Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг Қарори билан умумий овқатланиш, туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига бюджетга тўланган қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш тартиби тўғрисидаги Вақтинчалик Низоми тасдиқланди
«Ҳуқуқий ахборот» каналининг хабар берилишича, вақтинчалик Низомга кўра, 2024 йил 1 октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига — бюджетга тўланган солиқнинг 20 фоизи қайтарилади.
Маълум бўлишича, 2025 йил 1 январдан бошлаб умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига ойлик товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмасининг нақд пулсиз қисми қайтарилади.
Бунда 60 фоиз ва ундан юқори бўлганда — бюджетга тўланган солиқнинг 40 фоизи, 60 фоиздан кам бўлганда — бюджетга тўланган солиқнинг 20 фоизи қайтарилади.
Шунингдек, тадбиркорлик субъекти солиқ ҳисоботини тақдим этгандан сўнг, лекин 3 ойдан кечиктирмасдан солиқнинг бир қисмини қайтариш учун мурожаат қилишга ҳақли.
Солиқнинг бир қисми бир қатор шартлар тўлиқ бажарилганда автоматик равишда қайтарилади:
Биринчидан, ҳисобот даврида солиқ бўйича тақдим этилган солиқ ҳисоботига мувофиқ ҳисобланган солиқ бюджетга тўлиқ тўланганда;
Иккинчидан, ҳисобот даврида умумий овқатланиш, туроператорлик ёки меҳмонхона хизматларини кўрсатиш бўйича умумий товар айланмаси жами товар айланмасининг 90 фоизидан кам бўлмаганда;
Учинчидан, ҳисобварақ-фактураларда ёки назорат-касса техникаси чекларида реализация қилинган товарлар (хизматлар) номенклатураси ҳамда фаолиятининг ўзига хос хусусиятларига ёки амалга ошириладиган турларига мувофиқ бўлган идентификация кодлари акс эттирилган қисмига нисбатан.
Қайд этилишича, вақтинчалик Низом 2028 йил 1 январга қадар амал қилади.