Тадбиркордан ортиқча ҳужжат сўраган давлат органлари жавобгарликка тортилади

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун янада қулай шарт-шароитлар яратилади. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” каналида хабар берилди.

Қайд этилишича, кеча, 21 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган Қонун [ЎРҚ-979-сон, 21.10.2024 й.] билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш киритилган.

Қонунга кўра, тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат органларига тақдим этиладиган ҳисобот ва статистика маълумотларининг ягона рўйхатига киритилмаган статистика, молия, солиқ ҳисоботини ва бошқа ҳисоботни, шунингдек қонунчиликда назарда тутилмаган ўзга ҳужжатларни, шу жумладан банк ҳисобварағини очишда ортиқча ҳужжатларни тадбиркорлик субъектларидан талаб қилиб олганлик, худди шунингдек мазкур ягона рўйхатга киритилган ҳисоботни тақдим этишнинг белгиланган муддатлари ва тартибига зид равишда талаб қилиб олганлик учун жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи ўзгартириш киритилмоқда.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.