Бугун Наманган давлат университетида «Ономастик бирликларнинг социолингвистик, этнолингвистик, лингвопоэтик, лингвокултурологик тадқиқи масалалари» мавзусидаги иккинчи халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси томонидан ташкил этилган йирик анжуман тилшуносликнинг ономастик бирликлари – атоқли отларни социолингвистика (ижтимоий тилшунослик), этнолингивистика, лингвопоетика ва лингвокултурология каби замонавий тилшунослик йўналишларида тадқиқ этиш юзасидан соҳа мутахассислари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, муаммо ва долзарб вазифаларни белгилаб олиш ҳамда уларга ечим излаш мақсадида ўтказилди.

Конференцияда Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Андижон, Урганч ва Фарғона давлат университетлари, Самарқанд давлат чет тиллар институти, Қўқон ҳамда Жиззах давлат педагогика университети, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтидан филология фанлари докторлари, профессорлар, фан номзодлари, филология фанлари бўйича фалсафа докторлари, доцентлар, докторантлар ва мустақил изланувчилар иштирок этди.

Энг аҳамиятлиси, анжуманда Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа давлатларнинг олимлари ҳам ўз маърузалари билан қатнашдилар.
Илмий-амалий анжуманнинг ялпи мажлисида сўзга чиққанлар уни ўтказишдан кўзланган мақсад ва мазмун-моҳияти хусусида маълумот бериб ўтдилар. Сўнгра анжуман қатнашчилари «Антропонимиянинг замонавий тадқиқи масалалари», «Топонимия тадқиқи масалалари ва долзарб вазифалар» ва «Ономастик бирликларнинг лингвокултурологик, социолингвистик тадқиқи ва ономастиканинг ўқитиш масалалари» каби учта шўъбаларга бўлинган ҳолда иштирокни давом эттирдилар.

Конференцияда исм, фамилия, лақаб, тахаллус, яъни антропоним, жой номлари – топоним, байрам номлари – геортоним, оммавий матбуот нашрлари: газета ва журнал номлари – гемероним, ҳайвонларнинг номлари – зоонимлар каби ономастик бирликларни замонавий тилшунослик, хусусан, социолингвистик, этнолингвистик, лингвопоетик, лингвокултурологик жиҳатдан тадқиқига бағишланган маърузалар тингланди. Уларда келгусидаги долзарб вазифалар ва уларни амалга ошириш тартиблари муҳокама қилинди.

Илмий-амалий анжуман ишида Наманган давлат университети профессори, филология фанлари доктори Носиржон Улуқов раҳбарлигидаги «Наманган ономастика мактаби»нинг ютуқлари ва тажрибаси алоҳида эътироф этилди.