Шавкат Абдураззақов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 7 ноябрь куни халқ депутатлари Наманган вилояти кенгашининг еттинчи чақириқ биринчи сессияси ўтказилган.
Унда вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси Собитхон Турғуновнинг жорий йил 27 октябрда бўлиб ўтган сайлов якунлари тўғрисидаги ахбороти тингланиб, депутат Солижон Мўминов халқ депутатлари Наманган вилояти кенгаши раиси этиб сайланган.
Шунингдек, маслаҳатлашувда Президент томонидан Наманган вилояти ҳокими лавозимига Шавкат Абдураззақов номзоди кўрсатилганлиги билдирилган. Шундан сўнг Халқ депутатлари Наманган вилояти кенгашининг қарори билан Шавкат Абдураззақов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланган.