Давлатимиз раҳбарининг “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида йўлга қўйилган спорт мусобақалари йил сайин оммавий тус олиб бормоқда. Бунда “Беш ташаббус олимпиадаси” дастуридаги беллашувларга алоҳида аҳамият қаратиляпти.
Наманган вилоятида олимпиаданинг жорий йилги саралаш баҳсларида 788 маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилаётган 7-30 ёш оралиғидаги ёшларнинг 594 мингдан кўпроғи иштирок этди. Ҳозиргача ўтказилган мусобақалар натижасига кўра вилоят вакиллари 22 та турли даражадаги медалларни қўлга киритди.
Кеча Янги Наманган туманида жойлашган “Паҳлавон“ спорт мажмуасида олимпиаданинг қизлар ўртасидаги волейбол мусобақаси “А“ лига бўйича республика босқичи бошланди. Унинг тантанали очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шуҳрат Алиев, спорт вазири маслаҳатчиси Шарифжон Мўминжонов, Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилноза Каттаханова, Миллий гвардия бошқармаси бошлиғи полковник Ҳамидулла Маматов иштирок этиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган спортчи аёл ва қизларга ушбу мусобақада омад тилади.
— Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларининг қизлар волейбол жамоалари қуръа ташлаш натижаларига кўра баҳсга киришди, — дейди Наманган вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Анваржон Тўйчиев. — Беллашувлар кучли курашлар остида ўтмоқда. Якунда ғолибларни ўзига хос тақдирлов кутмоқда. Фахрли уч ўринни эгаллаган жамоаларга замонавий универсал спорт майдончалари қуриб бериб берилади.
Республика Ички ишлар вазири кубоги учун ўтказилаётган мазкур беллашувлар 8 ноябрь куни ниҳоясига етади.