«Япония тажрибаси» нимани ўзгартирмоқда?

Бугунги кунда таълим тизимида асосий савол битта: бола мактабдан фақат билим олиб чиқяптими ёки ҳаётга тайёр бўлиб шаклланяптими? Сўнгги йилларда айнан шу саволга жавоб топиш мақсадида умумий ўрта таълим муассасаларида хорижий илғор тажрибалар амалиётга жорий этилмоқда. Шулар орасида «Япония тажрибаси» асосида ташкил этилаётган бошланғич таълим модели алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бу тизим республиканинг турли ҳудудларидаги мактабларда синов тариқасида қўлланилмоқда. Жумладан, Наманган шаҳридаги бир қатор умумтаълим муассасаларида ҳам мазкур ёндашув асосида ўқув жараёнлари ташкил этилмоқда. Шулар қаторида 3 сонли умумий ўрта таълим мактабида олиб борилаётган ишлар эътиборни тортади. Мактабда бугунги кунда 2 минг 285 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Ўтган ўқув йилида 56 нафар битирувчи мактабни тамомлаган бўлиб, уларнинг 18 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган. Шунингдек, 13 нафар ўқувчи миллий ва халқаро сертификатларга эга бўлиб, бу таълим сифати натижа билан ўлчанаётганидан далолат беради.

Бошланғич таълим босқичида эса «Япония тажрибаси» асосида алоҳида тизим йўлга қўйилган. Хусусан, мактабда 6 та 1-синф шакллантирилиб, дарс машғулотлари ушбу модел асосида олиб борилмоқда. Мазкур ёндашувнинг асосий фарқи шундаки, унда болага билим бериш билан бир қаторда, интизом, масъулият, жамоада ишлаш ва мустақил қарор қабул қилиш кўникмалари биринчи ўринга қўйилади.

Япония таълим моделида бошланғич синфга шахсни шакллантириш босқичи сифатида қаралади. Шу сабабли дарс жараёнларида болаларнинг фаол иштироки, амалий машғулотлар, тартиб-қоидага онгли риоя қилишига алоҳида эътибор қаратилади. Бу эса ўқувчининг кейинги синфларда билимни тезроқ ва чуқурроқ ўзлаштиришига замин яратади. Мазкур тизимни жорий этиш учун мактаб зарур моддий-техник база билан таъминланган. Синф хоналари, ўқув жиҳозлари ва методик ёндашувлар бошланғич таълимнинг замонавий талабларига мослаштирилган. Натижада ўқитувчи учун самарали ишлаш, ўқувчи учун эса қулай ўрганиш муҳити шаклланмоқда.

Айни пайтда Наманган шаҳридаги бошқа мактабларда ҳам «Япония тажрибаси» асосида таълим жараёнини ташкил этиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Бу тажриба босқичма-босқич кенгайтирилиб, унинг натижалари асосида умумий ўрта таълим тизимига татбиқ этилиши кўзда тутилмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу ёндашувнинг асосий афзаллиги  натижанинг қисқа муддатда эмас, балки узоқ истиқболда кўриниш беришидадир. Яъни, бошланғич синфда шаклланган тартиб, масъулият ва мустақил фикрлаш кўникмалари кейинги таълим босқичларида барқарор ўсишга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, мактабларда «Япония тажрибаси» асосида олиб борилаётган ишлар фақат бир ҳудуд ёки алоҳида таълим муассасаси доирасида қолиб кетадиган лойиҳа эмас. Бу умумий ўрта таълим сифатини оширишга қаратилган, бутун мамлакат миқёсида аҳамиятга эга бўлган ёндашувдир. Энг муҳими, мазкур ёндашув бошланғич таълимда натижага йўналтирилган, ҳаётий кўникмаларга эга авлодни шакллантиришга асос бўлмоқда.

Санжарбек ҲАМИДОВ.