийгоҳлар, нуфузли иш ўринлари сари йўл очаётгани эса бу ҳаракатнинг самарасини янада оширмоқда.

Муҳими, ушбу тизим ёшларни фақат сертификат олишга эмас, балки билимни чуқур ўзлаштиришга ундамоқда. Чунки халқаро имтиҳонларда юқори натижа тасодифан қўлга киритилмайди. Бу  интизом, сабр, меҳнат ва узоқ муддатли режанинг самарасидир.

Хулоса қилиб айтганда, хорижий тиллар бўйича компенсация тизими  ёшлар келажагига қаратилган стратегик инвестициядир. Наманган ёшларининг бу жараёнда фаол ва етакчи ўринда бўлиши эса ҳудуднинг интеллектуал салоҳияти тобора мустаҳкамланаётганидан далолат беради. Бу эса нафақат бугунги кун, балки эртанги тараққиёт учун ҳам ишончли пойдевор ҳисобланади.

Санжарбек ҲАМИДОВ.