11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни
Халқимиз эркин ва фаровон ҳаёт, демократик жамият қуриш йўлидан бормоқда. Бу йўлда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ва уларнинг амалий натижаларини таъминлашда касаба уюшмаларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Ўзбекистон касаба уюшмалари узоқ йиллардан буён ишчи-ходимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, уларнинг муаммоларини ижобий томонга ҳал қилиш борасида изчиллик билан фаолият кўрсатиб келмоқда.
Жумладан, Наманган давлат университети касаба уюшма қўмитаси томонидан ҳам ишчи-ходимларнинг касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида муайян ишлар амалга ошириляпти.
Ташкилотимиз жорий йил учун тузилган иш режаси асосида фаолият олиб бориб, бу жараёнда муҳим саналар муносабати билан ходимларни рағбатлантиришга, уларнинг ўз касбига бўлган иштиёқини янада оширишга эътибор қаратилмоқда. Шу йил 8 март – «Халқаро хотин-қизлар куни» муносабати билан университетда фаолият олиб бораётган 498 нафар касаба уюшма ташкилоти аъзолари бўлган аёл ўқитувчилар, ёрдамчи ва хўжалик ходимларига эсдалик совғалари тақдим этилди. Бунинг учун касаба уюшма бюджетидан 49 800 000 сўм маблағ сарф этилди.
Университетнинг маънавият, ёшлар билан ишлаш бўлими ва хотин-қизлар кенгаши билан ҳамкорликда Наврўз байрами, «Хотира ва қадрлаш куни» муносабати билан ҳам тадбирлар ўтказилди. Ушбу тадбирларда жамоадаги фаоллар, фахрийлар ва турли мусобақалар ғолибларига касаба уюшма ташкилотининг турли хил совғалари, бадиий адабиётлар тўплами ва юртимиз бўйлаб саёҳат йўлланмалари топширилди.
Шунингдек, жисмоний тарбия йўналишидаги спорт-соғломлаштириш тадбирлари учун 15 000 000 сўм маблағ 8 дона футбол тўпи, стол тенниси ракеткалари ва шарлари, бадминтон ракеткалари ва воланлар, арғимчоқ, спорт кийимлари ва спорт инвентарлари учун сарф этилди.
Профессор-ўқитувчилар ва ходимларни соғломлаштириш ва дам олишлари учун ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан 13 дона, касаба уюшма ташкилотининг йўлланмалар жамғармаси маблағлари ҳисобидан 60 дан ортиқ санаторий йўлланмалари ва «Океан» сузиш сув ҳавзасидаги машғулотлар учун 100 да ортиқ йўлланмалар олиб берилди.
Ўз навбатида, йил бошидан буён 200 нафардан ортиқ касаба уюшма аъзоларига моддий ёрдам кўрсатилди, 60 дан ортиқ касаба уюшма фаоллари рағбатлантирилди.
Университетимизда 11 ноябрь – «Ўзбекистон касаба уюшмалари куни»га жиддий тайёргарлик кўрилди ва ушбу байрамга бағишланиб, ҳар бир кафедра, бўлим, бўлинма, ректоратга зарур бўлган 18 000 000 сўмлик чойнак-пиёла, қаҳва ичиш учун керамик тўпламлар ҳадя қилинди. Айни байрам куни жамоатчилик асосида фаолият олиб бораётган 8 та факультет касаба уюшма қўмитаси раислари ва НамДУ қошидаги Академик лицей касаба уюшма қўмитаси раиси ва лицейнинг 8 та кафедрасига ҳам худди шундай совғаларни тақдим этишни режалаштирганмиз.
Университет маъмурияти ва касаба уюшма ташкилоти ҳамкорлигида жамоа шартномаси асосида университет ходимларига турли миқдорда байрам пуллари, рағбатлантиришлар бериб келинмоқда. Бу йил давомида 4 мартани ташкил этади ва бунинг учун университетнинг бьюджетдан ташқари топилган маблағлари ҳисобидан 50 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланиши белгиланган.
Яқинда касаба уюшма ташкилоти ташаббуси билан университетда узоқ йиллар фойдаланилганидан сўнг яроқсиз ҳолга келган мебеллар 12 кубометр ўтин тариқасида ходимларга бепул берилган бўлса, университетнинг «Мамай» соғломлаштириш боғида етиштирилган 4 тонна олма ҳосили ҳам қайднома орқали ходимларга бепул тарқатиб берилди.
Фаолиятимиздан университет жамоаси мамнун. Бундан кейин ҳам профессор-ўқитувчилар ва ишчи-ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, иш ҳақи ва мукофотларнинг ўз вақтида берилишида жонбозлик ва ташаббус кўрсатади ҳамда бу борада барча имкониятларни сафарбар этади.
Фурсатдан фойдаланиб, ташкилотимиз аъзоларини «Ўзбекистон касаба уюшмалари куни» билан самимий табриклайман. Хонадонларингизга сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, файзу барака, масъулиятли ва шарафли ишларингизда муваффақиятлар тилайман.
Шермуҳаммад БЕГМАТОВ,
Наманган давлат университети касаба уюшма қўмитаси раиси.